Контрактация шартномаси тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш тартиби. Контрактация шартномаларини тузиш бевосита хўжаликларда амалга оширилади. Контрактация шартномалари, шунингдек моддий-техника ресурслари етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) юзасидан тузилган шартномалар хўжаликларнинг бизнес-режаларида назарда тутилган ҳажмлардан келиб чиққан ҳолда, агротехника тадбирларини амалга ошириш бошланишидан бир ой олдин, аммо календарь йил бошланишидан кечикмай тузилиши лозим.
Шартнома тузишда тайёрловчи ваколатли вакилини хўжаликка юборади. Тайёрловчи контрактация шартномаси лойиҳаларини хўжаликларга, агар улар шартнома тузишга рози бўлсалар, почта орқали юбориши мумкин.
Хўжалик тайёрловчининг вакили хўжаликка келган кундан бошлаб ёки шартнома лойиҳаси почта орқали олингандан кейин етти кун мобайнида шартномани имзолашга ва уни тайёрловчига қайтариши шарт. Агар шартнома шартлари бўйича хўжаликда эътирозлар пайдо бўлса, хўжалик худди шу муддатда келишмовчиликлар баённомасини тузади ва имзоланган шартномани келишмовчиликлар баённомасининг икки нусхаси билан биргаликда тайёрловчига юборади.
Тайёрловчи келишмовчиликлар баённомасини олгач беш кун ичида уни кўриб чиқишга қабул қилинган таклифларни шартномага киритишга, низоли масалаларни эса худди ўша муддатда кўриб чиқиш учун хўжалик судига беришга мажбурдир.
Шартнома уч нусхада тузилади ва имзоланади. Тузилган шартнома имзоланган вақтдан бошлаб уч кун давомида тайёрлов ёки хизмат кўрсатиш ташкилотлари томонидан туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилади. Шартнома туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади. Агар шартнома белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаса, рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор чиқарилади. Шартномани рўйхатдан ўтказиш рад этилган тақдирда тайёрлов ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари шартномадаги камчиликларни бартараф этиб, уч кун муддатда уни такроран тақдим этиши шарт.
Контрактация шартномаси ёзма шаклда тузилади. Шартнома тарафларнинг ўзаро эркинлиги ва келишувига мувофиқ имзоланади ва тарафлар юридик шахс бўлса, уларнинг муҳри билан ёки нотариал идоралар томонидан тасдиқланади.
Контрактация шартномаси тарафларнинг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин.
Контрактация шартномаси хўжалик ва тайёрловчининг келишувига кўра, қоида тариқасида бир йил муддатга тузилади.
Контрактация шартномасида қуйидаги шартлар кўрсатилиши лозим:
маҳсулотнинг номи, ассортименти, миқдори (маҳсулотлар турлари бўйича), сифати, нархи, шартноманинг умумий суммаси, етказиб бериш тартиби ва шартлари, маҳсулотни топшириш, қабул қилиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) пунктлари ва даврлари (муддатлари);
тайёрловчи томонидан бевосита хўжаликнинг ўзида қабул қилиниб, ўзининг ёки жалб этилган транспорт билан ташиб кетиладиган маҳсулот миқдори, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини харид қилиш ҳажмларига мувофиқ контрактация шартномаси бўйича сотилиши керак бўлган маҳсулотнинг хўжаликда қайта ишланган миқдори;
идишга, маркировка қилишга, ўраш ва жойлаштиришга қўйиладиган талаблар;
тайёрловчининг маҳсулотни ўз вақтида қабул қилиш ва белгиланган нархлар бўйича тўлашга доир мажбуриятлари;
ҳисоб-китоблар тартиби, шакли ва муддатлари, томонларнинг тўлов, почта ҳамда юклаб жўнатиш реквизитлари;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни ташкил этишда ва тайёрловчининг қабул пунктида транспортда ташишида хўжаликларга ёрдам кўрсатиш бўйича тайёрловчининг мажбуриятлари;
шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун томонларнинг мулкий жавобгарлиги;
низоларни, форс-мажор ҳолатларни ҳал этиш тартиби, томонларнинг манзиллари, шартнома тузилган сана ва жой.
Контрактация шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга ва унинг шартларини бир томонлама ўзгартиришга йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатлари ёки шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Шартномани бекор қилиш ёки унинг шартларини ўзгартириш тўғрисида таклиф олган томон таклиф олингандан кейин беш кундан кечикмай жавоб бериши лозим. Агар белгиланган муддатда жавоб бермаса, таклиф ўз-ўзидан қабул қилинган деб ҳисобланади. Томонлар шартномани бекор қилиш ёки унинг шартларини ўзгартириш тўғрисида бир қарорга келмасалар, тарафлар ўртасидаги низо ҳал этиш учун белгиланган тартибда иқтисодий судга берилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |