УСМОНИЙЛАР ИМПЕРИЯСИ ИНҚИРОЗИ
Бир неча султоннинг давлат мавқеи ва нуфузини кўтаришга қилган уринишларига қарамай, ХYII – ХYIII асрлар ХYI асрга нисбатан тушкунлиги билан фарқ қилади.
1571-йил 7-октябрда Усмонийлар флоти Лепанто (Греция) яқинидаги денгиз жангида испан-венеция бирлашган флотидан қақшатқич мағлубиятга учраган. Бу жанг дунё тарихида энг йирик денгиз жангларидан бири ҳисобланади. Мағлубият оқибатида Усмонийлар империясининг Ўрта ер денгизидаги юз йиллик ҳукмронлигига якун ясалган. Иттифоқчиларнинг кучли қуролланган 208 та кемаси Усмонийларнинг 230 ҳарбий кемасини деярли тўлиқ йўқ қилган. Усмонийларнинг:
- ХYI аср охирида Венгрияда - Габсбурглардан;
- ХYII аср бошларида Озарбайжон ва Грузияда - форслардан учраган мағлубияти;
- Анатолия ва Суриядаги қўзғолонлар давлатнинг кучсизланганидан дарак берар эди. Инқирозга шунингдек, молиявий қийинчиликлар ва Анатолиядаги деҳқонлар қўзғолонлари ҳам сабаб бўлган.
Агар ХYII аср бошларида Усмонийларнинг ўн тўртинчи султони, бир вақтнинг ўзида ҳам Австрия, ҳам форслар билан уруш олиб борган Аҳмад I (1603-1617 йй.). Унинг хотини грек миллатига мансуб Анастасия Кўсем номи билан машҳур бўлади. У Аҳмад I давлат бошқарувига кучли таъсир ўтказган. Аҳмад I боболари йўқотган барқарорликка бир мунча эришган бўлса-да, ўғли Усмон II нинг тақдири (1618-1622 йй) фожиали якунланган: 1622-йилда сулола тарихида биринчи марта султон Давут паша томонидан гиж-гижланган яничарлар тарафидан тахтдан туширилиб, ўлдирилган.
Унинг вориси Мурод IY (1623-1627 йй) подшо ҳокимиятини қайта тиклаган, қўзғолонларни бостирган ва империядаги ҳолатни тўғрилаган. Лекин ундан сўнг тартибсизликлар яна бошланган. 1683-йилда Венада Усмонийларнинг Европадаги босқинчилик юришларига узил-кесил хотима қўйган урушдаги мағлубият, Россиянинг Украина ва Қримдаги мувафаққиятлари, Усмонийлар томонидан биринчи марта тузилган самарасиз шартнома давлат мавқеини тушириб юборган.
ХYIII аср Усмонийлар империяси учун хос бўлган уч жиҳат бор. Улар қуйидагилар:
- ташқи муаммолар. Усмонийлар империяси қўшни давлатлар ҳисобланган Россия, Австрия ва Эрон билан доимий уруш ҳолатида бўлган. Бу муаммолар Усмонийларнинг ҳудудий йўқотишларига ва улар нуфузининг тушишига олиб келган;
- Ғарб билан алоқалар ўрнатила бошлаган. Ғарб давлатларининг ривожланиш сабабларини ва техника тарққиётини ўрганиш учун Усмонийлар 1719-1723 - йилларда Европанинг кўплаб давлатларига ўз элчиларини юбора бошлаган. Масалан, Вена, Париж, Москва, Варшава ва б.;
- аскарий ислоҳотлар. Урушлардаги қийинчилик ва мағлубиятлар давлатнинг ички ҳолатига ҳам сезиларли таъсир кўрсатган. Булар давлатнинг асосий тузилмаларида, аввало армия ва флотда ислоҳотлар ўтказиш заруратини туғдирган. Чунки, қўшин кетма-кет жиддий мағлубиятга учраган.
Do'stlaringiz bilan baham: |