Усмонийлар империяси инқирозининг бошланиши
ХYII аср охири – ХYIII аср бошларига келиб империяда турғунлик даври (таваққуф даври) тугаб, инқироз даври бошланган. Бу даврни Туркия тарихида “Рижот даври” деб аталади. ХYIII асрдан бошлаб Усмонийлар империяси илгари эгаллаган ҳудудларини бирин-кетин йўқота бошлайди. Бунинг сабаби бир томондан, Европа мамлакатларидаги иқтисодий ривожланиш туфайли ҳарбий ва сиёсий салоҳиятнинг ўсиши, иккинчи томондан, Усмонийлар давлатида юз бераётган чуқур иқтисодий инқироз.
Давлатнинг иқтисодий инқирози унинг сиёсий ва ҳарбий тушкунлигини ҳам тезлаштирган. Иқтисодий қийинчиликлар туфайли турк армиясининг ҳарбий қудрати асосини ташкил этувчи сипоҳийлар (отлиқ қўшин) сони 200 минг кишидан 20 минггача, яъни ўн баравар камайиб кетган. Бунинг оқибатида армияда асосий ролни яничарлар ўйнай бошлаган. Маълумки, яничарлар босиб олинган христиан ерларидан зўрлик билан олиб келинган болалардан тарбияланган аскарлар бўлган. Бу мунтазам пиёда қўшин Султон Мурод I томонидан 1365-йилда тузилган эди. Улар фақат ҳарбий хизмат учун мўлжалланган бўлиб, оила қуриши, бошқа касб-ҳунар билан шуғулланиши қатъиян тақиқланган эди. Яничарлар давлат хазинасидан катта миқдорда маош олган, яничарбоши султоннинг энг ишонган кишиси ҳисобланган. Лекин вақт ўтиши билан яничарлар корпусида катта ўзгаришлар юз берган.
ХYIII аср бошларига келиб яничарлар оила қуриш ва бошқа касб билан шуғулланиш ҳуқуқини олган. Улар орасидаги темир интизом йўқолган ва яничарлар ичидан жуда катта имтиёзларга эга бўлган ҳарбий аристократия шаклланган. Шу даврдан бошлаб яничарлар сарой тўнтаришларининг ҳаракатлантирувчи кучи ва бош иштирокчисига айланган. Улар ҳарбий ислоҳотларга ва янгича армиянинг шаклланишига қарши бўлган. Бу ҳол Усмонийлар ҳарбий қудратининг янада заифлашувига олиб келган.
1664 йили турклар Сентготхард (Венгрия) шаҳри яқинида австро-венгрия қўшинлари билан бўлган жангда мағлубиятга учрайди. Бироқ ўзини ўнглаб олган турклар Австрияга қарши янгидан уруш бошлаган ва 1683-йилда Венани қамал қилади. Шу пайт австрияликларга ёрдамга келган Польша қироли Ян Собеский туркларга қақшатқич зарба бериб, мағлубиятга учратади. Бу мағлубият тасодифий бўлмаган. Аслида Усмонийлар империясида бошланиб кетган ижтимоий-иқтисодий инқирознинг матиқий натижаси эди.
1703-йили империя тахтига ўтирган Аҳмад III (1703–1730 йй) таҳдид солаётган инқирозни бартараф қилиш, ҳеч бўлмаса уни бироз кечиктириш учун дастлабки ислоҳотларини амалга оширган. Бу давр Туркия тарихида “Лола даври” деб аталади. Ислоҳотчилик ҳаракатининг асосий ташаббускори Дамат (куёв) Иброҳим Пошо бўлган. У 1718-йили Бош Вазир лавозимини эгаллагач, Усмонийлар давлатидаги ислоҳотларнинг нафақат ташаббускори, балки раҳбарига айланган. Буни Иброҳим Пошо ислоҳотлари инқирозни тўхтатгани билан қиёслаш мумкин. Агар тарихда империялар инқирози унинг асосчиси вафот этгандан бошланиб жуда тез барҳам топган бўлса, Усмонийлар империясида ХYII асрда бошланган инқироз ХХ асргача давом этиб, Туркия Республикаси ташкил топиши билан якунланган, деган хулоса бериш мумкин.
1711-йили турклар Россиядан - Азовни, 1714-йили Венециядан - Моравияни қайтариб олган. Лекин 1716-йилда бошланган ҳарбий ҳаракатлар ва туркларнинг давомли мағлубиятлари вужудга келган муваффақиятли ҳолатнинг ўткинчи эканлигини, инқирознинг муқаррарлигини кўрсатиб беради. Усмонийлар ва Австрия ўртасидаги 1716- ва 1718-йиллардаги урушлар 1718-йил 21 июлда имзоланган Пожаревац (Сербия) тинчлик шартномаси билан якунланган. Шартномага кўра усмонийлар Кичик Валахия, Баната, Темешвара, Босниянинг шимолий қисми ва Сербиянинг бир қисми бўлган Белграддан маҳрум бўлган.
1718-йил 27 июлда Австрия ва Усмонийлар ўртасида имзоланган савдо шартномасига кўра, австрияликлар шу пайтгача Усмонийлар ҳудудига олиб келинган савдо маҳсулотларини сотиш учун амал қилган 5 % лик бож тўловларини 3 % га тушиширишга эришган.
Юзага келган тушкунлик оқибатида мамлакатда норозилик кучайган. Иброҳим Пошо аҳолини тинчлантириш мақсадида маданий ислоҳотларни амалга ошира бошлаган. Лекин 1722-йилда Эрон билан бошланиб кетган уруш бунга имкон бермаган ва мамлакатнинг иқтисодий аҳволини янада оғирлаштирган.
1730-йилда Истамбулда собиқ матрос Патрон-Халил бошчилигида қўзғолон кўтарилган. Қўзғолончилар томонидан султон Аҳмад III тахтдан ағдарилиб, Иброҳим Пошо қатл қилинган. Тахтга келган Усмонийлар вакили Маҳмуд I 1731-йилда қўзғолонни шафқатсизлик билан бостирган, Патрон-Халил тарафдорлари қатл қилинган. Бош вазир лавозимига Хумбарачи (замбаракни ўқловчи маъносида) Аҳмат Пошо ўтирган. У қўшинни ислоҳ қилишни давом эттирган. Бироқ Аҳмат Пошонинг бу ҳаракати яничарларнинг қаттиқ норозилиги ва қаршилигига учраган.
1730-йилда Эрон билан уруш бошланган ва у 1736-йилгача давом этган. Туркиянинг аҳволини янада оғирлаштирган ҳолат шу эдики, ҳали Эрон билан уруш ҳаракатлари тугамасдан, 1735-йилда Австрия билан Россия ҳам Усмонийларга қарши уруш эълон қилган.
1736-йилда Усмонийлар Табриз ва Ҳамадоннинг Эронга ўтганлигини тан олади. Европадаги уруш ҳаракатлари натижасида Белград Усмонийлар империяси таркибига ўтган бўлса-да, 1739-йилдаги Белград шартномасига мувофиқ Запорожье ва Азов Россияга ўтган.
Туркларнинг Европадаги ҳукмронлигига 1768–1774 - йиллардаги Россия-Туркия уруши катта зарба берган. Уруш Усмонийлар мағлубияти билан якунланган. 1774-йили имзоланган Кучук Қайнаржа шартномасига мувофиқ Усмонийлар Болқон мамлакатларидаги ҳукмронлигини сақлаб қолган, холос. Усмонийлар ўз тарихида илк бор Россияга товон тўлаш мажбуриятини ва Қрим хонлигининг мустақиллигини тан олади.
1774-йилда тахтга ўтирган Султон Абдулҳамид I (1774–1789 йй) ҳукмронлик қилган йиллари ҳам Россия-Туркия муносабатларидаги асосий муаммо Қрим муаммоси эди. 1783-йилда Россия Қримни расман ўз ҳудудига қўшиб олган. Бу Усмонийлар империясидан тортиб олинган ислом динига эътиқод қилувчи ва туркий тилда сўзлашувчи илк давлат эди. Қримнинг Россияга қўшиб олиниши ўзини ислом динининг халифаси деб эълон қилган султоннинг обрўсига путур етказган ва империянинг ички аҳволини янада оғирлаштирган. Империянинг турли ҳудудларида султонга қарши кайфият кучайган.
Султон Абдулҳамид I Англия ва Швециянинг гиж-гижлаши билан ва мавжуд оғир аҳволдан чиқиш мақсадида 1787-йилда Россияга уруш эълон қилади. Россиянинг иттифоқчиси бўлган Австрия дарҳол туркларга қарши урушга киради. Натижада, турклар иккита фронтда уруш олиб боришга мажбур бўлади. Бунинг устига урушнинг дастлабки кунлариданоқ Туркия армиясининг урушга тайёр эмаслиги кўриниб қолган эди. Суворов қўмондонлигидаги рус қўшинлари 210
Факшан, Римник ва Исмоил қалъаси ёнидаги жангларда турк қўшинларини мағлубиятга учратади. Уруш ҳаракатлари шундай давом этаётган бир пайтда Султон Абдулҳамид I вафот этиб, тахтга унинг жияни Султон Салим III келган.
Do'stlaringiz bilan baham: |