Мустақил ишни тайёрлашда талабаларнинг мавзуга ижодий ёндашуви қўллаб қувватланилади.
“УСТОЗИМ - ҲАЁТИМ ЧИРОҒИ” МАВЗУСИДАГИ МУСТАҚИЛ ИШНИ БАЖАРИШ БЎЙИЧА
ТАВСИЯЛАР
-
Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот,
ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир.
Абдулла Авлоний
|
УСТОЗ
Абдулла Орипов
Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор
Сиз-ку юракларда илк зиё ёққан.
Олимми, шоирми ва ё санъаткор,
Илк бор сизга томон устоз деб боққан
Битта ҳарф дардида риёзат чекиб,
Оқибат кўкка ҳам чиқолган инсон.
Не ажаб сизларни бахтиёр этиб,
Ўрнидан даст туриб, бош эгса шу он.
Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.
Қоплаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан.
Устоз ва мураббийларни хотирлаш 20 йил олдин (1997 йил) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов ташаббуси билан эл-юртимизнинг устоз ва мураббийларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромининг амалий ифодаси сифатида, умумҳалқ байрами 1- октябрь таъсис этилган.
Инсон умрининг энг гўзал лаҳзаларини муҳрлаш, унинг қалбидан жой олган инсонларни ёдга олиш, абадийлаштириш асло ўчмас яхшиликдир. Бундай эзгу ишни амалга ошириш ҳар бир инсоннинг хайрли ишларидандир. Устозни ёд этиш кимгадир армондир, кимгадир рўё. Мустақил ишни айнан ушбу мавзуда ташкил қилишдан:
Мақсад: Талабаларнинг Фалсафа (Этика. Эстетика. Мантиқ) фанларидан олган назарий билимларини амалий ҳаёт билан боғлашга кўмаклашиш, ўз устозлари билан мулоқот қилишга, уларга ҳурмат эътибор кўрсатишга ва устозларнинг улар ҳаётидаги роли ҳақида фалсафий мушоҳада қилишга ундаш ҳамда талабалар онгида юксак маънавий фазилатларни шакллантириш, шунингдек жамиятимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мақомини мустаҳкамлаш ва устозларга бўлган хурмат-эхтиромни ошириш. Талабаларнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар тизимига асосланган ахлоқий нормаларини шакллантириш,уларнинг эстетик дидини тарбиялаш, фикрлашда мантиқий аниқлик, изчиллик қоидаларига амал қилишга ўргатиш ҳамда мустақил изланиш олиб бориш кўникмаларини шакллантириш. Яна бир муҳим мақсад – талабаларнинг ушбу фаолияти орқали университетимиз билан мактаб, лицей-коллежлар ўртасида яхши алоқалар ўрнатиб ўқувчиларни иқтисодчи касбига йўналтириш бўйича ишларни ривожлантириш ва университетга иқтидорли ёшларни жалб этишдан иборатдир.
Вазифа: Ҳар бир талаба ўзи таҳсил олган мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлар ҳамда олий таълим тизимидаги унинг ҳурматига сазовор бўлган ўқитувчи - устозлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар базасини шакллантириш, талабалар ҳаётида йўлчи юлдуз бўла олган, ҳар бир ишда уларга шахсий намуна бўлиб, билим олишга қизиқтира олган устозларнинг энг яхши сифатларини очиб бериш ва қизиқарли, чиройли альбом – тақдимот тайёрлаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |