23-§. ШАМОЛНИНГ ГЕОЛОГИК ИШИ
Ер шарида хавонинг харакат қилиш сабаблари «Атмосфера» темасида айтиб ўтилди. Емирилган жинсларни бир жойдан иккинчи жойга олиб борувчи куч шамолдир. Шамол Ер шарининг ҳамма ерида, қуруқлиқда ҳам денгизда хам бўлади.
Шамолнинг геологик иши асосан: дефляция (учириш), аккумуляция (тўплаш) ва коррозия —емириш, (ўйиш, силлиқлаш) дан иборат.
Дефляция. Шамол текис ерлардаги жинсларни учирибгина қолмасдан, барча ўнқир-чўнқирларга, қоя тошларнинг ҳамма қаватларига кириб бориб, емирилган майда жинсларни ҳам учириб кетади. Бу ҳодиса—дефляция дейилади. Дефляция сўзи латинча дефляцио бўлиб, учириш демакдир. Шамол тоғ жинслари дарзларига, ковакларига кириб, бунда механик, физик, химиявий процесслар натижасида майдаланган жинс бўлакларини ўзи билан учириб кетади. Дефляция ҳаракати тоғ жинслари қатламларининг (айниқса горизонтал ҳолда ётганини) ён томонларида емирилган доналарни ажратиб учиради, натижада ҳар хил шакллар минорасимон, стол, устун, қурбақа салласи (зонт) га ўхшаш шакллар ҳосил бўлади. Дефляция процесси бўш ва юмшоқ жинслар тарқалган дашт, чўл районларда айниқса тараққий этган. Бу ерларда «мўъжиза» шакллар кўп учрайди.
Дефляция процесси юқорида айтганимиздек, чўл ерларда катта кучга эга бўлибгина қолмай, денгиз ёки дарёларнинг бўш қумли майда чўкиндиларини учириб кетади. Масалан, Ўрта Осиёнинг баланд Помир, Тяншань тоғларидан бошланувчи Амударё ва Сирдарёни текис ерларига келтириб ташлаган аллювиал жинслари шунчалик кўпки, улар гоҳо тўпланиб дарё ўзанини тез-тез ўзгаришига сабаб бўлади, Қизилқум ва Қорақум чўлларида палеозой эрасида ҳосил бўлган гранит жинслари ва мезозой эраси денгизида ҳосил бўлган бўшоқ цементланган қум, гил ва оҳактош ётқизиқлари очилиб қолган жойлар учрайди. Дефляция процессида юқорида айтиб ўтилган аллювиал ва бошқа жинслар емирилади, майда доначаларни шамол учириб кетади ва у жойларда ҳар хил шакллар ҳосил бўлади. Ер юзасига яқин жойлардаги бўшоқ жинсларни шамол учириб кетади, унинг ўрнида ҳовузсимон рельеф ҳосил бўлади. Бундай жойлар э о л (шамол) қ о з о н и деб аталади. Бундай чуқурликларда ёғинларнинг тўпла-нишидан вақтинча кичик-кичик кўллар ёки ботқоқликлар ҳосил бўлиши мумкин. Кўпинча чўлларда бундай жойларда лойқа тўпланиб, ёзда қуриб қолиб ёрилиб-ёрилиб кетади ва бу ерлар т а қ и р деб аталади.
Қумларнинг учирилиб узоқ ерларга олиб кетилиши шамол кучига боғлиқ. Шамолнинг кучи секундига 6,5 м бўлса, у диаметри 0,25 ммли доначаларни учириб кетади. Агар шамолнинг кучи секундига 10 м га етса диаметри 2 мм, 20—25 м га етса, диаметри 4—5 мм бўлган қумни учириб кета олади, Кучли бўрон кўтарилганда шамолнинг тезлиги секундига 40—50 ва ҳатто 70 м га етади, бундай пайтда у шағалларни ҳам ўзи билан бирга учириб кетади, дарахтларни синдириб юборади. Африка чўлларидан шамол учирган чанг-тўзонлар 200—300 км масофагача: Ўрта депгиз кирғоғидан Италия, ҳатто Германия территориясигача учиб боради. Бундан ташқари, ҳавонинг исиб кетишидан вужудга келадиган қуюн секундига 10—20 м тезликда харакат қилиб қум, чанг-тўзонларни осмонга учириб кетади
Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистон республикаларининг жанубий районларига Афғонистондан эсувчи шамол (Афғон шамоли) ҳар йили кўп миқдорда кум доначаларини ва чангни келтиради. Афғон шамоли эсганда Қуёш юзини кўриб бўлмайдиган даражада атмосферани чанг қоплаб олади.
Маълумки, атмосферанинг юқори қисмида шимолдан жанубга томон эсувчи оғир совуқ ҳаво массаси Помир, Тяншань, Копетдоғ ва бошқа тоғлардан ошиб, жануби-ғарбга тушиб тоғ этакларида Афғон шамолини вужудга келтиради.
Коррозия (латинча—corrasis) силлиқлаш, ўйиш, текислаш демакдир. Шамол учирган қум доначалари қаттиқ тоғ жинсларига урилиб, уларнинг шамолга қараган томонини қиради, ўяди, силлиқлайди. Шамолнинг ана шу бажарган геологик ишига коррозия дейилади. Шамол учириб бораётган қум одатда Ер юзасидан 2—3 м баландда бўлади. Шунинг учун коррозия қоятошларнииг тагини кўпроқ ўяди. Чўлларда учрайдиган айрим қояларнинг шаклини қўзиқоринга ўхшаб қолиши ва горизонтал жойлашган жинслардан тузилган қолдиқ шаклининг супага ўхшаш бўлиши ана шундандир.
Шамол қум доначаларини тўхтовсиз қаттиқ куч билан тоғ жинсларига олиб бориб уриши натижасида уларда 1,5—2 м келадиган чуқурчалар ҳосил бўлади. Юмшоқ жинслар орасидаги тошларни эса шамол очиб, тозалаб кетади. Коррозия қаттиқ чўкинди жинсларни (охактош, қумтош) ўйиб, кичик-кичик чуқурчалар ҳосил қилади, баъзан бундай жинслар жуда жимжимадор ғалвирак бўлиб қолади.
Ниҳоят, шамол олиб келган қумлар чўллардаги тошларни емиради, силлиқлайди. Тошларнинг шамол ялаб ўтадиган икки томонидан текис юза ҳосил бўлиб, бу юза тош устида туташади. Бу икки юза тошнинг таги, яъни учинчи юза билан бирга уч қиррали призма ҳосил қилади. Бундай қиррали тошлар дрейкантерлар дейилади. Баъзан гилли ва лёссимон жинслар устида шамол бир томонга ҳаракатланишидан чуқурлиги 1—2—6 м ли узун-узун параллел ариқлар пайдо бўлади. Улар я р д а н г деб айтилади.
Чўллар икки хил: қуруқ қаттиқ тошли ва қумли бўлади.Коррозия процессидан силлнқланган тошлар ва дефляциядан қолган тошли чўллар. Қуёш нурида куйиб қизаради, кораяди. Бундай тошлар таркибидаги темир, марганец элементлари унинг сиртига чиқиб, эркин кислород билап реакцияга киришади ва куйган пўстни (корька загара) ҳосил қилади. Корька загарани Қизилқум, Африкадаги кварцит, роговик, Сахрои Кабирдаги гранит жинсларида учратиш мумкин.
Аккумуляция деб шамолнинг коррозия, дефляция процесслари маҳсулотини бир жойга келтириб тўплашига айтилади. Дашт, чўл зоналарида тўпланган қум уюмлари (бархан) денгиз соҳилидаги дюналар, тоғ оралиғи ва тоғ олдидаги лёсс ҳамда лёссимон жинсларни аккумуляцияга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Дашт ва чўлларда шамол таъсирида ҳосил бўладиган ётқизиқлар - (барханлар) қуруқлик ётқизиқлари бўлиб, улар ўзига хос хусусиятлари билан бир-биридан фарқ қилади.
Дашт ва чўлларда шамол қумларни ўсимликлар ва бошқа кичик тўсиқларга урилиб тўпланишидан қум уюмлари вужудга келади. Бундай шакллар барханлар дейилади, у чўл чеккаларида ёки кичик дашт-чўлларда учрайди. Барханларнинг шамол эсадиган томони ётиқ, шамолга қарши томони тик ва икки ёни қанотсимон бўлади, қиялиги 10—15° га тенг. Улар одатда тўп-тўп ёки бир неча қатор тизилган ҳолда учрайди. Барханларнинг баландлиги 2 м дан 30 м гача,баъзан, 50—60 м гача етиши мумкин. Барханлар силжиб ҳам туради. Масалан, 1 йилда ўрта ҳисобда 2—10 м гача, баъзан катта чўлларда Саҳрои Кабирда 100—150 м гача силжийди. Барханлар шамолнинг йўналишига қараб гоҳ шимоли-шарққа, гоҳ жануби-ғарбга ҳаракатланади, ана шунга кўра унинг яримой шакли ҳам гоҳ у, гоҳ бу томонга қарайди. Шунинг учун чўллардаги қум қатламлари қийшиқ, линзасимон кесувчи шаклда бўлиб, шамол эсадиган томонда қум зарраларининг нисбатан каттароғи, майда зарралари эса ён томонида ва энг тепасида қолади. Қум устида ҳосил бўлган майда тўлқинсимон шакллар саёз денгиз соҳилидаги қум ётқизиқларида сув тўлқини вужудга келтирган шаклларга бир оз ўхшайди, бундай тўлкинсимон шакллар р я б л а р деб аталади. Шамолнинг узунасига тўғри эсиши кўпинча узун марзасимон қум уюмларини ҳосил қилади. Уларнинг баландлиги 5—10 мга етади, баъзан катта чўлларда 200 м гача бўлиши мумкин. Денгиз, кўл ва дарё соҳилларига тўлқин чиқариб ташлаган қумларни шамол учириб, куруқлик ичкарисига олиб кетиши ва соҳил бўйлаб ётқизиши мумкин.
Денгиз ва дарё бўйида пайдо бўладиган қум тепалари д ю н а л а р дейилади. Бархан ва дюналарнинг қумлари бетартиб қат-қат бўлади. Дюналарнинг шамол эсган томони ётиқ, шамолга тескари томони эса тикроқ бўлади. Дюналарнинг баландлиги 20—25 м гача, баъзан катта денгиз (океанлар) соҳилида 50 м гача етиши мумкин. Улар ҳам силжиб, бир йил ичида 100 м дан 200 м гача йўл босиши мумкин, СССР территориясида дюналар Балтика,Оқденгиз ва Днепр ҳамда Дон дарёсининг қуйи оқимидаги соҳил бўйларида учрайди. Дюналар ва барханлар ҳаракати натижасида экин майдонлари, баъзан ахоли яшайдиган қишлоқ ва ўрмонлар кум остида қолиб кетиши мумкин. Экинзорларни, темир йўлларни қум босиб кетмаслиги учун уларнинг атрофида иҳота дарахтзорлари вужудга келтирилмоқда Фарғона водийси марказидаги бир неча минг гектар чўл қумдан тозаланиб, ўзлаштирилди.
Шамол келгарган ётқизиқлар эол ётқизиқлари деб аталади. Эол ётқизиқлари ўз хусусияти ва шакли билан бошқа чўкинди жинслардан фарқ қилади. Даштларда ҳосил бўлган эол қум ётқизиқларининг қавати кесик кўринишда қийшиқ, ётиқ, линзасимон, горизонтал, қия ва бир-бирига қарама-қарши ётувчи қат-кат шаклни ҳосил килади. Қум доналарининг диаметри 0,5—0,01 мм бўлади.
Эол ётқизикларига кумдан ташқари, табиатда кенг тарқалган лёсс (соз тупроқ) ҳам киради. Лёсс сарғиш ёки оч сариқ рангли, кальций карбонатга бой майда донадор чўкинди тоғ жинсидир. Лёсс майда чанг заррачаларидан (диаметри 0,05—0,005 мм) ва бир оз гил заррачалардан (диаметри 0,005 мм дан кичик) ташкил топган. Лёсс жинслар жуда ғовак ва синганда тик ажралувчи қатламсиз структурага эга. Лёсс Хитой, Ўрта Осиё, Ғарбий Сибирь Шимолий Кавказ ва Украинада айниқса кенг тарқалган. Лёсснинг қалинлиги бир неча ўн метрга етади.
Лёсснинг қандай шароитда вужудга келиши ҳозирча аниқланмаган. Бироқ лёсс шамолнинг геологик иши натижасида хосил бўлган деган фаразлар кўпроқ тарқалган. В. А. Обручев (1925—1930) лёсснинг таркиби ва хоссалари тўғрисидаги маълумотларни эътиборга олиб, лёсс шамолнинг иши натижасида ҳосил бўлган деган фикрни кўпроқ илгари сурган. У лёсс чўллардан келган чангларнинг тўпланиши натижасида қуруқ даштларда хосил бўлади, деб ҳисоблайди. Чанглар тупроқ ҳосил бўлиш процесси ва ер пўстининг устки қисмларида бўладиган бошқа процесслар натижасида ёпишқоқ жинсга айланади. Лёссда пуин, сукинкей каби қурукликда яшовчи моллюскаларнинг чиғаноқлари ҳатто йирик сут эмизувчи ҳайвонлар суякларининг учраши, унинг сувда змас, қуруқликда вужудга келганлигидан дарак бераи.
Академик Л. С. Берг (1947) лёсс ҳосил бўлиши тупроқ ҳосил бўлиши билан боғлиқ деган гипотезани яратди, у лёсс қуруқликдаги, сувдаги майда заррали чўкиндиларнинг континентал иқлим шароитда нураши ва тупроқка айланиши натижасида вужудга келган, деб тушунтиради.
Баъзи бир олимлар (Н. П. Васильковский, 1942—1948) лёсснинг музлик даврнинг куруқ ва ссвуқ иқлим шароитида вужудга келган муз ётқизиқлари, деб ҳисоблайди.
Ғ. О. Мавлонов кўп йиллар давомида антропоген давр ётқизиқларини мукаммал текшириб, лёсснинг таркиби ва хусусияти тўғрисида куйидаги хулосага келди:
1) ранги сарғиш ёки оч малласимон сариқ бўлади; 2) серғовак (ғоваклиги 44-59%), текисликда ҳосил бўлган лёссда зарраси майда — диаметри 0,01 мм дан 0,25 мм га етади; 3) унда кальций ва магний карбонатлари кўп — 5% дан ортиқ. бўлади; 4) лёсс қатламларида шағал линзалар, майда тошлар ва кум бўлмайди; 5) гранулометрик таркибида бир хил чангсимои фракциянинг кўплиги (50% ни ташкил этади), 10% га якин қисми 0,005 мм диаметрли зарраларидан иборат эканлиги билан характерланади. Энг йирик зарраларнинг диаметри 0,25 мм бўлади; 6)лёсс қатлами ўпирилганда тик жар ҳосил қилади; 7) сувда узоқ вақт турса чўкади; 8) сув ўтказиш хусусияти юқори даражада; 9) таркибидаги тузлар цементлаш хусусиятига эга бўлганлиги сабабли лесс куриганда қаттиқ бўлиб, ҳўл бўлганда эса тез ивиб, лойга айланади; 10) таркибида тез эрийдиган тузлар кўп бўлади.
Қумли чўллар шамолнинг геологик иши натижасида Ер шарида Африка, Австралия, Ўрта Осиё ва бошқа жойлардаги кенг майдонларда учрайди. Масалан, қум чўли Африкада 1 млн. км2, Қозоғистон ва Ўрта Осиёда 800 минг км2 майдонни ташкил этган. Лёссимон ётқизиқлардан ташкил топган чўллар ҳам қумли чўлларга ўхшаб иссиқ минтақаларда шамол фаолиятидан ҳосил бўлади. Бундай жинсларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши тўғрисида академик В. А. Обручев (1928) биринчи бўлиб асослаб берган. В. А. Обручев фикрига кўра, лёсс чўллари тог ёнбағрига яқин жойларда кенг тарқалган бўлади. Масалан, Ўрта Осиёда кадимги Мирзачўл, Қарши чўли, Устюрт, Бетпакдалалар шулар жумласидандир.
Тақир чўллар. Ўрта Осиёда кенг тарқалган. Қорақум, Қизилқум чўллари орасидаги пастқам жойлар вақтинча оқар сувлар келтирган майда гилни чанги заррачаларидан тўлиб текис яланглик ҳосил бўлган. Бу жойлар ниҳоятда кўп буғланиш туфайли ёрилиб кетган ва текисликдан иборат бўлиб, ўсимликлар ўсмайдиган тақирлар пайдо бўлган. Тақирни ташкил қилган жинсларда органик модда бўлмайди. Тақирлар дашт чўл чеккасидаги. ясси тоғлардан ошиб келиб қуйилувчи вақтинча оқар сувлар этагида ҳам ҳосил бўлади. Масалан, Копетдоғ тоғлари шимолий ён бағридаги Қорақум чўлида учрайдиган тақирларни кўрсатиш мумкин. Шўр ёки шўрхок чўлларнииг ҳосил бўлиши 2 хил бўлади: биринчиси қуриб қолган кўллар ўрнида, маоалан Сариқамиш (Қорақумнинг ғарбида) илгари кўл бўлган ҳозир эса қуриб тузлар гил билан бирга юмшоқ ўсимликсиз шўр жойни ҳосил қилган. Бу жойлар бирмунча текис, пастқам жой бўлиб, шўр тупроқнинг қалинлиги 1—2 м га боради, баъзан унинг тагида гил жинси ётади. Иккинчи хил шўрхок ерлар ер ости сувлари яқин бўлган жойлардаги чўл оралиғида ҳосил бўлади. Бунда ер ости сувлари буғланиб кетиб тупроқ орасида ош тузлари кристалланиб юмшоқ шўрхок ерларни ҳосил қилади. Айрим жойларда ош тузи ўрнида гипс минерали хосил бўлади. Бундай ҳодиса Устюртнинг айрим пастқам жойларида буғланиш натижасида пастки қатламдаги сульфат тузлари минералларининг устки қатламига чиқиб серғовак гипсли жойларни ҳосил қилади.
Чўлларнинг геологик тузилишини ўрганишнинг ахамияти. Ҳозирда чўлларнинг геологик тузилишини, улардаги бўлган процессларни, ётқизиқларни ўрганиш, ердаги қадимги даврларда ҳосил бўлган ётқизиқларни ўрганишга ва бўз ерларни ўзлаштиришда катта ёрдам беради.
Чўлларни ўрганиш у ерларда ҳосил бўлган қум, туз, гил ва лёссимон жинсларни ҳосил бўлиш сабабини аниқлашга, улардан фойдаланишга имкон беради. Чўлларни ташкил қилган ётқизиқларнинг геология ва гидрогеологиясини ўрганиш қишлоқ хўжалигида фойдаланишда аҳамияти каттадир. Бундан ташқари чорвачилик, пахтачиликни ривожлантиришда Ўрта Осиёда, жумладан, Туркманистон, Ўзбекистон чўлларини ўзлаштириш хўжаликда катта амалий ахамиятга эга эканлигини Қарши чўли мисолида кўриш мумкин. Келгусида дашт ва чўлларни ўзлаштириш, Иртиш дарёсини Жанубга олиб келиш учун биринчи галда шу ерларнинг геологик тузилиши ва гидрогеологиясини пухта ўрганиш талаб қилинади.
Фарғона водийсининг ғарбидаги энг тор (10—25 км) оралиқда, Ленинободга ўтишда Бекобод шамоли эсади. Бу шамол Конибодом билан Қўқон шахарлари атрофида хаво сиқилиши туфайли Ленинобод орқали ғарбдан шарқка (баъзан, аксинча) кучли эсади. Шамолнинг тезлиги бу ерда 30—40 м.сек га етади, баландликда 52 м/сек бўлади. Шу даражада қаттиқ эсадиган шамол таъсирида дарахтлар, хатто машина хам ағдарилган вақти бўлган. Шамол 3000 км2 майдонга қаттиқ таъсир қилган. Қум, тупроқларни учириб олиб кетган.
Масалан, Ленинобод ва Конибодом шаҳарлари жанубидаги Қоратов олдидаги адирда тўпланган тўртламчи давр шағал тошлари (қалинлиги 800—1000 м) орасида лёссимон (созтупрок) жинсларнинг йўклиги бу ерда млн йилдан бери шамол бўлиб турганлигидан дарак беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |