Key words: National herbarium (TASH), Tamarix L., Baisun botanical-geographical region, flora, herbarium
Кириш. Ўзбекистон миллий гербарийси – 1,5 миллиондан ортиқ ўсимлик намуналари сақланадиган, Марказий Осиёдаги энг йирик гербарий ҳисобланади. Дунёда расман рўйхатдан ўтган ва ўзига логотип олган 4 мингдан ортиқ гербарий бор. Шундан 3700 таси катта гербарий ҳисобланади. Шу 4000 га яқин гербарий орасида Ўзбекистон миллий гербарийси турларининг хилма-хиллиги жиҳатдан етакчи ўттизталикка киради. Ўзбекистон миллий гербарийси Марказий Осиё ҳудудидан йиғилган гербарийлар бўйича дунёда 1-ўринда туради.
Ўзбекистон миллий гербарий фондида (TASH) қатор тадқиқот ишларига олиб борилганига қарамай, ҳозирги кунгача Бойсун ботаник-географик районида (ББГР) тарқалган Tamarix L. туркуми турларининг гербaрий намуналари таҳлил қилинмаган. Тадқиқотлар давомида Бойсун ботаник-географик районида тарқалган Tamarix L. туркуми турларининг Ўзбекистон Миллий гербарий (TASH) фондида сақланаётган намуналари таҳлил қилинган.
Тадқиқот объекти ва методлари.Тадқиқот объекти - Миллий гербарийси (TASH) фондида сақланаётган Tamarix L. туркум турларининг Бойсун (БГР) худудидан терилган намуналари.
Tamarix L. туркуми каталоги А.Л.Тахтаджан системасига мувофиқ тузилди[1]. Гербарий намуналарининг географик кординаталари Google Earth дастури бўйича аниқланди. Мавжуд гербарий намуналарининг ботаник-географик районлар бўйича таҳлилини акс эттирувчи ГАТ (Геоахборот моделлаштириш тизими) хариталари ArcGIS 10 дастуридан фойдаланган ҳолда тайёрланди. Гербарий ёрлиқларидаги маълумотлар асл кўринишида берилди. Мавжуд гербарий намуналарининг ботаник-географик таҳлили Tojibaev & al. (2016) томонидан ишлаб чиқилган схема асосида келтирилди[2].
Олинган натижалар ва уларнинг таҳлили.Ўзбекистоннинг ботаник-географик районлаштиришда Бойсун ботаник географик райони Ғарбий-Ҳисор округи таркибига киритилган. Бойсун ботаник-географик райони (БГР) Бель-Аути тоғининг сувайриғич қисмидан Ялангтуш довони орқали Чўлбаир тоғининг сувайриғич қисмигача, Ваҳшивор дарё ҳавзасининг бошланиш қисмидаги Лукка, Ваҳшивор қишлоқлари орқали Ҳисор-Дарваз округи билан, жануби-шарқдан эса Вахшивор қишлоғидан Ҳалқажар дарёси ҳавзасининг ўрта қисмидаги паст текисликларда жойлашган Ҳовуз қишлоғи орқали Омонхона қишлоғигача, ундан сўнг Омонхонадан Бойсун шаҳри орқали автомобил (М-39) йўли билан Дарбанд қишлоғигача бўлган масофада Сурхон-Шеробод ботаник-географик районлари билан чегарадош[3].
Tamarix L. – туркуми TamaricaceaeLink. оиласи таркибига киради. Туркумнинг дунё миқёсида 100 га яқин тури тарқалганлиги эътироф этилсада[4], тур сифатида уларнинг 57 таси қайд этилган[5].
Туркум бўйича дастлабки маълумотлар 1753 йилда К.Линнейнинг “Species plantarium” асарида келтирилган[6]. Мазкур асарда дастлаб Tamarix gallica ва T.germanica турлари келтирилган. Туркум турларини систематика ва тарқалиши борасида қатор тадқиқот ишлари олиб борилган. Хусусан, туркум борасидаги дастлабки монография 1852 йилда А. Бунге томонидан ёзилган бўлиб, дунё бўйича туркумнинг 51 турига тавсиф берилган[7].
Навбатдаги тадқиқотлар 1926 йилда Г. Арендт томонидан олиб борилган бўлиб, муаллиф ўз асарида туркумнинг 63 тури тўғрисида маълумотлар келтирган. Шуни алоҳда таъкидлаш лозимки, мазкур рўйҳатда туркумнинг Ўрта Осиёда ўсадиган 7 тури тўғрисида маълумотлар келтирилмаган. Муаллиф бу ҳолатни, Ўрта Осиёда ўсувчи туркум вакиллари тўғрисида батафсил маълумотларга эга эмаслиги билан изоҳлаган[8].
Tamarix L. – туркуми турлари асосан бута ва қисман дарахт ҳаётий шаклига эга бўлган ўсимликлар ҳисобланади. Ўсимликнинг бўйи 3-8 м, поясининг диаметри 25-30 см гача боради. С.А. Никитиннинг таъкидлашича, мазкур ўсимликнинг туркум турларининг илдиз системаси кучли ривожланган бўлади[9]. Масалан: T. elongata, T. laxa, T. ramosissima, T. Meyeri турларида ён илдизлар 10 м гача етади. Барглари майда тукли, редуксияланган бўлиб, новдаларда кетма-кет жойлашган. Tamarix нинг гуллари шингил ва рўвак тўпгулларда йиғилади[10]. Маълумотларга кўра, T. laxa май ойининг охирларида, T. hispida эса июль ойида гуллайди. Гуллаш жараёни T. laxa да 15-20 кун, T. hispida да эса 22-25 кунгача давом этади. Ф.Н. Русанов фикрича T. florida турида энг кўп 30 кунгача гуллаши аниқланган[11]. Tamarix турларининг гуллаш жараёни бевосита об-ҳавонинг келиши билан боғлиқ. Tamarix туркум турлари энтомофил ўсимликлар бўлиб, ҳашаротлар ёрдамида чангланади. Унинг уруғлари кўсакчаларда ривожланади ва ўртача катталикда етилади. Tamarix мевалари бир уяли уч бўлакчали ва кўп уруғли (50-60 тагача) бўлади.
Бойсун ботаник-географик райони ва унга чегарадош бўлган худудлар ўзига хос флористик таркибга эга. Бу ерда олиб борилган дастлабки тадқиқотлар 1875 йилда Н.А. Маев томонидан олиб борилган. Сўнгги йилларда Бойсун ботаник-географик райони флорасини комплекс таҳлили амалга оширилган. Хусусан 2011-2017 йилларда О.Т.Тургинов томонидан Бойсун флорасининг кенг қамроқли таҳлили амалга оширилган. Тадқиқотлар давомида мазкур худудда 89 оила 524 туркумга мансуб 1564 тур келтирилган. Мазкур рўйхат таркибида Tamarix L. туркумининг 8 тур қайд этилган.
Туркум вакиллари қатор олимлар томонидан тадқиқ этилган. Асосий коллекторлар сифатида М.Г.Попов, Т.И. Цукерваник, А.И. Введенский, Н.А. Меркулович, С.Н. Кудряшов, М.М. Набиев, Л.И. Попова ва бошқа олимларни эътироф этиш мумкин.
Тадқиқотлар давомида Бойсун худудидан терилган гербарий намуналари таҳлил қилинди. Олинган натижалар таҳлили шуни кўрсатадики, мазкур худуддан 8 тур иштирокида 29 та гербарий намуналари терилганлиги қайд этилди (1-расм).
1-расм. TASH фондида сақланаётган Tamarix L. турлари (Бойсун)
Tamarix L. Бойсун (БГР) бўйлаб тақсимланиши Ўзбекистон Миллий гербарийси (TASH) фондида сақланаётган гербарий намуналарининг ёрлиқлари асосида амалга оширилди. Туркум турлари бўйича терилган дастлабки гербарий намуналари 1927 йилда Попов томонидан, Tamarix bungei Boiss. намуналари йиғилган. Навбатдаги тадқиқот ишлари Меркулович томонидан 1931 йилда амалга оширилган. Мазкур худудда олиб борилган охирги тадқиқотлардан бири О.Т.Тургинов томонидан амалга ошириилган бўлиб, 2012 йилда муаллиф томонидан Tamarix laxa Willd. тури Юқори Мачай худудидан йиғилган (1-жадвал).
1-жадвал
TASH фондида сақланаётган гербарий намуналари (ББГР)