Нам тўплаш мақсадида суғориш. Ўзбекистоннинг текислик минтақасида, айниқса, жанубий минтақаларда куз, қиш ва эрта баҳор ойларида ёғин сувларининг кам (120–200 мм/йил) ва буғланишнинг кўп бўлиши экиш даврида тупроқда намликнинг етарлича тўпланмаслигига ва бунинг оқибатида уруғнинг бир текисда тўлиқ униб чиқмаслигига сабаб бўлади. Тупроқ намлигини етарлича бўлишини таъминлаш учун нам тўплаш мақсадида суғориш (яхоб бериш, запас суғориш) ўтказилади. Бундай суғориш натижасида тупроқнинг табиий намлиги ортади, қийғос кўчатлар олинади, мавсум давридаги биринчи суғоришни 5–6 кунга кечиктириб ўтказишга шароит яратилади, суғориш сони камаяди, пахта ҳосили 2–4 ц/га. га ошади.
Нам тўплаш учун суғоришларни сизот сувлари ер юзасига яқин (1–1,5 м) жойлашган ерларда ўтказиш тавсия этилмайди.
Суғоришлар ўтказилган ерларда бегона ўтлар жадал униб чиқади ва улар культивация ўтказилганда нобуд бўлиб, ўсув даврида уларнинг миқдори кескин камайиб кетади.
Нам тўплаш учун суғоришнинг қулай муддатлари бўлиб февраль ва март ойининг бошлари ҳисобланади. Суғориш махсус олинган эгатлар орқали ёки йўлаклаб ёппасига бостириб ўтказилади. Мевали боғларда эски эгатлар ёки йўлаклар орқали амалга оширилади.
Енгил механик таркибли тупроқларда 1,5–2 м. ли қатламни намиқтириш учун суғориш меъёри 1000–1200 м3/га, ўртача – 1200–1600 ва оғир тупроқларда 1800–2000 м3/га атрофида белгиланади.
Экишдан олдин суғориш. Жанубий иқлим минтақасидаги пахта етиштириладиган ерларда тупроқ намлиги ЧДНС га нисбатан 50–56%гача камайиб кетади. Чигит экилгандан кейин уруғ суви бериб, уларни ундириб олиш қатор камчиликларга эга: уни ўтказиш жуда мураккаб ва сермеҳнат; суғориш натижасида тупроқ устида пайдо бўлган қатқалоқни юмшатишда ўсимликларнинг бир қисми зарарланиб, нобуд бўлади; суғоришда иш унумдорлиги жуда кам (сменада 0,5 гектаргача) ва бошқалар. Шу сабабдан бундай ерларда экинни экишдан олдин суғориш катта аҳамият касб этади. Экишдан олдин суғоришдан асосий мақсад – бу тупроқ намлигини экиш даври учун қулай даражада таъминлаш ҳамда уруғни бир текисда ва қийғос ундириб олиш учун қулай шароит яратишдир.
Ишлаб чиқариш амалиётида суғоришлар экишдан 10–12 кун олдин оралиғи 60 ёки 90 см бўлган 16–18 см чуқурликда олинган эгатлар орқали ёки йўлаклаб ёппасига бостириб ўтказилади.
Суғориш меъёри тупроқнинг механик таркиби ва намлигига боғлиқ ҳолда 0,7–1,0 м қатламни намиқтириш учун қумли, енгил қумоқ ва ўртача қумоқ тупроқларда 1000–1200 м3/га, оғир механик таркибли бўз тупроқларда 1500–1600 м3/га. ни ташкил этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |