III. Жамғарманинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари 7. Жамғарма қуйидаги ҳуқуқларга эга:
суғурталовчилардан тузилган мажбурий суғурта шартномалари сони, тўпланган суғурта мукофотлари миқдори, мажбуриятлар ва тўланган суғурта қопловлари тўғрисидаги ахборотни белгиланган тартибда олиш;
Жамғарма маблағларини ушбу Низомда назарда тутилган тартибда жойлаштириш.
Жамғарма ўзига юкланган вазифаларга ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
8. Жамғарма қуйидагиларга мажбур:
махсус ваколатли давлат органига ушбу орган томонидан белгиланган шакл бўйича ва муддатларда молиявий ҳисобот ва бошқа ҳисоботларни тақдим этиш;
Жамғарманинг маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш;
оммавий ахборот воситаларида йилнинг ҳар чорагида суғурталовчилар-қатнашчилар рўйхатини эълон қилиш;
махсус ваколатли органнинг сўровига кўра мажбурий суғурта қилиш бўйича тегишли ахборотни тақдим этиш.
Жамғарма ўз вазифалари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.
IV. Жамғарма мол-мулкини шакллантириш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби 9. Жамғарманинг мол-мулки:
суғурталовчиларнинг бир йўла ва календарь тўланадиган бадаллари;
Жамғарма томонидан жабрланувчига етказилган зарар учун жавоб берувчи шахсларга нисбатан қўйиладиган талаблар амалга оширилишидан жабрланувчилар (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворислари)нинг тегишли талабларини кўриб чиқиш бўйича Жамғарма томонидан амалга оширилган компенсация тўловлари ва харажатларига оид маблағлар;
Жамғарманинг пул маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига шаклланади.
10. Суғурталовчининг Жамғармага бир йўла тўланадиган бадали Жамғармага бадал киритиш кунида суғурталовчи устав фондининг қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдорининг 0,1 фоизини ташкил этади.
11. Календарь бадал суғурталовчилар томонидан йилнинг ҳар чорагида Жамғармага ўтказиладиган пул маблағларидан иборат бўлади. Календарь бадал миқдори суғурталовчи билан тузилган мажбурий суғурта шартномалари бўйича умумий суғурта суммаси ҳисобот чорагида ўсиши ҳажмидан келиб чиқиб махсус ваколатли давлат органи билан келишув бўйича Жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан белгиланади.
Тўланган календарь бадаллар суммаси Жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан белгиланган миқдорга етганда суғурталовчилар томонидан календарь бадаллар тўлаш махсус ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда мажбурий суғурта шартномалари бўйича умумий суғурта суммасидан келиб чиқиб тўхтатиб турилади. Мажбурий суғурта шартномалари бўйича жами суғурта суммаси ўзгарган тақдирда суғурталовчи томонидан Жамғармага тўланган календарь бадаллар суммаси қайта ҳисоблаб чиқилиши керак.
12. Мажбурий суғурта қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берадиган лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши суғурталовчини Жамғармага календарь бадалларни тўлашдан озод қилмайди.
Календарь бадал ставкаси ўзгарган тақдирда Жамғарма бу ҳақда суғурталовчиларга тўлашнинг кейинги муддатидан олдин камида 30 кундан кечикмай хабар қилиши шарт.
13. Жамғарма маблағларидан фақат:
компенсация тўловлари тўлашда;
мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта мукофотларига оид сийловларни компенсация қилишда;
Жамғарма дирекцияси таъминоти учун;
ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган Жамғарманинг бошқа вазифаларини амалга ошириш учун фойдаланилади.
Жамғарманинг компенсация тўловларини молиялаштиришга ва суғурта мукофотлари бўйича сийловларни компенсация қилишга мўлжалланган маблағлари Жамғарманинг бошқа мол-мулкидан алоҳида ажратилади, улар бўйича алоҳида ҳисоб юритилади ва алоҳида банк ҳисоб рақами очилади.
14. Жамғарма дирекцияси таъминоти Жамғарманинг кузатув кенгаши томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
15. Жамғарма маблағларининг бир қисми вақтинча бўш бўлган тақдирда Жамғарманинг кузатув кенгаши ҳар йили ушбу маблағларни инвестиция қилиш йўналишлари ва ҳажмини тасдиқлаши мумкин. Жамғарманинг кўрсатиб ўтилган маблағларини инвестиция қилиш диверсификациялаш, қайтариш, фойда олиш ва ликвидлик шартларида амалга оширилади.
16. Жамғарма маблағларини давлат қимматли қоғозларига ва бошқа активларга жойлаштиришдан олинган Жамғарма даромадлари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
17. Агар ҳомийлар ёки грант берувчилар томонидан Жамғармага Жамғарманинг мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ бўлган мақсадлар ва фойдаланиш шартлари кўрсатилган ҳолда маблағлар берилган тақдирда, ушбу маблағлардан ҳомийлар ёки грант берувчиларнинг кўрсатмаларига мувофиқ фойдаланилиши керак.
18. Мажбурий суғурта қилиш бўйича фаолият ихтиёрий тўхтатилиши муносабати билан Жамғармадан ихтиёрий чиқилган тақдирда, шунингдек суғурталовчи Жамғарма олдидаги мажбуриятларни бажармаганлиги учун ундан чиқарилганда суғурталовчи томонидан Жамғармага тўланган бадаллар қайтарилмайди.
19. Махсус ваколатли давлат органи томонидан компенсация тўловларини молиялаштириш ва суғурта мукофотлари бўйича сийловларни компенсация қилиш учун Жамғарманинг банк ҳисоб рақамидаги маблағларнинг энг кам суммасига нисбатан талаблар белгиланиши мумкин.