II. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш 12. Ўн саккиз ёшга тўлган ва муомала лаёқатига эга бўлган, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш бўйича илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкин, агар у:
а) чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;
б) яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз беш йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса. Ушбу шарт Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳда бўлган ва никоҳ тузилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмуш ўртоғи билан биргаликда узлуксиз уч йил давомида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан татбиқ этилмайди;
в) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
г) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
д) давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.
13. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига умумий тартибда қабул қилиш юзасидан мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ шаклдаги илтимоснома билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома;
яшаш гувоҳномаси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси;
никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (мавжуд бўлса);
илтимосномада ариза берувчи боласини кўрсатиб ўтган тақдирда, боланинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва яшаш гувоҳномаси (мавжуд бўлса), бунда ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган боланинг нотариал тартибда тасдиқланган розилиги олинади;
тирикчиликнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (жисмоний шахснинг даромади ҳақидаги маълумотнома, солиқ инспекциясидан берилган жисмоний шахснинг даромади бўйича солиқ декларацияси, иш жойидан ойлик иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома, пенсия тайинланганлиги ҳақида маълумотнома, алимент тўланиши ҳақида маълумотнома, кредит ташкилотига қўйилган маблағи мавжудлиги ҳақидаги ҳисобварағи кўрсатилган ҳолда берилган маълумотнома, ариза берувчи кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг даромадлари ҳақида маълумотнома, шунингдек, бошқа қонуний даромадларини тасдиқловчи ҳужжат);
давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.
Давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билишини тасдиқловчи ҳужжат ваколатли орган томонидан идоралараро маълумот алмашинуви тизими орқали олинади.
14. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қуйидаги шахсларга нисбатан давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур бўлган даражада билиш шарти татбиқ этилмайди:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида умумий ўрта таълимдан кам бўлмаган даражада таълим олган шахслар (тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади);
60 ёшга тўлган шахслар;
муомала лаёқатига эга бўлмаган шахслар (ишончли вакили томонидан ушбу шахс муомала лаёқатига эга эмаслиги ёки муомала лаёқати чекланганлиги ҳақида қонуний кучга кирган суд қарори тақдим этилади);
I гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар (ногиронликни тасдиқловчи маълумотнома тақдим этилади).
15. Илтимосномани қабул қилган масъул ходим уч иш куни ичида илова қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлигини ва тўғри расмийлаштирилганлигини ўрганиб чиқади ҳамда сўровномага ўзининг лавозимини кўрсатган ҳолда имзо қўяди.
Ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган тартибда тақдим этилган барча ҳужжатлар кетма-кетликда материалга тикилади ва уни расмийлаштираётган ходимнинг имзоси билан тасдиқланган ҳолда ҳужжатлар ички рўйхати тузилади.
Материал муқовасида ариза берувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, тартиб рақами ва бошқа маълумотлар (қабул қилинган сана, сақлаш муддати) кўрсатилади.
16. Сўровномада кўрсатилган маълумотлар уч иш куни ичида «E-Fuqaro» ИМБга киритилади, материаллар эса Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларига юборилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармалари масъул ходими ўн иш куни ичида маълумотлар «E-Fuqaro» ИМБга тўғри киритилганлигини текширади, шахсга нисбатан текширув талабномасини шакллантириб, манфаатдор вазирлик ва идораларга юборади.
Материаллар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига (кейинги ўринларда — Ички ишлар вазирлиги) юборилади.
Манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан келиб тушган текширув талабномаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини қабул қилишга тўсқинлик қилувчи материалларнинг мавжудлиги ёки йўқлиги бир ой муддатда кўриб чиқилиб, «E-Fuqaro» ИМБга маълумот киритилиши орқали муносабат билдирилади.
«E-Fuqaro» ИМБда текширувдан ўтиб, якунланган талабномага мувофиқ текширув варақаси Ички ишлар вазирлигининг масъул ходим томонидан чоп этилади.
Материаллар ва текширув варақаси асосида бир ойлик муддатда хулоса тайёрланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ёки унинг ўринбосарларидан бири томонидан тасдиқланади.
Хулосада ариза берувчи томонидан тақдим этилган ва амалга оширилган текширув якуни бўйича (текширув варақасидаги маълумотлар асосида) унинг ўзи ҳамда яқин қариндошлари ҳақида маълумотлар кўрсатилади.
Текширув варақаси ва хулоса келиб тушган материалга илова қилиниб, умумлаштирилган ахборот-маълумотнома билан бирга кўриб чиқиш учун Комиссияга юборилади.
Ахборот-маълумотномада:
туғилган санаси ва жойи, миллати, маълумоти, оилавий аҳволи, фарзандлари, яшаш жойи;
яқин қариндошлари ва уларнинг фуқаролиги;
умумий ўрта ва олий таълим муассасаларида таълим олган даври;
Ўзбекистон Республикасига келган ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган санаси;
меҳнат фаолияти;
пенсияга чиқиш санаси ва ногиронлик гуруҳи (агар мавжуд бўлса);
агар шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигидан чиққан ёки фуқароликни йўқотган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони санаси ва рақами;
муқаддам фуқароликка қабул қилиш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги бўйича маълумот (агар кўрилган бўлса);