Ўзбекистон Республикаси Адлия халқ комиссарлиги 1924 йил 26 ноябрда Инқилобий қўмитанинг қарори билан Туркистон автоном республикаси Адлия халқ комиссарлиги негизида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаларидан бири Ўзбекистон таркибига кирган аввалги Бухоро Амирлиги, Хоразм ва Қўқон хонлиги давлатларининг ҳудудида адлия идораларининг фаолиятини тартибга солиш ва мувофиқлаштиришдан иборат эди.
1925 йил 6 май куни Ўзбекистон Кенгашининг Марказий Ижроия қўмитаси Раёсати Адлия халқ комиссарлиги ҳақидаги Низомни тасдиқлади. Бу Низом янги барпо этилган Адлия халқ комиссарлигининг таркиби ва ваколатларини белгилаб берди. Низомнинг 1-бандига кўра Адлия халқ комиссарлигига умумий раҳбарлик; барча суд муассасалари, прокуратура ва тергов идоралари, нотариат ҳамда суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш ва йўналтириш; суд ходимларини лавозимларга тасдиқлаш; ер комиссиялари ва суд ваколатига эга бўлган бошқа ташкилотларнинг фаолиятини кузатиш; ҳимоячилар ҳайъатларининг фаолиятини кузатиш ва аҳолига юридик хизматни ташкил этиш; қонунчилик юзасидан Ўзбекистон Марказий Ижроия қўмитаси ва Халқ комиссарлиги Кенгашига киритиладиган барча таклифларни бирламчи кўриб чиқиш; қонунчиликка амал қилинишини назорат қилиш; амалдаги қонунларни шарҳлаш, республика қонун ва ҳукумат қарорларининг тўпламларини нашр этиш каби вазифалар юклатилган.
Адлия халқ комиссарлиги учта асосий: суд тузилиши ва назорати, прокуратура ҳамда қонунчиликка таклифлар киритиш бўлимларидан иборат бўлиб, Адлия халқ комиссари бир вақтнинг ўзида республика Халқ комиссарлиги Кенгашининг тақдимномасига биноан Марказий ижроия қўмитаси томонидан тайинланадиган ва вазифасидан озод қилинадиган республика Давлат прокурори бўлиб ҳам ҳисобланган. 1926 йил 22 декабрда Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги ҳақидаги Низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган, 1931 йил 11 октябрда эса кейинги йилларда суд ва прокуратура идораларининг таркиби ва вазифалари ўзгариши муносабати билан такомиллашиб борган янги Низом қабул қилинган.
Адлия халқ комиссари республика ҳудудида ягона суд сиёсатини амалга ошириш, барча адлия идораларининг фаолиятини ташкиллаштириш ва унга умумий раҳбарлик қилиш, мансабдор ва жисмоний шахслар ҳаракатларининг қонунийлиги устидан назорат олиб бориш билан шуғулланган. У жиноятчиликка қарши кураш борасидаги барча тергов идораларининг фаолиятини бошқарган, жиноятчилик ва унга қарши кураш усулларини ўрганган. Республикадаги махсус суд идораларининг фаолияти ҳамда меҳнат-тузатиш амалиёти устидан назорат олиб бориш ҳам Адлия халқ комиссарлигининг зиммасида бўлган.
Прокуратура 1936 йилга қадар Адлия халқ комиссарлигининг таркибида бўлган. Собиқ Иттифоқ Марказий ижроия қўмитаси ва Халқ комиссарлари Кенгашининг 1934 йил 27 октябрдаги қарорига асосан Адлия халқ комиссарлигининг тизимида бўлган меҳнат-тузатиш муассасалари Ички ишлар халқ комиссарлигининг таркибига ўтказилган. 1934 йил 10 сентябрда Ўзбекистон Республикаси МИҚ ва ХКК томонидан Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги, Прокуратура ва Олий суднинг таркибини бир қадар ўзгартирган “Суд ва прокуратура идораларини қайта ташкил этиш ва мустаҳкамлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Бу пайтга келиб Адлия халқ комиссарлиги Прокуратура, Олий суд ва бошқа бўлимлардан иборат эди.
Собиқ Иттифоқ МИҚ ва ХКК томонидан 1936 йил 20 июлда қабул қилинган “ССРИ Адлия халқ комиссарлигини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори марказлаштирилган суд ва прокуратура тизимини яратишда якунловчи ҳужжат бўлиб хизмат қилди.
1936 йилнинг 8 декабрь куни Иттифоқ МИҚ ва ХКК томонидан Адлия халқ комиссарлиги тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд бошқаруви ваколатларидан озод қилинди ва республикадаги олий суд назорат инстанцияси бўлиб қолди. Барча прокурортура-тергов идоралари Адлия халқ комиссарлиги таркибидан чиқарилди. Собиқ Иттифоқ Адлия халқ комиссарлиги зиммасига суд идораларининг фаолиятини ташкил этиш ва бошқариш юклатилди.
Ушбу Низомга асосан Ўзбекистон Адлия Халқ комиссарлигини икки ўринбосарга эга бўлган Халқ комиссари бошқарди. Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлигининг тизимида суд идоралари, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва суд ҳимояси бўлимлари, нотариат сектори, республика қонунларини мужассамлаштириш бўлими, ҳуқуқий маслаҳатхона каби бўлимлар фаолият кўрсатди. Бундан ташқари, республика Адлия халқ комиссарлиги суд ижрочилари фаолиятини бошқарди ҳамда назорат қилди, суд статистикасини ташкил этди ва олиб борди.
Иккинчи Жаҳон уруши йилларида адлия идоралари тизимида жиддий ўзгаришлар бўлмади, аммо айрим бўлимлар фаолияти республика маъмурий-ҳудудий бўлинишидаги ўзгаришлар ва ҳарбий вақт хусусиятларидан келиб чиқиб такомиллашди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг 1956 йил 7 августдаги “Меҳнаткашлар депутатлари вилоят Кенгашлари қошидаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг бошқармаларини тугатиш ҳақида”ги Фармонига асосан республика Вазирлар Кенгаши ўзининг 1956 йил 6 ноябрдаги қарори билан республика Адлия вазирлиги тўғрисидаги янги Низомни тасдиқлади. Янги Низомга биноан Ўзбекистон Адлия вазирлиги бевосита республика Вазирлар Кенгашига бўйсунган. Вазирликда вазир, унинг ўринбосарлари ва бир нечта раҳбар ходимлардан иборат ҳайъат фаолият кўрсатган. Ҳайъат йиғилишларида суд ва адлия идораларининг ишини амалий бошқариш, ижрони текшириш, кадрларни танлаш, энг зарур буйруқ ва йўриқномаларни тайёрлаш каби масалалар ҳал қилинган.
1959 йил 23 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати “вилоят ва халқ судлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш” мақсадида Адлия вазирлигини тугатди. Вилоят ва халқ судларининг ишини текшириш, уларнинг барча фаолияти устидан назорат қилиш ҳуқуқи ҳамда суд статистикасини олиб бориш мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Олий судига юклатилди. Бундай қайта ташкил қилиш оқибатида юқори суд инстанциялари суд бошқарувини ҳам амалга оширди.
Республика Вазирлар Кенгашининг 1959 йил 27 мартдаги Қарори билан унинг ҳузурида Юридик комиссия ташкил қилиниб, бу комиссия зиммасига қонунларни мужассамлаштириш, ҳукумат топшириқларига кўра Вазирлар Кенгашига киритилган норматив хусусиятга эга қонун ҳужжатлари ва ҳукумат қарорлари лойиҳаларини дастлабки кўриб чиқиш юклатилган.
Аммо, кейинчалик давлат қурилиши амалиётига бундай юзаки ёндашув хато эканлиги ва қонун ҳужжатларини тайёрлаш сифатига, малакали ҳуқуқшунос кадрларнинг салоҳиятига салбий таъсир кўрсатганлиги маълум бўлди. Шу сабабли, ССРИ Олий Кенгашининг Раёсати 1970 йил 31 августда “ССРИ иттифоқ-республика Адлия вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонни қабул қилди. Унга асосланиб, 1970 йил 1 октябрда Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Раёсати ҳам Ўзбекистон ССР Адлия вазирлигини ташкил қилди. Республика Вазирлар Кенгашининг 1972 йил 27 сентябрдаги Қарори билан Адлия вазирлигининг Низоми тасдиқланди.
Адлия вазирлиги томонидан Қорақалпоғистон АССР Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) судларига ташкилий раҳбарлик қилиш, қонунларни мужассамлаштириш, қонунлар юзасидан таклифларни тайёрлаш, халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларга услубий раҳбарлик қилиш, давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқий билимларни тарғибот қилиш, аҳоли ўртасида қонунларни тушунтириш ишларини услубий бошқариш ва мувофиқлаштириш, нотариат, фуқаролик ҳолати актларини қайд этиш, адвокатура идораларига ҳамда Тошкент суд экспертизаси илмий-текшириш институтига умумий раҳбарлик қилиш амалга оширилди.
XX асрнинг 70-80-йилларда адлия раҳбарий идораларининг таркиби ва ваколатларида жиддий ўзгаришлар рўй бермади. Ўзбекистон ССР Адлия вазирлиги томонидан судлар фаолиятини ташкилий таъминлаш амалга оширилди. Бу фаолият давомида суд идораларини ташкил этиш, адлия ва суд идоралари ходимларини танлаш, жой-жойига қўйиш ва тарбиялаш, судларнинг одил судловни амалга оширишларига етарли шароит яратиш, судьялар ва халқ маслаҳатчиларининг сайловчилар олдида ҳисобот беришларини ташкил этиш масалалари ҳал этилди, вилоят, туман, шаҳар судларида, адлия идоралари ва муассасаларида ишларни ташкил қилиниши текшириб борилди.
Бу даврда Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги идоралари бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари билан ҳамкорликда айрим тоифадаги жиноят ишлари бўйича суд амалиётини ўрганди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрди. Хусусан, мулкни талон-тарож қилиш, порахўрлик ва чайқовчилик, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини бузиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти, мулкни рўйхатдан чиқариш ишлари юзасидан суд-прокурорлик амалиёти умумлаштирилди, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг давлат ва жамоат мулкини талон-тарож қилиш, ҳисоботларга қўшиб ёзиш ва чайқовчиликка қарши кураш ишлари текширилди, давлат мулкини талон-тарож қилиш ишлари юзасидан моддий зарарни ундириш борасидаги маъмурий ва молия идоралари фаолиятининг аҳволи ўрганилди.
Адлия вазирлиги ҳайъати бир неча маротаба вазирликлар, идоралар, ташкилот ва муассасалардаги ҳуқуқий хизматнинг аёллар ва вояга етмаганларнинг меҳнатини муҳофаза қилиш борасидаги ишларини муҳокама этди. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилишини олдини олиш ишларида ҳуқуқий воситалардан самарали фойдаланиш муаммолари вазирлик, республика адлия органларининг диққат марказида бўлди. Адлия органлари ходимлари аҳоли ўртасида қонунларни кенг тарғиб қилдилар.
Адлия ва суд идоралари фаолиятининг самарадорлигини ошириш уларнинг иш шароити ва моддий-техник таъминотига кўп жиҳатдан боғлиқ эди. Бу идоралар маҳаллий бюджетга катта даромад келтиришган, аммо уларни таъминотига маҳаллий идоралар маблағ бермаган, республика бюджетидан эса оз миқдорда пул маблағлари ажратилган. Кўп судлар, нотариал ва ФҲДЁ идоралари авария ҳолатидаги ёки фаолиятига мослаштирилмаган биноларда жойлашган. Қоғоз, ёзув машинкалари, оргтехника, мебел жиҳозларига етишмовчилик сезилган, ишловчилар сони эса меъёридан деярли икки маротаба кам бўлган.
1991 йилда Ўзбекистон халқи давлат мустақиллигига эришди. Унинг тарихий аҳамияти шундан иборатки, аввало инсон омилининг устуворлиги, давлат мустақиллиги тамойиллари тан олинди, халқпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш каби мақсадлар қўйилди.
Мустақил мамлакатимиз Адлия вазирлигининг ривожланиш тарихининг асосий саналарини кўриб чиқсак:
Do'stlaringiz bilan baham: |