Титиш жараёнининг мақсади – толали маҳсулотни тозалашга ва аралаштиришга тайёрлашдан иборатдир.
Титиш жараёнининг моҳияти эса – тойланган толаларни майда бўлакчаларга ажратиб, уларнинг ўртача оғирлиги ва зичлигини камайтириш.
Титиш жараёнида иккита механик усулдан фойдаланилади: зарбий таъсир ва чимдиш ускуналари.
Толали маҳсулотларни майда бўлакчаларга ажратишда қўйидаги титиш усуллари ишлатилади:
Толали маҳсулотни титиш игна сиртли, пичоқли ва аррасимон ишчи органларга эга бўлган машиналарда амалга оширилади.
Игна сиртли машиналарда титиш дастлаб қўлда, сўнгра камера ичидаги игнали панжаралар воситасида бажарилади. Автотитгичлар эса тойнинг пастки ёки устки қисмидан қозиқли, пичоқли ва аррасимон дискли ишчи органлар воситасида пахта қатламининг керакли бўлакчасини ажратиб олиш орқали титишни амалга оширади. Пахта толасининг шикастланмаслиги учун ишчи органларнинг шакли, ўлчами ва тезлигини тўғри танлаш катта аҳамиятга эга.
Машина ишчи қисмларининг сиртлари гарнитура билан қопланган бўлиб, улар етарли даражада юқори ҳаракатланиш тезлигига эгадир, бу гарнитура элементлари нафақат толали маҳсулотни қисиб титади, балки толаларга маълум даражада зарбий таъсир кўрсатади. Толали массага йўналтирилган бундай зарбий таъсирлар титиш самарасини оширади ва толалар силкиниб титилиш хусусияти амалга ошиб, тутам таркибидаги толалар силжиш ҳолати рўй беради. Шу сабаб толалар орасидаги боғланиш даражаси камайиб, катта тутамчалар майда тутамчаларга ажралишини таъминлайди. Тола табитан эгилувчан бўлганлиги сабаб тутам таркибидаги толаларга таъсир этиб, эркин холатда толалар жойлашади ва бунинг натижасида толали маҳсулотнинг хажмий оғирлиги камаяди.
Толали материалларни титувчи қозиқли, пичоқли ва арра тишли барабанлар тагида уч қиррали панжара, думалоқ шаклдаги ёки тўрсимон панжара тўсиқлар бўлади, айниқса уч қиррали панжаралар кўпроқ қўлланади. Пичоқ ёки қозиқ зарбасига учраган титилган бўлакча ана шу қиррага урилиб, яна ҳам кўпроқ титилади, йигиришга яроқсиз нуқсонлар, калта тола ва момиқ панжаралар орасидан камерага ажралади ёки ҳаво қувири орқали сўриб олиб кетилади. Хас-чўп, нуқсонларни массаси бўлакчани массасига нисбатан бир неча маротаба кўплигидан расмдаги стрелка йўналишида бурчак остида панжарани ишчи сиртига урилиб бурчаги остида камерага йўналади. Толали қатламдан зарба таъсирида ажралган ёки эркин холатдаги бўлакча ҳам зарба таъсирида марказдан қочувчи ва инерция кучи билан ўткир қиррага урилганида бўлакчани ташкил этган толалараро илашиш кучи емирилади, шунингдек йигирувга яроқсиз нуқсонлар, хас-чўплар билан тола орасидаги илашиш кучи емирилиб, бўлакча кучли тебранганида, силкинганида нуқсонлар осон ажралади.
Бўлакчада қолган майда ёпишқоқ нуқсонлар ва тола орасидаги илашиш кучи ҳам озайиб, бўлакча кейинги машинада нуқсонлардан яхши тозаланади.
Тўсиқлар толали материални тозаланиши, титилишини яхшилабгина қолмай йигиришга яроқли толаларни чиқиндиларга ўтиб кетишидан ҳам сақлайди.
Бўлакчани титилиши, тозаланиши бўлакчани панжара қиррасига қандай тўқнашувига ҳам боғлиқ.
Пичоқли, қозиқли ва арра тишли барабан пичоқлари, қозиқлари ёки арра тишлари билан толали бўлакчага зарба берганида (урганида) бўлакчани орасидаги нуқсонлар билан тола орасидаги илашиш кучи кескин озаяди, емирилади бу жараён бабабанлар остидаги қўзғалмас панжарага бўлакчалар урилганида янада кучаяди.
Шундай қилиб, зарбий таъсир титиш жараёни билан биргаликда самарали усул ҳисобланади.
Титиш машиналарниг ишлашини ва уларни тахлил қилишни ўрганишда ундаги асосий жараёнлар билан биргаликда қўшимча ва ёрдамчи жараёнларга эътибор қаратиш керак. Ушбу охирги жараёнлар самарали булиши мумкин, лекин баъзи холларда зарарли бўлиши мумкин.
Титиш машиналарида асосий жараён титиш ҳисобланади. Бироқ баъзи бир машиналарда титиш жараёни тозалаш жараёни билан биргаликда кечади ва бу машина учун ушбу икки жараён хам асосий иш жараёни ҳисобланади.. Бу холат зарбий таъсир натижасида вужудга келади, чунки бунда хам титиш хам тозалаш жараёнлари содир булади. Масалан пахта ва жун тозалаш машиналарида юқорида келтирилган икки жараён хам юқори самарадорлик билан хамда жадаллик билан кечади.
Пахтани титиш машиналарида биринчи босқичларда, яъни эски конструкциядаги таъминлагичларда ва асосий таъминлагичда чиқиндилар ажралиши жуда кам миқдорда ажралади ва бунда асосий жараён титиш ҳисобланади. Кейинги машиналарга ўтиш натижасида пахта толасининг титилиши давом этади хамда толалар тозаланиши ошиб боради, шунинг учун икки жараён асосий ҳисобланади.
Баъзи таъминлагичларда пичоқли барабан ўрнатилган, бу барабанга титилган пахта игнали панжара сиртидан ажратувчи валиклар билан ажратилгандан кейин иккита таъминлаш валиклари билан узатилади. Бу машиналарда титиш тозалаш жараёнлари асосий ҳисобланади. Титиш жараёни аралаштириш жараёни билан биргаликда кечади. Титиш жараёнида амалга ошириладиган қўшимча ва ёрдамчи жараёнларга қуйидагилар киради:
Чангли хаво ёрдамида майда ифлосликлар ва чангни тозалаш жараёни;
Маълум даражада содир бўладиган аралашиш жараёни, бу жараён асосий жараёнлардан бири бўлиши ҳам мукин;
Намликни ўзгариши, маҳсулот жуда юқори намликка эга бўлганида ўзининг намлигини йўкотиши натижасида кузатилади.
Таъкидлаб ўтиш керакки камерали титиш машиналарида, масалан пахта учун таъминлаш-аралаштиргичларда аралаштириш жараёни яхши кечади, агар машинага аралашма компонентлари бир меъёрда ва узлуксиз таъминланса. Агар таъминлаш узилишлар билан ёки бир меъёрда кечмаса аралаштириш жараёни самарали бўлмайди, чунки игнали панжара сиртига компонент таркибида бўлган толалар турли хил илашади хамда толалар турли бўлгани учун уларнинг титишга қаршиликлари ҳам турли хил бўлади.
Толаларни титиш жараёнида уларни титиб-таъминловчи машиналардан ҳам фойдаланилади. Таъминловчи машина компонентлар улушининг бир меъёрда таъминланишини назорат қилиш имкониятига эга. Янги авлод машиналарида технологик параметрлар компьютер дастурлари асосида бошқарилади.
Автотойтитгичларнинг тузилиши ва ишлашида умумийлик мавжуд, «UNIfloc», «Blendomat», В12SB автотитгичлар титувчи органлари билан, компьютер бошқарув дастурининг параметрлари билан бир-биридан фарқ қилади. Улар толаларга ишлов бериш ҳаракати бўйича ҳам фарқланади:
- тўғри чизиқ бўйича илгарилама - қайтма ҳаракат қилувчи (А-11, B12SB);
- тўғри ва қия чизиқ бўйича илгарилама - қайтма ҳаракат қилувчи (BO-A);
- айлана бўйлаб «карусел» тарзида ҳаракат қилувчи (Jingwei).
Уларнинг унумдорлиги 600-1200 кг/соатгача, титилган пахта бўлакчасининг ўртача оғирлиги 20-50 мг ни ташкил этади.
Автотойтитгичлар минора, той титгич, каретка, пневмосистема, устунлар ва бошқарув қисмларидан ташкил топган. Минорада тойтитгичнинг кўтарилиш, пасайиш, бурилиш, ҳаракат узатмаси ва тола сўрувчи-узатувчи потрубкалар жойлашган. Ставкадаги тойлар устида пичоқли барабан илгарилама-қайтма ҳаракатланиб, ҳар сафар ставка четига етгач, белгиланган масофа 4-8 мм га пасаяди. Ставкадаги тойлар камида 36 та, кўпи билан 180 тагача бўлиши мумкин. Биринчи томондаги тойлар ишлатилиб бўлингач, оператор минорани вертикал ўқ бўйлаб 1800 га буради ва иккинчи томондаги тойларни титиш бошланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |