Умумтаълим фанларини ўзлаштириш даражаси
Мамлакатимизда ўқувчиларнинг умумтаълим фанларини ўзлаштириш даражасини янада яхшилаш муҳим вазифалардан бири.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ҳужжат бўлди.
Шу ўринда савол туғилади: умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш бизга керакми? Албатта. Чунки миллат келажаги ёш авлод қўлида бўлиб турган бир пайтда уларнинг эртанги куни, таълим-тарбиясига эътибор ҳар қачонгиданда долзарб. Бу борада эртамиз эгаларининг фанларни ўзлаштириш даражасини билиш, салоҳиятини баҳолаш, қизиқишини аниқлаш муҳим аҳамият касб этади.
Қарорга асосан, айнан ўқитиш сифати ва ўқувчиларнинг салоҳиятини баҳолаш мақсадида “Билим ва кўникмаларни баҳолаш маркази” нодавлат таълим ташкилоти ташкил этиш кўзда тутилган. Марказ зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилган:
– халқаро эътироф этилган баҳолаш методикасидан келиб чиққан ҳолда, умумтаълим мактабларида таълим сифатини баҳолашнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш;
– умумий ўрта таълимда берилаётган билим ва кўникмалар сифатини тизимли баҳолаш учун назорат ишлари материалларини ишлаб чиқиш;
– таълим сифатини баҳолаш бўйича дастурий маҳсулот ишлаб чиқиш;
– Ўзбекистон Республикаси таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари ва муассасалари буюртмасига кўра саралаш, қабул қилиш ва якуний имтиҳонларни ўтказиш;
– таълим муассасаларида педагогик фаолият олиб бориш ҳуқуқини берувчи таълим лицензиялари ва сертификатларини жорий этиш.
Шунингдек, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш, ўқувчиларнинг қизиқишларини аниқлаб, уларни мустақил фикрлашга ундаш, таълим тизимидаги ютуқ ва камчиликларни аниқлаш, ўқитувчиларнинг ўз фаолиятига ўзгартиришлар киритишини таъминлаш, ота-оналарга фарзандларининг ўзлаштириш даражаси ҳақида маълумот бериш марказнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.
Бунда баҳолаш тизими қандай самара беради?
Билим ва кўникмаларни баҳолаш ўқувчиларнинг ўқишга онгли равишда муносабатда бўлиш, онгли интизом, қийинчиликларни енгиш, ўзида метин иродани ўстириш, атрофдагиларига нисбатан талабчан бўлишни ўргатади.
Умумтаълим мактабларида ўқувчилар ўзлаштирган билимларини баҳолаш, уларни ўқув дарсликларида берилган материалларни пухта ўрганиб олишларига ва фанларга қизиқишини орттиради.
Ўқувчи ва ўқитувчиларнинг билими ва бажарган ишларидаги камчиликлари сезилиши натижасида мазкур камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланади. Айнан бу жараёнда ўқувчилар кенг фикр юритишга, ўқув материалларини асослашга, мулоҳаза юритиш ва исботлашни ўрганадилар.
Бу билан ўқувчи билимидаги камчиликларни тўлдиришга, ҳар бир масаланинг асл моҳиятини англашга, материалларни тушунишга кенг имконият яратилади. Ўқувчининг ўқишга иштиёқи ва нутқининг ўсиш даражаси ўрганилади.
Таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчининг фаолияти уйғунлиги таъминланади. Ўз билимининг бошқалар томонидан ҳаққоний ва тўғри баҳоланишига ишонч хосил қилган ўқувчида таълим олишга бўлган қизиқиш янада ортади.
Ҳозирда ўқитувчилар ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолашда кийинчилик ва муаммоли вазиятларга дуч келмоқда, чунки улар эски усуллардан фойдаланади. Яъни баҳолаш оддийгина савол ва жавоб тарзида олиб борилиши ўқувчиларнинг фанга бўлган қизиқишини сусайтиришга сабаб бўлади.
Баҳолаш ўқувчида ўзлаштириш савияси неча фоиз эканлигини кўрсатиб беради. Нафақат ўзлаштирганлик савиясини, балки таълим олувчилар ичида иқтидорли ва қобилиятли ўқувчиларни аниқлашда ҳам муҳим омил саналади.
Бошланғич синфдан бошлаб таълим сифатини ва билимни баҳолаш боланинг интеллектуал имкониятларини рўёбга чиқаришга асос бўлади. Ўқитувчидан ҳам тинимсиз изланишни, янги технология ва методлардан фойдаланишни чуқур ўзлаштиришни талаб этади.
Дарҳақиқат, ўқувчилар билимини баҳолашнинг анъанавий тизими бир қанча нуқсонларга эга эканлиги сир эмас. Шундай экан, уни янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда нафақат илғор педагогик маҳоратга эга ва баҳолаш мезонларини ҳам яхши ўзлаштирган, балки креатив фикрлай оладиган ўқитувчиларга эҳтиёж ошиши ҳеч кимга сир эмас.
Билим ва кўникмаларни баҳолаш натижасида дарсликдаги материалларнинг қайси бири осон ёки қийин ўзлаштирилиши аниқ бўлади. Ўқувчи ўз хоҳишига монанд дарсга ижодий тайёргарлик кўради. Қайси ўқув материаллари қониқарлилиги билинади.
Ўқувчиларнинг дарсликда кўрсатилган материалларни тушуниши, англаши, амалда қўллай олиши ва ўз билимига танқидий баҳо бериш даражаси аниқланади. Нафакат ўқувчининг, балки ўқитувчининг ҳам кучли ва кучсиз томонлари, билим салоҳияти ва камчиликлари аниқланади.
Мана шу йўлдан оқилона ва тўғри фойдаланилсагина, ўз-ўзидан умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш ва давлат намунасидаги сертификатни олиш учун тест топширган ҳар бир абитуриентда ижобий ва яхши кўрсаткичлар бўлишига эришилади. Тестлар уларнинг дарс жараёнида ўқиган ва интеллектуал имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилса, юқори самарадорликка эришилади.
Таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини энг самарали метод ва воситалар ёрдамида назорат қилиш ҳамда баҳолаш муҳим аҳамиятга эга.
Баҳолаш тизими орқали ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришида бўшлиқлар ҳосил бўлишининг олди олинади. Жаҳон ёшлари билан тенгма-тенг рақобатлаша оладиган, кучли билим ва тафаккурга эга авлод шаклланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |