11-расм. Углерод солиғини ишлаб чиқиш босқичлари ва дизайн вариантлари ўртасидаги боғлиқлик
Хусусан, углерод солиғини жорий қилиш уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг иқтисодий, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак фискал инструментларидан фойдаланиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар йўл харитаси тузиб олиниши лозим. Бу босқичда фискал сиёсатнинг экологик йўналтирилганлигига кўпроқ эътибор қаратиш талаб этилади. Углерод солиғи билан бир қаторда унга муқобил бўлган вариантларни ҳам кўриб чиқиш мақсадга муфовиқдир. Давлат ўз стратегик мақсадларини аниқлаб олгач, уларга ҳамоҳанг равишда иқтисодий шу жумладан солиқ ва бюджет сиёсатини ҳам олиб боради. Углерод солиғини жорий қилиш юзасидан қарор қабул қилиш эса мана шу мақсадларга эришиш йўлидаги биргина элемент ҳисобланади. Аммо ҳозирги глобаллашув ва саноатлашув жараёнида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш аллақачон деярли барча мамлакатларнинг энг муҳим мақсадларидан бирига айланиб улгурди. Турли мамлакатлар атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашишнинг иқтисодий инструменти сифатида ҳар хил усуллардан фойдаланиб келишмоқда. Жаҳон амалиётида энг кўп оммалашган усуллардан эмиссиялар савдо тизими ҳамда углерод солиғини мисол келтиришимиз мумкин бўлади. Углерод солиғини жорий қилишни ўйлаган ҳукумат албатта бошқа муқобил усулларни ҳам таҳлил қилиши ва қайси усул миллий шароитларга кўпроқ мос келишини ўрганиши керак. Биринчи босқич натижасида углерод солиғи бошқа усулларга нисбатан устунликка эга бўлса, иккинчи босқичда углерод солиғи дизайнини ишлаб чиқиш керак бўлади. Хусусан, солиқ дизайни деганда солиқ базаси, солиқ ставкаси, солиқ маъмурчилигига мансуб бўладиган давлат органлари, солиқ тушумларидан самарали фойдаланишнинг усуллари ва солиқни жорий қилиш натижасида содир бўлиши мумкин бўлган ташқи таъсирларни олдини олиш чора-тадбирлари режаси тушунилади. Сўнгги учинчи босқичда эса тайёр бўлган солиқ дизайнини амалиётга татбиқ этиш ҳаракатлари бошланади ва такрорий равишда солиқ сиёсати баҳоланиб ҳамда такомиллаштириб борилади.
Углерод солиғини жорий қилиш жараёнининг энг муҳим босқичи 2-босқич бўлиб, унинг таркибий элементлари юзасидан қабул қилинган қарорлар ўзаро таъсир кучига эга. Масалан, углерод солиғи қайси соҳаларни қамраб олиши тоғридан-тўгри углерод солиғи ставкасига таъсир ўтказади. Бундан ташқари, солиқ базаси ва ставкаси солиқ тушумларини беглилаб берганлиги сабабли, улардан қайси йўналишда фойдаланишга ҳам қисман таъсир ўтказмай қолмайди. 2-босқич таркибий қисмларининг ўзаро таъсирларини юқоридаги графикнинг пастки қисмида тўлиқ кўриш мумкин.
Технологик инқилоб натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши қисман бартараф этилган бўлсада, ХИХ аср охирлари ва ХХ аср бошларидаги саноат инқилоби давридан бошланган глобал экологик бузилиш тенденцияси ҳали-ҳануз юқори суръатларда давом этиб келмоқда. Шунинг учун охирги ўн йилликларда кўпгина ривожланган ва айрим ривожланаётган мамлакатлар ҳам атроф-муҳит ўзгаришларига қарши курашишнинг фискал воситаларидан фойдаланишни амалда синаб кўрмоқдалар. Ҳозирги кунга келиб бу борада дунёда энг кўп тарқалган усуллардан бири углерод солиғини қўллаш бўлиб, дунёнинг қарийб 64 та мамлакатида мазкур солиқни жорий қилиш ҳаракатлари аллақачон бошлаб юборилган.