2 §. Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз
боқимлари
Меҳнатга лаёқатсиз шахслар – булар МКнинг 192 моддасига асосан, ўн олти ёшдан катта шахслар, агар улар шу ёшга тўлгунга қадар ногирон бўлиб қолган бўлсалар; олтмиш ёшга тўлган эркаклар ва эллик беш ёшга тўлган аёллар; белгиланган тартибда ногирон деб топилган шахслар. Мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқими деб топилиши учун шахс меҳнатга лаёқатсиз бўлиши билан биргаликда мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлиши лозим. Мерос қолидирувчининг қарамоғида бўлганлик факти суд ҳужжати билан тасдиқланади. Бунга Олий суднинг 2011 йил 20 июлда қабул қилинган 05-сон Пленум қарорида аниқлик киритилган. Унга мувофиқ меҳнатга қобилиятсиз шахсни мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб топиш учун бундай шахс мерос қолдирувчининг тўлиқ таъминотида бўлганлиги ёки ундан олиб турилган моддий ёрдам унинг ҳаёт кечириши учун асосий ва доимий манба бўлганлиги факти аниқланиши лозим. Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, иш (хизмат) жойи маъмурияти, ижтимоий таъминот бўлими томонидан берилган ҳужжатлар, шунингдек гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқланиши мумкин.
Меҳнатга қобилиятсиз мерос қолдирувчининг боқимида бўлган шахслар икки тартибда мерос оладилар. Биринчидан, улар қонун бўйича меросхўрлар доирасига киритилади ҳамда уларга нисбатан навбат бўйича мерос олиш қоидалари татбиқ этилмайди, яъни қонун бўйича бошқа меросхўрлар бўлган тақдирда, меҳнатга қобилиятсиз боқимлар ворисликка чақирилаётган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос олишга чақириладилар. Ушбу асос билан мерос олишга чақирилувчи меҳнатга қобилиятсиз боқимлари қуйидагилар:
мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган, у билан биргаликда яшаган меҳнатга қобилиятсиз шахслар;
қонун бўйича иккинчи, учинчи, тўртинчи навбатдаги ворислар жумласига мансуб бўлган, мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил унинг қарамоғида бўлган (мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган-яшамаганликларидан қатъи назар), бироқ ворисликка чақирилаётган навбатнинг меросхўрлар доирасига кирмасаларда ана шу чақирилаётган навбатнинг меросхўрлари билан биргаликда мерос оладилар. Айтайлик мерос қолдирувчининг туғма ногирон акаси унинг вафотига қадар бир йилдан ортиқ муддат унинг қарамоғида бўлганда, унинг меросига нисбатан фарзандлари ва бошқа қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлар билан бир қаторда ворисликка чақирилади. Ушбу асос бўйича мерос олган меҳнатга қобилиятсиз боқимларнинг мерос мулкидан оладиган улушлари кўпи билан мерос мулкининг тўртдан бир қисмидан ошмаслиги керак. Айтайлик бир нафар биринчи навбат меросхўр ҳамда бир нафар меҳнатга қобилиятсиз боқим мерос олишга чақирилганда мероснинг тўртдан уч қисми биринчи навбат меросхўрга, қолган тўртдан бир қисми меҳнатга қобилиятсиз боқимга тегишли бўлади, яъни бу вазиятда мерос тенг тақсимланмайди.
Иккинчидан, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари қонун бўйича бешинчи навбат сифатида, юқоридаги асосларда ворисликка чақирилмасалар ҳамда қонун бўйича биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи навбат ворислар бўлмаса ворис бўладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |