310-модда. Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш тартиби Ягона ижтимоий тўлов солиқ солинадиган базадан ҳамда белгиланган ставкалардан келиб чиққан ҳолда ҳар ойда ҳисоблаб чиқарилади.
Ягона ижтимоий тўлов иш берувчининг ва айрим тоифадаги жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳисобидан тўланади.
Ягона ижтимоий тўловнинг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига солиқ тўловчи томонидан ортиб борувчи якун билан ҳар ойда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади. Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан йил якунлари бўйича ягона ижтимоий тўловга доир ҳисоб-китоб ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар тақдим этилади.
Ягона ижтимоий тўловни тўлаш ҳар ойда, ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай амалга оширилади.
(310-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 03/18/508/2365-сон — 2019 йил 1 январдан кучга киради) Олдинги таҳрирга қаранг. 311-модда. Айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ўзига хос хусусиятлари Ягона ижтимоий тўлов солиқ тўловчининг календарь ойда ишлаган кунлари сонидан қатъи назар мажбурий тартибда қуйидагича тўланади:
1) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан — ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда;
2) якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан (бундан буён матнда якка тартибдаги тадбиркорнинг ходимлари деб юритилади) — ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;
3) юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан:
якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзоси томонидан — ойига энг кам иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда;
оиланинг бошқа аъзолари томонидан (ўн саккиз ёшга тўлмаганлар бундан мустасно) — ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида.
4) қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари томонидан – ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида ойига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида;
5) «Уста-шогирд» мактаби ўқувчилари томонидан уларнинг 25 ёшга тўлгунига қадар бўлган иш даврида — йилига энг кам ойлик иш ҳақининг 2,5 бараваридан кам бўлмаган миқдорда. Белгиланган миқдордаги ягона ижтимоий тўловнинг тўланиши меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.
Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари, шунингдек майдони тўрт сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида, томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу майдонда қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар йилига энг кам ойлик иш ҳақининг камида бир баравари миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўлайди. Бунда деҳқон хўжалиги раҳбари ягона ижтимоий тўловни мажбурий тартибда тўлайди, бошқа аъзолари ва кўрсатилган жисмоний шахслар эса ихтиёрий асосда тўлайди. Белгиланган миқдордаги ягона ижтимоий тўловнинг тўланиши деҳқон хўжалиги аъзосининг ва жисмоний шахснинг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқаришда бир йил деб ҳисобга олинади.
Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари Ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод этилади, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногирони бўлган шахслар учун эса ягона ижтимоий тўловнинг миқдори унинг белгиланган энг кам миқдорининг камида 50 фоизини ташкил этиши керак. Мазкур имтиёзлар пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади. Имтиёзга бўлган ҳуқуқ календарь йил давомида вужудга келган ёки бекор бўлган тақдирда, ягона ижтимоий тўловни қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу ҳуқуқ вужудга келган ёки бекор бўлган ойдан эътиборан амалга оширилади.
Ягона ижтимоий тўловни тўлаш қуйидагича амалга оширилади:
ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар томонидан — ҳар ойда, тадбиркорлик фаолияти амалга оширилган ойнинг 25-кунидан кечиктирмай;
юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари томонидан — ҳисобот йилининг 1 октябригача. Бунда ягона ижтимоий тўловнинг миқдори тўлов кунига белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Янги рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга оширувчи оила аъзолари томонидан Ягона ижтимоий тўловни тўлаш улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амалга оширилади.
Ягона ижтимоий тўловни тўлаш мажбурияти қуйидагиларнинг:
юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик шаклидаги фаолиятни амалга ошираётган оила аъзолари учун — оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш юритадиган, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган оила аъзосининг;
якка тартибдаги тадбиркорнинг ходимлари учун — ушбу ходимлар билан меҳнат шартномасини тузган якка тартибдаги тадбиркорнинг зиммасига юклатилади.
Тўлов топшириқномасида (кирим ордерида) солиқ тўловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, идентификация рақами ва тўлов тўланаётган давр албатта кўрсатилиши шарт. Бунда оила аъзолари — оилавий тадбиркорлик иштирокчилари ва ходим ёллаган якка тартибдаги тадбиркорлар бўйича тўлов топшириқномаси (кирим ордери) ҳар бир оила аъзоси учун ва якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ёлланган ходими учун алоҳида-алоҳида ёзилади. Агар тўлов топшириқномасида (кирим ордерида) давр кўрсатилмаган бўлса, тўлов у амалга оширилаётган ой (деҳқон хўжаликлари аъзолари учун — йил) учун тўланган деб ҳисобланади.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар олувчи жисмоний шахслар ягона ижтимоий тўловни жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасидан келиб чиққан ҳолда, ягона ижтимоий тўловни тўлаш ҳақида жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш билан бир вақтда бериладиган ариза асосида ихтиёрий равишда тўлайди.
Ушбу модданинг саккизинчи қисмида кўрсатилган шахслар томонидан ягона ижтимоий тўловни тўлаш жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация маълумотлари бўйича давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳисоблаб чиқариладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш муддатларида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро ҳукуматлараро ташкилотларга квота қилинган лавозимларга хизмат сафарига юборилган шахсларнинг ягона ижтимоий тўловни тўлаш бўйича мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг зиммасига юклатилади. Ягона ижтимоий тўловни тўлаш ушбу Кодекс 310-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган муддатларда амалга оширилади.
Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти мазкур Кодекснинг 373-моддаси учинчи қисмида назарда тутилган тартибда вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ахборот якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун ягона ижтимоий тўловни ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан олинган ҳар бир ёлланган ходим учун белгиланган тартибда берилган ҳисобга олиш карточкалари якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга оширмайдиган давр учун якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ходимига ягона ижтимоий тўловни ҳисоблашни тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
Агар фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркор якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳар бир ходими учун ҳисобга олиш карточкасини давлат солиқ хизмати органига белгиланган муддатларда тақдим этмаса, якка тартибдаги тадбиркорнинг мажбуриятлари бўйича ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш тўхтатилмайди.
(311-модда Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 03/18/508/2365-сон — 2019 йил 1 январдан кучга киради) Олдинги таҳрирга қаранг. (52-боб Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги ЎРҚ-508-сонли Қонунига асосан ўз кучини йўқотган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.12.2018 й., 03/18/508/2365-сон — 2019 йил 1 январдан кучга киради) Олдинги таҳрирга қаранг. (ХVI бўлимнинг номи ва 53-боб Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-454-сонли Қонунига асосан чиқарилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.01.2018 й., 03/18/454/0493-сон) Олдинги таҳрирга қаранг.