Контрактация шартномасининг тарафлари бўлиб, бир томондан қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари), фермер ва деҳқон хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ҳамда иккинчи томондан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, қайта ишлаш ташкилотлари қатнашади.
Контрактация шартномасининг предмети бўлиб хом ашё кўринишидаги ёки дастлабки ишлов берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, яъни пахта, дон, пилла, полиз экинлари, сут, чорва моллари, паррандалар, мевалар ҳисобланади. Бироқ, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари шартнома шартларига асосан хўжаликлар томонидан дастлабки ишлов берилган бўлиши мумкин.
Контрактация шартномаси иқтисодий мазмуни жиҳатдан олди-сотди шартномасининг бир туридир. Лекин у ўзига хос ҳуқуқий белгилари билан бошқа шартномалардан ажралиб туради. Жумладан, контрактация шартномаси ўзига хос бир қатор муҳим хусусиятлари билан турдош (олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш ва бошқа) шартномалардан фарқ қилади:
олди-сотди шартномасининг предмети фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган ҳар хил мулклар бўлиши мумкин. Контрактация шартномасида эса фақат етиштирилган ва дастлабки қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотларигина шартнома предмети ҳисобланади;
олди-сотди шарномасида тарафлар сифатида ҳар қандай жисмоний ва юридик шахслар бўлса, контрактация шарномасида қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштирувчи шахслар, маҳсулот харид қилувчи сифатида эса маълум фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар ҳисобланади;
шартноманинг яна бир хусусияти унинг иккинчи тарафи бўлган тайёрловчи ташкилотларнинг маҳсулот етиштирувчи билан бевосита ҳамкорлигида кўринади.
Масалан, юқоридаги Низомнинг 30-бандига кўра, тайёрловчи хўжаликларга топшириладиган маҳсулот учун шартномада белгиланган даврларда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш муддатларига мувофиқ маҳсулотлар қийматининг камида 50 фоизи миқдорида (чорвачилик маҳсулотлари бўйича шартномаларда кўрсатилган ҳажмлар қийматининг 25 фоизи миқдорида) аванс маблағлари тўлаш мажбуриятини олади;
контрактация шартномасида олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш шартномаларидан фарқли ўлароқ тайёрловчи зиммасига айрим қўшимча вазифалар юклатилади.
Масалан, тайёрловчи зиммасига қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштирувчидан у жойлашган ерда қабул қилиш мажбурияти юклатилади. Агар қишлоқ хўжалик маҳсулотини тайёрловчи кўрсатган ёки жойлашган ерда қабул қилиб олишга келишилган бўлса, маҳсулотни қабул қилиб олишдан бош тортишга йўл қўйилмайди;
контрактация шартномаси давлат томонидан ўрнатилган режага асосланган бўлади. Шартнома предмети, унинг миқдори, баҳоси ва бошқа шартнома шартлари олдиндан белгиланади. Агар хўжалик билан тайёрловчи ўртасидаги муносабатлар давлат режасига асосланмаган бўлса, вужудга келган шартнома муносабатлари олди-сотди ёки маҳсулот етказиб бериш шартномаси мақомига эга бўлади;
давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб бериш бўйича давлат контракти шартномаси билан контрактация шартномасининг фарқи шундаки, контрактация шартномаси хўжаликнинг ташаббуси билан, давлат буюртмасидан ортиқча етиштирилган маҳсулотларни сотиш учун тузилади ва унда маҳсулотни харид нархи келишилган миқдорда белгиланади. Давлат контракти бўйича тузилган шартномада эса давлат ваколат берган тайёрловчи ташкилот томонидан хўжаликлар билан белгиланган миқдорда ва харид нархида амалга оширилади;
контрактация шартномаси бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун деҳқон, фермер ва ширкат хўжаликларининг жавобгарлигини ҳал этишда хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ўз мажбуриятларини қай даражада бажарганликлари ҳам эътиборга олинади. Хусусан, Низомнинг 79-бандида хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ҳам жавобгарлиги белгиланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |