ТППКнинг умумий масалалари
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк куниданоқ Республика Ҳукумати ёш авлоднинг соғлиғи, таълим ҳамда тарбияси масалаларига жиддий аҳамият бериб келмоқда. Ушбу ишларнинг амалий ечими бевосита узлуксиз таълим тизими бўғини - мактаб билан боғлиқ.. Чунончи, “2004-2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонида жамиятни ислоҳ қилиш ва янгилаш жараёнининг энг муҳим бўғини, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг, иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг, республикани жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувининг зарурий ва мажбурий шарти сифатида таълим соҳасида ислоҳ қилиш сиёсати изчиллик билан амалга оширилаётганлиги ҳақида алоҳида таъкидланади. Олиб борилаётган ислоҳотлар тиббий-педагогик психологик ташхис марказ (ТППТМ)лари фаолиятини ҳам такомиллаштиришни назарда тутади.
Истиқлол даврига қадар ногирон болалар таълим-тарбияси ёпиқ мавзу ҳисобланиб, асосан улар “ўқитиладиган” ва “ўқитилмайдиган” лар тоифасига табақалаштирилар эди.
Ҳозирги кунда махсус таълим тизимига “аномал”, “нуқсонли ”, “эшитиш нуқсони”, каби атамалар ўрнига “алоҳида ёрдамга муҳтож”, “эшитмайдиган”, “ривожланишида четга чиқишлари мавжуд” атамалари кириб келди. Бу ҳол бундай болаларнинг реабилитация, коррекция, ижтимоий ҳаётга мослашувлари ва интеграциялашув (уйғунлашув) лари масалаларига бўлган муносабатларнинг ўзгаришига олиб келди.
“Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури ”, “Таълим тўғрисида” ги Қонун, улар асосида ишлаб чиқилган УЎТДС ва “Бола ҳуқуқлари ҳақида Конвенция”, шунингдек, БМТнинг “Ногиронлар ҳақида Қонун”, “Ақли заиф шахслар ҳуқуқлари ҳақида ”, “Ногиронлар ҳуқуқлари ҳақида ” қонунлари ҳамда юқорида таъкидланганидек, ногиронликка бўлган замонавий ёндошувлардан келиб чиққан ҳолда алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болаларни ташхис қилиш ҳамда таълимнинг янги (муқобил) йўналишларини танлаб олиш борасида янгиланув жараёни бошланди. Чунки узлуксиз таълим тизими соҳасида иш самарадорлигининг сифат кўрсаткичи, энг аввало, у ёки бу жиҳатдан алоҳида ёрдамга муҳтож бўлган болалар эрта ташхисининг ва унга асосан таълим турини белгилашнинг тўғри йўлга қўйилиши омили билан боғлиқ.
Республикамизда алоҳида ёрдамга муҳтож бўлган болалар ташхиси ва ижтимоий ҳаётга уйғунлашувларининг омили бўлган – у ёки бу кўриниш мактабига йўналтириш ҳамда тавсия қилиш масалалари билан шуғулланувчи тиббий-педагогик психологик комиссия (ТППК) ва тиббий-педагогик психологик ташхис марказ (ТППТМ)ларида кўпгина ҳолларда дефектолог-мутахассисларнинг етишмаслиги жойларда ишларнинг оқсашига сабаб бўлмоқда. Чунки ташхис методикаси ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаслик бола билан олиб борилиши лозим бўлган коррекцион-педагогик иш тизимининг нотўғри белгиланишини келтириб чиқаради.
Ушбу маъруза матнлари замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда тузилган бўлиб, ўз таркибига ўзига хос ривожланишнинг 4 йўналиши: нутқ ривожланишидаги четга чиқишлар (логопедик), эшитишни ўрганиш (сурдопедагогик), кўришни ташхис қилиш (тифлопедагогик) ва ақлий ривожланишдаги баъзи ўзига хосликларни ўрганиш методикаларини ёритиб беришни назарда тутади..
Маъруза матнларининг асосий мақсади ТППТМлари психолог ҳамда дефектологлари малака ошириш курси тингловчиларини алоҳида ёрдамга муҳтож бўлган болаларни ташхис қилиш усул, йўл ва воситаларига оид билим ва кўникмалар билан қуроллантиришни назарда тутиб, жойлардаги иш самарадорлигини кўтаришга қаратилган. Чунки айнан ташхиснинг тўғри ва ўз вақтида қўйилиши алоҳида ёрдамга муҳтож бўлган боланинг ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамиятга эрта уйғунлашувини таъминлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |