"Очиқ жамият" институти (Сорос фонди). Ўзбекистон Республикасида 1996 йилда халқаро инсонпарварлик ташкилоти сифатида аккредитация қилинган "Очиқ жамият" институти Жорж Сорос томонидан қўллаб-қувватланадиган жаҳон хайрия ташкилотлари тармоғининг бир қисмидир. Институт Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ёрдам кўрсатади. Институт фаолияти таълим ва тил ўргатиш, оммавий ахборот воситалари ва ахборот тизимлари, санъат ва маданият, ноҳукумат ташкилотлари ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш соҳаларида бир қатор дастурларни ўз ичига олади.
Юқорида зикр этилган ташкилотлардан ташқари, Ўзбекистон Республикасида БМТнинг қуйидаги ташкилотлари Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ), таълим, фан ва маданият ташкилоти (ЮНЕСКО), қочоқларнинг ишлари бўйича БМТ Олий Комиссарлиги, БМТ Аҳоли жамғармаси (ЮНФПА) ва бошқалар фаолият кўрсатмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилотларининг ривожланиш йўналишлари ҳақида сўз кетганда, кўнгиллилар ҳаракати ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.
Бугунги кунда кўнгиллилар ҳаракати - бу жамиятда турлича қабул қилинаётган нисбатан янги ғоя. У инсонга ўзининг шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини биргаликда қондириш имконини беради.
Кўнгиллилар жалб этилиши билан ташкилотнинг молиявий муаммоларининг бир қисми ҳал бўлади, ташкилотнинг ўзаро муносабатлари доираси кенгаяди, ташкилот янги интеллектуал ресурслар, касбий ва маслаҳат хизматлари, янги моддий ресурсларни олади.
Мотивлаштириш, яъни рағбат уйғотиш - бу руҳий омил бўлиб, шахс фаолиятининг манбаи, сабаби, далилидир. У инсонни маълум фаолиятга рағбатлантиради. Инсон овқат ейиш, ухлаш, дам олиб кучини тиклаш, ўзини иссиқ-совуқдан асраш эҳтиёжларига эга. Мазкур эҳтиёжлар моддий кийим- кечак, озиқ-овқат, турар жой ва бошқалар шаклида ўз ифодасини топади.
Инсоннинг моддий эҳтиёжлари билан бирга ижтимоий эҳтиёжлари ҳам борки, буларга билим олиш, маданий савияни ошириш, малака, маҳоратга эга бўлиш ва соғлом ҳаёт кечириб, узоқ умр кўриш киради. Айтилган эҳтиёжлар ҳар хил хизматлар кўрсатиш орқали қондирилади. Инсон эҳтиёжларининг шаклланишига у яшаётган ижтимоий муҳит катта таъсир кўрсатади.
Кўнгиллиларни танлаш анча масъулиятли иш. Танлаш уч босқичда ўтказилади: режалаштириш, ахборот бериш ва танлаш. Режалаштириш кўнгиллиларга бўлган эҳтиёжни таҳлилдан ўтказиш, муайян ишлар доирасини аниқлаш ва тавсифлаш, ишга мувофиқ кўнгиллининг зарур хусусиятларини таҳлилдан ўтказиш, танлаш стратегияси ва тактикасини белгилаш, танлаш учун зарур вақтни аниқлаш, ҳар бир иш жабҳаси учун жавобгарларни тайинлашдир. Ахборот бериш оммавий ахборот воситалари, мақсадли аудитория, аҳоли, ташкилотлар билан ишлаш орқали амалга оширилади. Танлаш даъвогар билан суҳбатлашиш, уни кузатиш, сўровдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Танлаш босқичларидан ўтган ҳар бир кўнгилли билан шартнома тузилади.
Ўзбекистон Республикасида кўнгиллилар ҳаракати эндигина вужудга келмоқда. Шунга қарамай, мамлакатда иш олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзоларининг ярмидан кўпини кўнгиллилар ташкил этади. "Бандлик муаммоларини ҳал қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ва давлат сектори билан уларнинг ўзаро алоқасини аниқлаш" лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқот нодавлат нотижорат ташкилотларида банд этилганлар умумий сонининг 59% ни кўнгиллилар ташкил этишини кўрсатди.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари уларга ўз сиёсатини амалга ошириш имконини берувчи зарур асосий билимлар ва алоқаларга эга
эканликларига қарамай, бугунги кунда мазкур иш ўз ривожланишининг дастлабки босқичидадир. Шунинг учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳам, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам инсон ресурсларини жалб этишга йўналтирилган ташкилотларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишга зарурат сезмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |