Мувофиқлашув муносабатини акс эттирувчи сўз бирикмаларида пропозиция ифодаси.Мувофиқлашув муносабати қаратқич + қаралмиш алоқасидаги сўз бирикмаларида акс этади. Бундай қурилишли сўз бирикмалари нарса-нарса эгаси, бутун-бўлак, сабаб-оқибат, бажарувчи-ҳаракат каби маъновий кўринишларда воқеланади.18 Мувофиқлашув муносабатини акс эттирувчи сўз бирикмаларида пропозиция ифодалаш имконияти мавжудлиги А.Нурмонов томонидан ҳам қайд этилган. Олимнинг фикрича, “сўз бирикмаси сатҳида субъектли (мувофиқлашув − Р.Д.) муносабатни атрибутив муносабатдан алоҳида олинишига сабаб шуки, бу муносабат предикатив муносабат билан ассоциатив боғланган. Ҳар икки муносабат ҳам бир пропозицияни ифодалайди. Улар ўртасидаги фарқ шу пропозициянинг қандай ифодаланишидир”.19 Дарҳақиқат, мувофиқлашув муносабатини акс эттирувчи қаратқич + қаралмиш алоқасидаги сўз бирикмаларида ҳам муайян пропозиция ифодаланади. Масалан, «Қизнинг кўйлагига маҳлиё бўлдим» гапида қаратқич + қаралмиш алоқасидаги сўз бирикмаси орқали «Кўйлак қизники» пропозицияси ифодаланади. Бундай қурилишли сўз бирикмаларида объектив воқелик ифодаси мавҳум тарзда акс этади. Х.Хайруллаев ҳам бу масала хусусида фикр юритиб, атомар предикатлар воқеликка муносабатни мавҳум тарзда ифодалашини қайд этади. Унинг фикрича, университетнинг боғи сўз бирикмасининг ички мазмунидан боғнинг университетга тегишли эканлиги англашилади. Бунда атомар предикат (тегишли бўлмоқ) сўз бирикмасининг мазмуний салмоғини гапга (Боғ − университетникидир) тенглаштиради. Шу боис берилган сўз бирикмаси орқали воқеликка муносабат билдирилаётганини мутлақо инкор этиш қийин.20 Қаратқич + қаралмиш алоқасидаги айрим сўз бирикмалари мураккаб пропозитив структурага эга бўлади. Масалан, «...Унинг хушомадидан Муҳайё завқланиб куларди» (М.Исмоилий. «Юлдузлари куйган тун») гапида унинг хушомади сўз бирикмаси орқали бирдан ортиқ пропозиция ифодаланиши кузатилади. Эътибор қилинса, унинг хушомади сўз бирикмасида қилмоқ ички предикатининг ўрни сезилади. Ички предикат «У хушомад қилади» пропозициясига йўл очади. Қаратқич + қаралмиш муносабатидаги бирикма эса бир предметнинг кейинги предметга тегишли эканлигини англатувчи «Хушомад унга тегишли» пропозициясини шакллантиради.
Мувофиқлашув муносабати акс этган дўстининг таънаси сўз бирикмасида ҳам ички предикатнинг ўрни сезилади. Шу сабабли бу сўз бирикмаси орқали икки пропозиция ифодаланади. Қиёсланг: Яхшибоев дўстининг таънасини тушунди. (М.Муҳаммад Дўст. «Лолазор») (Дўсти таъна қилди. Таъна дўстига қарашли эди.) Кўринадики, мувофиқлашув муносабати акс этган сўз бирикмаларида ички предикатга ўрин берилганда пропозитив структура мураккаблашади.