Миллий ўзликни англаш реал ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, сиёсий, маданий-маърифий асосларда шахс онгида қарор топади ва у ирода билан боғланиб, амалий ҳаракат тусига киради. Чунончи, миллий ўзлигини англаган шахслар ҳозирги тарихий шароитда мамлакат хаётининг барча соҳаларидаги салоҳиятини кўтариш заруриятини англаб, етади.
Ёшлар қалби ва онгига миллий ўзликни англаш туйғуларини чуқур сингдириш, миллий ғурурни тарбиялаш масаласи энг долзарб вазифадир. Ушбу вазифа билан узвий боғлиқ бўлган муаммо - ёшларда фаол гражданлик позитсиясини шакллантириш, ҳаётга онгли муносабат, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш туйғусини оширишдир.
Биринчи Президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, «Эркин фуқаро маънавиятини, озод шахсни шакллантириш масаласи олдимизда турган энг долзарб вазифалардандир. Бошқача айтганда, биз ўз хақ-ҳуқуқларини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, атрофида содир бўлаётган воқеа- ҳодисаларга мустақил муносабат билан ёндашадиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган эркин, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялашимиз керак»1.
Ёшларни имон-эътиқодли, миллий ғояга садоқат, бир-бирларига меҳр оқибатни, ўз Ватанига, миллати, дини, тили, тарихи, маданияти урф-одатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги кун талаби экан, зеро, фуқароларни янгича тафаккур асосида тарбиялаш орқали уларда инсонпарварлик томойиллари, умумбашарий қадриятларга мос келадиган хулқ-атворни шакллантириш ва камолга этказиш, яъни жамиятда меҳр-мурувват маданиятини қарор топтириш мумкин. Ёшларни ўз миллати, дини, тили, тарихи, маданияти, урф-одатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш энг аввало уларда миллий ўзликни англаш туйғусини шакллантиришдан бошланади. Миллий ўзликни англаш истиқлол сари ҳамжиҳатлик, комил ишонч билан боришдир.
Миллий ўзликни англаш халқ, мамлакат тарихини, ҳозирги куни ва келажагини яхлит, бир-бири билан боғлиқ ҳолда англашдир. Миллий ўзликни англаш кўпинча бир мамлакатнинг, миллатнинг маънавий ҳаёти доирасида бўлади. Шу билан бирга, умумжаҳон тсивилизатсиясига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Миллий ўзликни англашга интилиш зарурияти бирор миллат узоқ вақт давомида бошқа халқларнинг тараққиёт даражасидан иқтисодий, сиёсий сабаблар тақозоси билан орқада қолганда, мафкуравий зўравонлик асосида қурилган сиёсий эътиқодлар жамият ҳаётида чуқур томир отганда, мамлакатлар, халқлар мустамлакачилик асоратига тушиб қолган шароитларда юзага келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |