2-§. Вазирлик марказий аппаратининг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги 19. Вазирликнинг марказий аппарати ўзига юкланган вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотларидан ташқи иқтисодий фаолият масалаларини таҳлил қилиш ва ишлаб чиқиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни сўраш ва олиш;
Вазирликда кўриб чиқиладиган ташқи иқтисодий фаолият масалаларини ишлаб чиқиш, ахборот ва таҳлилий материалларни, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакилларини белгиланган тартибда жалб қилиш, шу мақсадда эксперт ва ишчи гуруҳлар ташкил этиш;
Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ва бошқа ҳужжатларни пухта ишлашни талаб қилиш, зарурат бўлганда, уларни қайта ишлаш учун қайтариш;
Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирокида белгиланган тартибда йиғилишлар ўтказиш;
Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва идоравий мансуб ташкилотлари раҳбарларига жадал ҳал қилиниши талаб этиладиган ва Вазирликка юкланган вазифалар ҳамда функцияларни бажариш билан боғлиқ масалалар юзасидан белгиланган тартибда топшириқлар бериш;
қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари, шунингдек, Вазирликнинг буйруқлари Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари томонидан бажарилиши юзасидан уларнинг фаолиятини белгиланган тартибда ўрганиш ва текшириш.
Вазирликнинг марказий аппарати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
20. Вазирликнинг марказий аппарати:
ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар билан биргаликда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш;
Вазирлик фаолияти билан боғлиқ прогноз кўрсаткичларга эришишни таъминлаш бўйича Вазирлик марказий аппарати бўлинмаларининг ишини ташкил этиш;
Вазирлик томонидан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, Вазирлик томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг тайёрланиши сифати ва экспертизадан ўтказилиши;
ҳудудий бошқармалар ва идоравий мансуб ташкилотлар томонидан республика ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини ташкил этиш учун жавоб беради.