Шўр ювиш. Марказий Осиёда тупроқлар шўрланишига қарши қўлланиладиган муҳим агромелиоратив тадбир – бу шўр ювишдир. Шўр ювишда тупроқнинг ҳисобий қатламидаги тузлар чуқур қатламларга ювиб туширилади ва зовурлар орқали сизот сувлар билан биргаликда чиқариб юборилади. Экинлардан мўл ҳосил олиш учун у ёки бу даражада шўрланган барча тупроқлар экинни эккунга қадар тузлардан ювилган бўлиши лозим.
Б.В.Фёдоров тупроқни шўрсизлантиришда қўлланилувчи профилактик суғориш ва шўр ювишларни ажратиб кўрсатди. Профилактик суғориш ҳозирча шўрланмаган, лекин уни олдини олиш мақсадида махсус суғориш ўтказилмаса шўрланиб қоладиган ерларда қўлланилади. У ҳар йили кузда тупроқнинг ЧДНС дан бир мунча юқори меъёрда ўтказилади. Шўр ювиш сифатини оширишда қуйидаги агротехник тадбирлар – тупроқни шўр ювишга тайёрлаш сифати, шўр ювиш муддати ва усуллари, шўр ювиш меъёрларининг аҳамияти каттадир. Яхши текисланган ва шудгор қилинган ерларда шўр ювиш самарадорлиги юқори бўлади.
Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятларида шўр ювиш 1–10 декабрь ва қўшимча равишда февраль охиридан 1–10 апрелгача, Мирзачўл ва Фарғона вилоятларида 25–31 декабргача, Бухоро, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида 15–20 январгача ўтказиш яхши натижалар беради.
Тупроқ шароитларига боғлиқ ҳолда шўр ювиш турли усулларда олиб борилади: кучсиз шўрланган енгил механик таркибли тупроқлар эски эгатлар орқали ёки йўлаклаб бостириб ювилиши мумкин; кучли ва ўртача шўрланган оғир туп-роқлар чек олиб бостириб ювилиши шарт. Чек олиб бостириб ювиш оқова чиқармасдан, чекдан чекка сув ташлаш ёки қисман оқова чиқариш йўли билан ўтказилади.
Чеклар турли катталикларда олинади: енгил, яхши сув ўтказувчан тупроқларда 0,05–0,08 га, ўртача – 0,10–0,15 ва оғир тупроқларда 0,20–0,25 га. ни ташкил этади. Шўр ювишда чеклар 15–20 см чуқурликда сув билан бостирилади (у 1500–2000 м3/га. ни ташкил этади). Умумий шўр ювиш меъёри катта бўлганда шўр ювиш бир неча босқичда олиб борилади.
Зовурлаштирилган шароит учун шўр ювишнинг умумий меъёри А.Е.Нерозин (1957) таклиф этган қуйидаги ифода ёрдамида ҳисобланади:
М = (П – m) + S / k + n – A,
бу ерда М – шўр ювишнинг умумий меъёри, м3/га; П – тупроқ ҳисобий қатламининг чегаравий дала нам сиғими, м3/га; m – шўр ювиш арафасида шу қатламдаги сув захираси, м3/га; (П–m) – тупроқнинг чегаравий дала нам сиғимигача намлаш учун зарур бўлган сув миқдори, м3/га; S – тупроқнинг ҳисобий қатламидан ювилиши лозим бўлган хлор миқдори, м3/га; К – сувнинг шўр ювиш қобилиятини кўрсатувчи коэффициент, кг/м3; n – шўр ювишдан экин экишгача бўлган даврда сувнинг буғланиши, м3/га; А – шу даврда тушадиган ёғин миқдори, м3/га; S/k - тузларни сиқиб чиқариб юбориш меъёри, м3/га.
Тупроқдан ювилиши лозим бўлган хлор миқдори қўйидаги ифода ёрдамида ҳисобланади:
S = 100 ∙ h ∙ d ∙ (z – z1) ∙ 1000,
бу ерда z – шўр ювиш арафасида тупроқдаги хлор миқдори, %; z1 – шўр ювишдан кейин тупроқда қолдирилиши рухсат этилган хлор миқдори,%; 1000 – тонна ҳисобидаги хлор миқдорини килограммга айлантириш учун кўпайтувчи.
Зовурлаштирилмаган шароит учун шўр ювишнинг умумий меъёри И.Ф.Музичик таклиф этган қуйидаги ифода ёрдамида аниқланади:
M = П – m + [(H – H1) / ] ∙ 10000,
бу ерда М – шўр ювишнинг умумий меъёри, м3/га; П – тупроқнинг чегаравий дала нам сиғими, м3/га; m – шўр ювишдан олдинги тупроқдаги сув захираси, м3/га; Н – шўр ювишдан олдинги сизот сувлар чуқурлиги, м; Н1 – шўр ювишдан кейин сизот сувларнинг кўтарилиши рухсат этиладиган чуқурлик, м; – сизот сувлар кўтарилган баландликни шу кўтарилишга олиб келувчи сув қатламига нисбати; (Н–Н1)/ – сизот сувларнинг йўл қўйиладиган кўтарилиш қатламини шу кўтарилишни таъминловчи сув қалинлигига нисбати, м; [(H–H1)/]∙10000 – тузларни ювиб чиқариш меъёри, м3/га.
Ишлаб чиқариш амалиётида кучсиз шўрланган енгил қумоқ ва қумлоқ тупроқлар бир марта 1500–2000 м3/га, ўртача шўрланган оғир қумоқ тупроқлар 2–3 марта умумий 3000–5000 м3/га ва кучли шўрланган оғир соз тупроқлар (зовурлаштирилган шароитда) 3–4 марта 6000–9000 м3/га умумий меъёрларда ювилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |