2.7. Товар омборида омонат сақлаш
Товар омбори тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи, ўзининг тижорат фаолияти йўналиши сифатида ашёларни сақлаш бўйича хизматлар мажмуини кўрсатувчи,юридик шахсмақомига эга бўлган субъект ҳисобланади. Товарларни омборда сақлаш учун топширувчи ҳамда товар омбори хизматини кўрсатувчи ташкилот ўртасида фуқаролик ҳуқуқий шартнома асосида омонат сақлаш амалга оширилади. Товар омбори деб - тадбиркорлик фаолияти сифатида товарларни сақлайдиган ва сақлаш билан боғлиқ хизматларни кўрсатадиган ташкилотга айтилади. Товар омбори махсус ва умумий фойдаланишдаги товар омбори сифатида фаолият юритади. Агар қонун ҳужжатларига мувофиқ товар омбори товарларни сақлаш учун чегараланган доирадаги шахслардан қабул қилиши мумкин бўлган омборлар жумласига киритилган бўлмаса, у умумий фойдаланишдаги омбор деб ҳисобланади. Умумий фойдаланишдаги товар омбори томонидан тузиладиган омборда омонат сақлаш шартномаси оммавий шартнома деб ҳисобланади. Умумий фойдаланишдаги товар омборлари билан бир қаторда махсус товар омборлари ҳам фаолият кўрсатади. Жумладан, «Эркин омбор» божхона режими тўғрисидаги низомга мувофиқ, эркин омбор — шундай режимки, бунда чет эл товарлари муайян ҳудудлар ва жойларда бож, солиқлар ва иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмасдан жойлаштирилади ва ишлатилади, Ўзбекистон товарлари эса экспорт режимига мувофиқ олиб чиқишда қўлланиладиган шартларга кўра жойлаштирилади ва ишлатилади. “Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом”га кўра, божхона омбори — махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олади ҳамда товарларни вақтинча сақлаш ва (ёки) божхона омбори режимларида божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган бўлади. Божхона омборида Ўзбекистон Республикасига олиб келиш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланган товарларни сақлашга рухсат берилмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида айланиши ва сотилиши тақиқланган товарларни сақлашга рухсат берилмайди.
Товар омбори шартномасиикки томонлама, ҳақ бараварига ёки текин тузилиши мумкин. Омборда омонат сақлаш шартномаси бўйича товар омбори (сақловчи) товар эгаси (юк топширувчи) томонидан ўзига топширилган товарларни ҳақ эвазига сақлаш ва уларни тўлиқ ҳолича қайтариб бериш мажбуриятини олади.
Омборда омонат сақлаш шартномаси ёзма равишда тузилади. Агар омборда сақлаш шартномаси тузиш ва товарни омборга қабул қилиб олиш омбор ҳужжати билан тасдиқланган бўлса, омборда омонат сақлаш шартномасининг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади.
Агар қонун ҳужжатларидан ёки омборда омонат сақлаш шартномасидан товар омбори ўзига сақлаш учун топширилган товарларни тасарруф этиш мумкинлиги келиб чиқса, у ҳолда тарафларнинг муносабатларига Фуқаролик кодекси 41-бобининг қарз ва кредит ҳақдқаги қоидалари қўлланилади.
Товар омборида омонат сақлаш шартномасининг иштирокчилари тадбиркорлар ҳам бўлиши мумкин. Бу ўринда омонат сақловчи бўлиб, товар омборлари деб тан олинган корхоналар, бундан ташқари, тегишли ваколатли органларнинг махсус лицензиялари асосида хусусий товар омборларига эга фуқаролар бўлиши мумкин. Хозирги бозор муносабатлари жадал ривожланаётган бир даврда, айниқса, савдо товарларини хусусий омборларда сақлаш амалиётда кўп учрайди. Бу товар омборлари қонун ҳужжатларига ва товар сақлаш тўғрисидаги қоидаларга зид бўлмаган ҳамманинг омонатини қабул қилишга мажбурдир.
Лекин махсус мўлжалланган товар омборларида ундан фойдаланувчилар доираси чекланиши, бундан ташқари, товар омборлари махсус идораларга тегишли ҳам бўлиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 905-моддасига кўра товар омбори зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:
Товар омбори стандартлар, техникавий шартлар, технология йўриқномалари, сақлаш йўриқномалари, айрим турдаги товарларни сақлаш қоидаларида, омбор учун мажбурий бўлган бошқа махсус норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган сақлаш шартлари (тартиботи) га риоя қилиши лозим;
Агар омборда омонат сақлаш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, товар омбори товарларни сақлаш учун қабул қилиб олаётганида уларни ўз ҳисобидан кўздан кечириши керак;
Агар омонат сақлаш эгасизлантириш йўли билан амалга оширилаётган бўлса, товар омбори товар эгасига товарларни ёки уларнинг намуналарини кўздан кечириш, намуна олиш ҳамда товарларнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш учун зарур чора-тадбирларни кўриш имкониятларини бериши шарт.
Товарларнинг тўлиқ сақланишини таъминлаш учун сақлаш шароитларини тезлик билан ўзгартириш талаб қилинадиган ҳолларда товар омбори зарур шошилинч чораларни мустақил кўриши ва бу кўрилган чоралар тўғрисида товар эгасига хабар бериши;
Сақлаш вақтида товар омборда омонат сақлаш шартномасида келишилганидан ёки одатдаги табиий бузилиш нормалари доирасидан ташқари чиқадиган даражада бузилганлиги аниқланган тақдирда, товар омбори бу ҳақда дарҳол далолатнома тузиши ва ўша куниёқ юк топширувчини хабардор қилиши шарт.
Товар эгаси ва товар омборининг ҳар бири товарни қайтариб бериш вақтида уни кўздан кечириш ва миқдорини текширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Шу туфайли қилинган харажатлар товарни кўздан кечиришни ёки унинг миқдорини текширишни талаб қилган тараф зиммасига тушади.
Агар омбор товарни эгасига қайтараётган вақтида улар товарни бирга кўздан кечирмаган ёки текширмаган бўлсалар, товар тегишли даражада сақланмаганлиги оқибатида унинг кам чиққанлиги ёки бузилганлиги ҳақидаги ариза омборга товарни олиш вақтида, товарни қабул қилишнинг оддий усули билан аниқлаш мумкин бўлмаган етишмовчилик ёки бузилиш хусусида эса, уларни аниқлаш учун зарур бўлган оқилона муддатда ёзма равишда юборилиши керак.
Фуқаролик кодексининг 906-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган ариза бўлмаганида, агар акси исбот қилинган бўлмаса, омбор товарни омборда омонат сақлаш шартномаси шартларига мувофиқ қайтарган деб ҳисобланади.
Тарафлар ўртасида товар омборида юклар сақланганда қуйидаги ҳужжатларни бериш билан расмийлаштирилади:
икки қисмли омбор гувоҳномаси;
оддий омбор гувоҳномаси;
омбор паттаси.
Икки қисмли омбор гувоҳномаси, унинг ҳар бир қисми ва оддий омбор гувоҳномаси қимматли қоғозлар бўлади. Икки қисмли ва оддий омбор гувоҳномаси гаров предмета бўлиши мумкин (ФКнинг 908-моддаси).
Икки қисмли омбор гувоҳномаси омбор гувоҳномасидан ва гаров гувоҳномасидан (варрант) иборат бўлиб, улар бир-биридан ажратилиши мумкин.
Икки қисмли омбор гувоҳномасининг ҳар бир қисмида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
товарни сақлаш учун қабул қилган товар омборининг номи ва жойлашган манзили;
омбор гувоҳномасининг омбор реестри бўйича жорий номери;
товар сақлаш учун қабул қилиб олинган ташкилот номи ёки фуқаронинг исми, шунингдек товар эгасининг жойлашган ери (яшаш жойи);
сақлаш учун қабул қилинган товарнинг номи ва миқдори - бирликлар сони ва (ёки) товар доналарининг сони ва (ёки) товарнинг ўлчови (оғирлиги, ҳажми);
агар муддат белгиланган бўлса, товар қанча муддатга сақлаш учун қабул қилинганлиги ёки товар талаб қилиб олингунча сақлаш учун қабул қилинганлиги;
омонат сақлаганлик учун тўланадиган ҳақ миқдори ёки бу ҳақни ҳисоблаб чиқаришга асос бўладиган тарифлар ва сақлаш ҳақини тўлаш тартиби;
омбор гувоҳномаси берилган сана.
Икки қисмли омбор гувоҳномасининг иккала қисмида вакил шахснинг бир хил имзоси ва товар омборхонасининг муҳри бўлиши шарт.
Фуқаролик кодексининг 909-моддаси талабларига мос келмайдиган ҳужжат икки қисмли омбор гувоҳномаси бўла олмайди.
Омбор ва гаров гувоҳномаларини сақловчи омборда сақланаётган товарни тўла тасарруф этиш ҳуқуқига эга.
Гаров гувоҳномасидан ажратилган омбор гувоҳномасини сақловчи товарни тасарруф этишга ҳақли, лекин гаров гувоҳномаси бўйича берилган кредитни тўламагунича товарни омбордан олиши мумкин эмас (ФКнинг 910-моддаси 2-қисми).
Гаров гувоҳномасини сақловчи ушбу гувоҳнома бўйича берилган кредит ва унинг фоизлари миқдорида товар бўйича гаров ҳуқуқига эга бўлади. Товар гаровга қўйилганида бу ҳақда омбор гувоҳномасига белги қўйилади.
Агарда қонун ҳужжатларида бошқача ҳолат назарда тутилган бўлмаса, омбор гувоҳномаси ва гаров гувоҳномаси биргаликда ёки алоҳида-алоҳида топшириш ёзувлари бўйича топширилиши мумкин.
Оддий омбор гувоҳномаси тақдим этувчига берилади. Бундан ташрқари, оддий омбор гувоҳномасида Фуқаролик кодексининг 909-моддасида назарда тутилган маълумотлар бўлиши, шунингдек, у тақдим этувчига берилганлиги кўрсатилган бўлиши шарт.
Товарни икки қисмли омборхона гувоҳномаси бўйича бериш қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бунда товар омбори товарни омбор ва гаров гувоҳномаларини (икки қисмли омбор гувоҳномасини) сақловчига бериб, ундан ушбу иккала гувоҳномани олади.
Омбор гувоҳномасини сақловчи гаров гувоҳомасига эга бўлмаса, бироқ унинг юзасидан қарз суммасини тўлаган бўлса, омбор товарни фақат омбор гувоҳномасига айирбошлаш йўли билан ва у билан биргаликда гаров гувоҳномаси бўйича бутун қарз суммаси тўланганлиги ҳақидаги патта тақдим этилгандагина беради.
Омбор ва гаров гувоҳномаларининг сақловчиси товарни қисмларга бўлиб беришни талаб қилишга ҳақли. Бунда дастлабки гувоҳномалар ўрнига унга омборда қолган товар учун янги гувоҳномалар берилади.
Гаров гувоҳномасига эга бўлмаган ва унинг юзасидан қарз суммасини тўламаган омбор гувоҳномасини сақловчига Фуқаролик кодексининг 913-моддаси талабларига қарамай, товарни берган товар омбори гаров гувоҳномасини сақловчи олдида бу гувоҳнома бўйича таъминланган тўлов учун жавобгар бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |