Маруза №1 ФАРМАЦЕВТИК КИМЁ ФАНИНИНГ МОХИЯТИ. МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ Режа: - Фармацевтик кимё фанининг предмети. асосий вазифалари, бошқа фанлар орасида тутган ўрни.
- Дори моддаларининг таснифланиши
- Меъёрий техник ҳужжат турлари.
- Меъёрий техник ҳужжат тузилиши ва кўрсаткичлари
Фармацевтик кимё юқори малакали доришунос-мута-хассисларни тайёрлашда етакчи фанлардан бири бўлиб, у дори моддаларини олиш йўлларини, физикавий ва кимёвий хоссаларини, уларнинг кимёвий тузилиши билан киши организмига бўлган таъсир ўртасидаги муносабатларни хамда дори моддаларининг сифатини назорат қилиш (тахлил) усулларини ва сақлаш шарт-шароитларини ўргатади. Ёш мутахассис, фармациянинг қайси сохасида ишлашидан қатъий назар, у албатта дори-дармонларнинг физикавий ва кимёвий хоссаларини мукаммал билган холда, уларнинг сифати устидан назорат қилиш, сақлаш, қадоқлаш ва манзилга етказиш каби шарт-шароитларга доир масалаларни тўғри ва тез ҳал қила билиши лозим. - Дори моддаларининг кимёвий тузилишлари билан уларнинг физикавий, кимёвий ва фармакологик хоссалари ўртасидаги қонуний боғланиш борлигини мукаммал билган холда турли гурух физиологик фаол дори моддаларнинг (витамин, гормон, антибиотик ва бошкалар) молекула тузилишига кимёвий ёки биосинтез усуллар ёрдамида маълум бир ўзгариш киритиб, ярим синтез ёки мутлақо янги кимёвий тузилишдаги дори моддаларини олиш хамда улар сифатини назорат қилишга доир талабнома ва қоидаларни ишлаб чиқиш, дори моддаларининг фармакологик таъсирчанлигини ва хавфсизлигини таъминлаш учун улар сифатини назорат қилиш усулларини ишлаб чиқиб, умумлаштириш каби муаммоларни хал этиш фармацевтик кимё фанининг асосий вазифаларидир.
- Бундан ташқари, фармацевтик кимё фани турли сиртқи омиллар таъсирида дори моддаларида кимёвий ва физикавий ўзгаришлар (оксидланиш-қайтарилиш, гидролизланиш ва бошқалар) юз бериши мумкинлигини тушунтириб, шу асосда яроқлилик муддатини белгилаш, барқарорлигини сақлаб туриш хамда дори турларини тайёрлашда уларнинг таркибига кирувчи моддаларнинг кимёвий жихатдан бир-бирига мос келиш-келмаслигини олдиндан билишга, шунингдек, онгли равишда дори моддаларини сақлаш шароитини ва сифатини норматив-техник хужжатлар асосида туғри бахолаб беришга ёрдам беради.
- Фармацевтик кимё фанининг бошқа умумий ва ихтисослаштирувчи фанлар билан боғлиқлиги.
- Дори воситаларининг сифатини назорат қилиш ва стандартлаш фани умумий таълим фанларидан ноорганик кимё, органик кимё, аналитик кимё, физколлоид кимё, биологик кимё, физика, математика, микробиология, лотин тили фанларининг назария ва қонунларидан, хамда усулларидан фойдаланади. Шунингдек мазкур фан ихтисослаштирувчи фанлардан фармакогнозия, дори турлари технологияси, йиғинди препаратлар технологияси, фармация ишини ташкил қилиш ва иқтисоди, токсикологик кимё, фармакология, клиник фармакология фанлари билан узвий боғланган.
-
- Фармакогнозия – доривор ўслимликларнинг ташқи белгилари, анатомияси, морфологияси, таркибидаги биологик фаол бирикмаларнинг тавсифи, уларнинг сифат ва миқдорий таҳлили, сон кўрсатгичларини аниқлаш, табиатда тарқалиши, заҳираларини аниқлаш, доривор ўсимлик хомашъёсини тайёрлаш масалалари билан шуғулланади.
- Дори турлари технологияси фани-дори турларининг олиниш усуллари, технологиясининг ўзига хос томонларини назарий ва амалий муаммолари билан шуғулланса, тайёрланган дори турининг сифатлилигини аниқлаш бу фармацевтик кимё фанининг васифаси ҳисобланади.
- Фармация ишни ташкил этиш ва иктисоди фани дорихоналар ва даволаш профилактика муассаларини дори воситалари билан таъминлаш ва касалга етказиб бериш, уларнинг сақлаш шароити, яроқлилик муддати асосида дорихона иқтисодини режалаштириш масалалари билан шуғулланади. Дори моддасининг кимёвий тузилиши ва кимёвий хоссалари билан боғлик ҳолда сақлаш шароити, яроқлилик муддати ва қадоқлаш муаммоларини ҳал қилиш эса “Фармацевтик кимё” фанининг вазифасидир.
- Токсикологик кимё дори моддаларнинг захарлилик даражасини аниқлаш, уларни биологик объектдан ажратиб олиш, сифат реакцияларини ва таҳлил усулларини ишлаб чиқиш билан шуғулланиб, “Фармацевтик кимё” фанининг таҳлил усулларидан фойдаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |