Аспидлар (Elapidae) оиласига 192 та тур киради. Улар асосан Ҳиндистонда, Афғонистонда, Ҳинди-Хитойда, Филиппинда ва Ўрта Осиёда тарқалган (20-жадвал). Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудларида, яъни Туркманистон ва Ўзбекистонда, жумладан, Боботоғ, Ҳисор, Зарафшон, Нурота тизма тоғларининг тоғолди ҳудудларида, Қарши даштида йирик кулранг Ўрта Осиё капча илони (Naja oxiana) учрайди. Унинг узунлиги 1,8-2,2 м гача боради. У баҳорда кундузи, ёз ва куз ойларида эрталаб ва кечқурун фаол ҳаракат қилади. Бирон хавф туғилганда капча илон танаси олдинги қисмини юқори кўтариб шиширади, бўйнини ясси ҳолда кенгайтириб вишиллаган овоз чиқаради ва бошини тебрата бошлайди Капча илон июль-август ойларида 9-12 та тухум қўяди. Тухумининг катталиги 3,3-3,8 см келади, тухумини ерга чуқурчага кўмиб қўяди. 70-75 кундан кейин тухумидан кичкина боласи чиқади. Капча илоннинг заҳар тишлари катталиги билан бошқа тишларидан фарқ қилади. Аспидлар оиласининг асосий авлодларига капча илонлар, аспидлар (Elaps), бунгарлар (Bungarus) каби ўта заҳарли илонлар киради. Капча илонларнинг заҳари асосан нервга таъсир қилади. Улар чаққанда одам оғриқ сезмайди. Қирол капча илони ёки кўзойнакли илон (Naja naja) ҳам жуда заҳарли ҳисобланади, унинг узунлиги 3-3,5 м гача боради, Жанубий Осиёда тарқалган. Капча илонлар одамни чаққанда 15 минутда одам бўғилиб ўлади. Қора бўйинли капча илон ўз заҳарини 4 м гача узоқликка сачратиши мумкин. Капча илонлар заҳаридан тиббиётда айрим хавфли касалликларга қарши дори тайёрланади. Капча илон ноёб тур сифатида Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Аспидлар оиласининг вакиллари, шу жумладан капча илон асосан қурбақа, калтакесаклар ва бошқа илонлар билан озиқланади. Улар 40 тагача тухум қўйиб кўпаяди
Денгиз илонлари (Hydrophiidae) оиласи вакиллари асосан Тинч ва Ҳинд океанларининг тропик ва субтропик денгизларида яшайди, 40 дан ортиқ турлари бор. Бу илонлар бошининг кичиклиги, гавдасининг ён томондан сиқилганлиги ва думининг япалоқлиги билан бошқа илонлардан фарқ қилади. Бурун тешиклари баланд жойлашган. Бош томонида махсус туз чиқариш безлари бор. Денгиз илонларининг заҳари бошқа заҳарли илонларникидан бир неча марта кучли (12 марта) бўлади. Кўпчилиги тирик туғади. Денгиз илонлари умуман қуруқликка чиқмайди. Типик вакилига куракдум пеламида (Pelamida platurus) ни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу илонлар балиқ ва уларнинг икралари билан озиқланади, айниқса, илонбалиқларни хуш кўради.
Do'stlaringiz bilan baham: |