Тиббиёт муассасаларини молиялаштиришнинг турли усулларидан фойдаланишнинг жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, БТСЁК муассасалари учун энг мақбул ҳақ тўлаш механизми жон бошига қараб ҳақ тўлаш ёки ҳар бир бириктирилган яшовчига жон бошига қараб тамойили бўйича молиялаштириш ҳисобланади. Бирламчи бўғин хизматига ҳақ тўлашнинг бу схемаси тиббий ёрдамни молиялаштиришнинг бутун тизимини рағбатлантиради.
Унинг моҳияти шундаки, мамлакат ёки алоҳида ҳудудлар даражасида бир йилда бир киши оладиган тиббий хизматнинг муайян тўпламига харажат меъёрлари ёки берилган йилда хизмат кўрсатиладиган участкадаги ҳар бир киши оладиган ўртача хизматларнинг режалаштирилган қиймати ҳисоблаб чиқилади. Муассаса бюджети бу меъёрни бириктирилган аҳоли сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Энг содда усулда жон бошига белгиланган меъёр ҳамма ҳудудлар учун ва ҳар бир алоҳида тиббиёт муассасаси учун бир хил ўртача миқдор ҳисобланади (масалан, Фарғона вилоятидаги учта туманда тажриба бошида – 1999 йил 367 сўм). Лекин ҳар бир ҳудуд ўзига хос хусусиятларга эга. Экологик ва эпидемиологик ҳолат бошқа жойларга нисбатан ёмон, болалар ва қариялар улуши жуда юқори бўлган, аҳоли бир биридан узоқ жойлашган кичик аҳоли пунктларида яшайдиган, транспорт тармоғи эса яхши ривожланмаган ҳудудлар бор.
Бу шуни билдирадики, бундай ҳудудларда бир кишига хизмат кўрсатиш, бундай шароитлар яхши бўлган жойдаги аҳолига нисбатан қимматроқ тушади. Шунинг учун, мураккаброқ даражада, жон бошига белгиланган меъёр аҳолининг жинсий ва ёш таркибини, жуғрофий ва бошқа шароитларни ҳисобга олади.
Республиканинг тажрибавий туманлари учун молиялаштириш ва бошқаришнинг модели қуйидагиларни кўзда тутади:
1. Барча тажрибавий туман ва муассасалар учун ягона жон бошига белгиланган меъёрни ҳисоблаш. У ўз ичига жорий харажатларни-барча ходимларга иш ҳақи тўлаш, иш ҳақи устига қўшиб ҳисоблаш, маъмурий ва хўжалик харажатлари, дори-дармон, боғловчи материаллар ва тиббий асбобларни сотиб олиш харажатларини олади. Қимматбаҳо ускуналарни сотиб олишга, капитал таъмирлаш ва капитал қурилишга, аҳолининг имтиёзга эга қатламларига дори-дармонларни ажратиш харажатларини жон бошига белгиланган меъёрга киритилмайди.
2. Ҳар бир БТСЁКМ умумий бюджет, яъни моддалар бўйича тақсимланмаган умумий маблағлар миқдорини олади. Бу бюджет жон бошига белгиланган меъёрни БТСЁКМга бириктирилган аҳоли сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади.
Жон бошига қараб молиялаштириш меъёрини ҳисоблаш услуби. Ислоҳотларнинг бошланишида молиялаштириш ва бошқаришнинг янги механизмини жорий этишдаги энг масъулиятли пайт молиялаштиришнинг жон бошига белгиланган меъёрини аниқлаш бўйича ишлар ҳисобланади. У БТСЁК муассасасини молиялаштириш тўғрисидаги Муваққат низом асосида, бириктирилган бир кишига ҳисобида ҳисоб-китоб қилинди. Бу низомга мувофиқ, бир йилда бир кишига молиялаштириш меъёри вилоят бўйича ўртача қуйидаги формула бўйича ҳисобланади:
(1) ЖБММ=ВССБ : Аҳоли. х %ХУ
бунда
ЖБММ – жон бошига қараб молиялаштириш меъёри;
ВССБ – вилоят соғлиқни сақлаш бюджети;
Аҳоли – вилоят аҳолиси сони;
%ХУ – ҳисобот йили даражасида туманлар бюжетидан БТСЁК муассасалари харажатларининг ўртача улуши.
Мисол: 1999 йилга Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бюджети (ВССБ - 5132487 минг сўм) вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят молия бошқармаси томонидан, 1.01.1999 йилга аҳоли сони (Аҳоли - 2627,3 минг киши) – вилоят статистика Департаменти томонидан белгиланган тартибда аниқланган.1
Энг қийин жараён 1998 ҳисобот йилида туманнинг соғлиқни сақлашга умумий харажатларида (ёки ТМК бюджетида) БТСЁК муассасалари харажатларининг ўртача улушини ҳисоблаш бўлди (%ХУ). Фарғона вилоятининг барча 16 туманида, ҳар бир ТМКдан 1998 йилда ҚВП, ҚВА, ФАПлар, ҚБКлардаги амбулаторияларнинг амалдаги харажатлари тўғрисида маълумотлар танлаб олинган эди. Бу маълумотлар фақат жорий фаолиятга харажатларни: иш ҳақи, ижтимоий фондларга ажратмалар, коммунал харажатлар, жорий таъмирлаш харажатлари, дори-дармон ва боғлов материаллари, юмшоқ инвентар сотиб олишга, болалар нафақасига ва имтиёзларга харажатларни ўз ичига олади. Капитал харажатлар – капитал таъмирлаш, қимматбаҳо жиҳозлар ва инвентарлар сотиб олиш, капитал қурилиш учун харажатларни, шунингдек имтиёзли дори-дармонларга ҳақ тўлаш харажатлари улар жон бошига белгиланган меъёрга киритилмаганлиги учун ҳисобга олинмаган.
Қишлоқ жойларида соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинининг барча харажатларини тўлиқроқ ҳисобга олиш учун ахборот молиялаштиришнинг барча манбалари бўйича, туман бюджети, вилоят бюджети, корхоналар маблағлари, ҳомийлик ва инсонпарварлик ёрдамлари ҳам киритилган ҳолда тўпланган. Бироқ якуний ҳисоб-китоб учун асосан туман бюджетидан харажатлар тўғрисидаги маълумотлар олинди. Фақат баъзи ҚВА ва ФАПларнинг корхоналар маблағлари ҳисобидан қопланган коммунал харажатларигина истисно қилинди.
1 жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |