6-боб. Вазирлик раҳбарларининг жавобгарлиги 30. Вазир:
ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳамда Вазирлик фаолиятдаги камчиликларни бартараф этиш бўйича чоралар кўриш;
мазкур Низомнинг 25-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг (ёки мажбуриятларининг) сифатли бажарилиши;
амалга ошириладиган дастурлар, стратегиялар ва концепциялар натижаларига эришиш, уларни мамлакат ва ҳудудларнинг инвестициявий ҳамда ташқи савдо жиҳатидан ривожлантиришга таъсири;
Вазирликда, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ижро интизомига қатъий риоя қилиниши учун масъулдир.
31. Вазир ўринбосарлари:
Вазирликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларида Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши;
мазкур Низомнинг 26-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларининг (ёки мажбуриятларининг) сифатли бажарилиши;
тегишли йўналишлар бўйича топшириқларнинг ўз вақтида бажарилиши ва натижадорлиги;
мутасаддилик қиладиган йўналишларда инвестициявий ва ташқи савдо жиҳатидан ривожланишни таъминлаш бўйича кўриладиган чоралар натижадорлиги ва самарадорлиги учун масъулдир.
32. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари:
Қонунчилик ҳужжатлари, Вазирлик раҳбарларининг топшириқлари ҳамда юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини самарали назорат қилиш;
ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг республика ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тегишли дастурлар билан биргаликда белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини таъминлаш;
Вазирликка ҳудудларни инвестициявий ва ташқи савдо жиҳатдан ривожлантириш тенденциялари тўғрисидаги объектив таҳлилий маълумотларни ўз вақтида тақдим этилиши;
инвестициялар ва ташқи савдо соҳасида амалга оширилган ҳудудий дастурлар таъсирининг натижадорлиги;
ҳудудларни ривожлантириш бўйича юкланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш учун масъулдир.
33. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари:
Қонунчилик ҳужжатлари, Вазирлик раҳбарлари ва ҳудудий бошқармалар топшириқлари ҳамда юкланган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини самарали назорат қилиш;
ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг республика ва тармоқларни ривожлантириш бўйича тегишли дастурлар билан ўзаро боғлиқ ҳолда ишлаб чиқиш тартиби, методологияси, тамойиллари ва муддатларига риоя этиш;
ҳудудий бошқармага кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган таҳлилий материалларнинг ўз вақтида, сифатли, тўлиқ топширилишини таъминлаш;
ҳокимликлар раҳбарлари билан бирга инвестициялар ва ташқи савдо соҳасида туманларни (шаҳарларни) ривожлантириш дастурларини амалга ошириш натижалари учун масъулдир.