Пудрат шартномаси бўйича жавобгарлик. Пудрат шартномаси бўйича жавобгарлик ҳар икки тарафнинг ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларида келиб чиқади. Топширилган ишни пудратчи ўз ҳисобидан амалга оширадиган ва ишни бажариш усулини ўзи танлайдиган бўлса пудратчи ўзи берган материаллар ва ускуналарнинг сифати тегишли даражада бўлмаганлиги учун, шунингдек учинчи шахслар ҳуқуқлари бўлган материаллар ва ускуналарни берганлиги учун жавобгар бўлади. Шунингдек, пудрат шартномасини бажариш муносабати билан буюртмачи берган материал, ускуна, қайта ишлашга (ишлов беришга)топширилган ашё ва пудратчи ихтиёрига ўтган бошқа мол-мулк сақланмаганлиги учун пудратчи жавобгар бўлади.
Шартномада пудратчининг ёрдамчи пудратчи олишга ҳуқуқи бўлса, у ҳолда ФКнинг 241, 334 ва 634-моддаларига асосан бош пудратчи буюртмачининг пудрат шартномаси бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун ёрдамчи пудратчи олдида жавобгар бўлади, буюртмачи олдида эса, ёрдамчи пудратчи ўз мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлигининг оқибатлари учун жавобгар бўлади.
Бош пудратчининг розилигини олган ҳолда буюртмачи айрим ишларни бажариш учун бошқа шахслар билан шартнома тузишга ҳақли. Бу ҳолда мазкур шахслар ишни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун бевосита буюртмачи олдида жавобгар бўладилар. Пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, пудратчи ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги, шунингдек оралиқ муддатларини бузганлик учун жавобгар бўлади. Агар пудратчи буюртмачи берган материални тегишли суратда қабул қилиб олаётганида ундаги камчиликларни аниқлаш мумкин бўлмаганлигини исбот қила олмаса, у буюрматчи берган материалнинг камчиликлари туфайли ишнинг лозим даражада бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлади.
ФКнинг 650-моддасида ишнинг сифати лозим даражада бўлмаганлиги учун пудратчининг жавобгарлиги назарда тутилган. Унга асосан иш пудратчи томонидан пудрат шартномасидан четга чиққан ҳолда бажарилиб, иш натижасини ёмонлаштирган бўлса, ёки уни шартномада назарда тутилган мақсадлар учун ёхуд шартномада яроқсизлик ҳақида тегишли шартлар бўлмаган тақдирда, одатдаги мақсадлар учун фойдаланишга яроқсиз қилиб қўядиган бошқа камчиликлар билан бажарилган бўлса, буюртмачи, башарти қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ўз хоҳишига кўра пудратчидан: камчиликларни оқилона муддатда бепул бартараф этишни; иш учун белгиланган баҳони мутаносиб равишда камайтиришни; шартномада буюртмачининг камчиликларни бартараф этиш ҳуқуқи назарда тутилган бўлса, уларни бартараф этишга қилган ўз харажатларини қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Пудратчи ишдаги ўзи жавобгар бўлган камчиликларни бартараф этиш ўрнига, буюртмачига шартномани бажаришни кечиктирганлик натижасида етказган зарарни қоплаган ҳолда ишни янгидан бепул бажариб беришга ҳақли. Бундай ҳолда буюртмачи илгари ўзига топширилган иш натижасини, агар ишнинг характерига кўра уни қайтариб бериш мумкин бўлса, пудратчига қайтариб бериши шарт. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса ёхуд аниқланган камчиликлар буюртмачи томонидан белгиланган оқилона муддатда бартараф этилмаган бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Пудрат шартномасининг муайян камчилик учун пудратчини жавобгарликдан озод қилиш тўғрисидаги шарти, агар бундай нуқсонлар пудратчининг айбли ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли вужудга келганлиги исботланса, пудратчини жавобгарликдан озод қилмайди. Ишни бажариш учун материал берган пудратчи унинг сифати учун сотувчининг сифати лозим даражада бўлмаган товар учун жавобгарлиги тўғрисидаги қоидалар бўйича жавобгар бўлади. Шартномада назарда тутилган кафолат муддати икки йилдан кам бўлиб, буюртмачи иш натижасидаги камчиликларни кафолат муддати тамом бўлгач, бироқ ФК нинг 651-моддасининг 5-қисмида назарда тутилган пайтдан эътиборан икки йил давомида аниқлаган ва бу камчиликлар иш натижаси ўзига топширилгунича ёки топшириш пайтига қадар юзага келган сабабларга кўра пайдо бўлганлигини исбот қилса, улар учун пудратчи жавобгар бўлади.
Пудрат шартномасининг алоҳида турлари бўйича тарафларнинг жавобгарлиги махсус қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |