4. Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш
Ижарага олувчининг ижара шартномасидан келиб чиқадиган субъектив ҳуқуқларидан бири ўзи томонидан ижарага олинган жойни ёки унинг маълум қисмини бошқа шахс – иккиламчи ижарага олувчига иккиламчи ижарага бериш тўғрисидаги шартномани тузган ҳолда бериш ҳуқуқидир.
Иккиламчи ижарага бериш шартномасини тузиш учун ижарага олувчи ижарага берувчининг розилиги олиниши талаб этилади. Шу билан бирга унда бундай розиликни олмасликнинг оқибатлари келтирилади. Демак, бундай битим қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли ҳақиқий эмас саналади.
Қонун шартноманинг шакли ҳақидабирор норма белгиламаган. Лекин, қонун билан ижара шартномасининг ёзма шакли белгиланганидан келиб чиққан ҳолда унинг ёзма тарзда тузилиши кераклигини, ёзма шаклга амал қилмаслик эса, шартноманинг тузилганлигини гувоҳ кўрсатмалари билан исботлаш имкониятидан маҳрум этишини англатади.
Уй-жойни ижарага бериш шартномасига биноан ижарага олувчи ижарага берувчи олдида жавобгар бўлиб қолаверади. Иккиламчи ижарага бериш шартномаси қонун ҳужжатларининг жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдони нормаси ҳақидаги талабларига риоя этилган тақдирдагина тузилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида ўрнатилган.
Иккиламчи ижарага бериш шартномасига нисбатан қатор чекловлар мавжуд. Масалан, унинг муддати уй-жойни ижарага бериш шартномаси муддатидан ошмаслиги керак. Уй-жойни ижарага бериш шартномаси муддатдан олдин бекор қилинганда у билан уй-жойни ижарага бериш шартномаси ҳам бекор бўлади. Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасига нисбатан янги муддатга шартнома тузишга бўлган имтиёзли ҳуқуқ тўғрисидаги қоида татбиқ этилмайди.
Аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойларни иккиламчи ижарага беришга йўл қўйилмайди. Муниципал ва идоравий уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни иккиламчи ижарага беришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди: агар иккиламчи ижарага олувчининг кўчиб кириши оқибатида ҳар бир яшовчига тўғри келадиган умумий майдон белгиланган нормадан камайиб кетса; агар унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатдаги айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган шахслар яшаётган бўлса; ижарага берувчининг розилиги бўлмаса; ижарага олувчининг. унинг вояга етган оила аъзоларининг, у билан доимий яшаётган фуқароларнинг розилиги бўлмаса; турар жойни иккиламчи ижарага бериш қоидаларида белгиланган бошқа ҳолларда.
Муниципиал ва идоравий уй-жой фондининг уйларидаги турар жойлардан иккиламчи ижарага бериш шартномаси бўйича фойдаланганлик ва коммунал хизматлар учун тўланадиган ҳақ миқдори тарафлар келишувига мувофиқ белгиланади, лекин унинг миқдори шу жой учун ижарага олувчи томонидан тўланаётган ҳақ ҳамда коммунал хизматлар ҳақидан ошиб кетмаслиги кераклиги белгиланган.
Муниципал ва идоравий уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасининг муддати тугагандан сўнг иккиламчи ижарага олувчи шартномани қайта тиклашни талаб қилишга ҳақли эмас ва у эгаллаб турган турар жойни ижарага олувчининг талабидан кейин ҳам бўшатиб бермаса, унга бошқа турар жой берилмаган ҳолда суд тартибида кўчирилади. Ижарага бериш шартномаси бекор қилинган ҳолларда ҳам иккиламчи ижарага олувчи унга бошқа турар жой берилмаган ҳолда худди шу тартибда кўчирилади.
Агар иккиламчи ижарага бериш шартномаси муддати кўрсатилмай тузилган бўлса, ижарага олувчи иккиламчи ижарага бериш шартномаси бекор қилиниши ҳақида иккиламчи ижарага олувчини уч ой олдин огоҳлантириши шарт.
Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш шартномасида шартномани янги муддатга тузишдаги имтиёзли ҳуқуқ қоидаси амал қилмаслиги белгиланган. Мазкур қоида унинг юқоридаги иккиламчи ижарага олувчи турар-жойдан ўз истагига кўра фойдаланиш хуқуқини қўлга кирита олмаслиги, ва турар-жойни ижарага бериш шартномасига кўра ижарага берувчи олдида ижарага олувчининг жавобгар бўлиб қолиши тўғрисидаги қисмларидан келиб чиқади. Қолаверса, иккиламчи ижарага бериш муддати уй-жой ижараси шартномаси муддатидан ошмаслиги, шартноманинг муддатдан аввал бекор қилиниши билан уй-жой ижараси шартномаси ҳам бекор бўлиши ҳам бунга асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |