160-модда. Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солиқ солиш ставкалари Ўзбекистон Республикаси норезидентининг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган ва тўлов манбаида солиқ солинадиган даромадларига қуйидаги ставкалар бўйича солиқ солинади:
1) дивидендлар ва фоизларга — 10 фоиз;
2) суғурта қилиш, биргаликда суғурта қилиш ва қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта мукофотларига — 10 фоиз;
3) халқаро алоқа учун телекоммуникациялар, халқаро ташишларга (фрахтдан олинадиган даромадларга) — 6 фоиз;
4) ушбу Кодекснинг 155-моддасида белгиланган даромадлар, бундан ушбу қисмнинг 1—3-бандларида кўрсатилган даромадлар мустасно — 20 фоиз.
[ОКОЗ: 1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.10.00.00 Умумдавлат солиқлари / 07.10.01.00 Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи / 07.10.01.08 Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ва тўлаш]
161-модда. Зарарларни тақсимлаб ўтказиш Ушбу Кодексда назарда тутилган, чегирилиши лозим бўлган харажатларнинг жами даромаддан ошиб кетиши зарар деб эътироф этилади.
Солиқ тўловчи кўрилган зарарларни ушбу зарар кўрилган солиқ давридан кейинги беш йил ичида келгусига тақсимлаб ўтказишни амалга оширишга ҳақлидир.
Ўтган солиқ даврида ёки ўтган солиқ даврларида ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган зарари (зарарлари) бўлган юридик шахслардан олинадиган фойда солиғининг тўловчилари жорий солиқ даврининг солиқ солинадиган фойдасини кўрилган зарарнинг тўлиқ суммасига ёки бу сумманинг бир қисмига камайтиришга ҳақлидир.
Тақсимлаб ўтказилаётган зарарнинг ҳар бир навбатдаги солиқ даврида ҳисобга олинадиган жами суммаси жорий солиқ даврининг ушбу Кодексга мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган солиқ солинадиган фойданинг 50 фоизидан ошмаслиги керак.
Солиқ солинадиган фойда тақсимлаб ўтказилиши керак бўлган зарар суммаси миқдорига фақат йил якунлари бўйича камайтирилиши мумкин.
Бирдан ортиқ календарь йилда кўрилган зарарлар улар кўрилган кетма-кетликда тақсимлаб ўтказилади.
Солиқ тўловчининг юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини тўлашдан озод қилинган солиқ даврида кўрган зарарлари кейинги солиқ даврларига тақсимлаб ўтказилиши мумкин эмас.
Солиқ тўловчи қайта ташкил этилиши муносабати билан фаолиятини тугатган тақдирда, солиқ тўловчи-ҳуқуқий ворис солиқ солинадиган фойдани қайта ташкил этилган юридик шахснинг қайта ташкил этиш пайтигача кўрган зарарлари суммасига ушбу моддада назарда тутилган тартибда ва шартларда камайтиришга ҳақли.
[ОКОЗ: 1.07.00.00.00 Молия ва кредит тўғрисидаги қонунчилик. Банк фаолияти / 07.10.00.00 Умумдавлат солиқлари / 07.10.01.00 Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи / 07.10.01.08 Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш, ҳисобот ва тўлаш]