Радиацион гигиена бўлими
Радиацион гигиена бу — ИНМ инсон организмига таъсир қилишининг шарт-шароитлари ва оқибатларини ўрганувчи ва ионлантирувчи нур манбаларининг организмга салбий таъсирининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқувчи фан. Бу фаннинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- халқ хўжалигида ИНМ турлари ва фойдаланиш шароитларини ўрганиш;
- нурлантириш тури, дозаси, нурлантириш вақти ва бошқа радиологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда нурланишнинг салбий таъсир қилиш эҳтимолини аниқлаш;
- санитария қоидалари ва радиацион хавфсизлик меъёрларини ишлаб чиқиш;
- санитария қоидалари ва радиация хавфсизлигини инсонларнинг амалий фаолиятига тадбиқ қилиш.
ДСЭНМ радиацион гигиена бўлими ишининг моҳияти
Аҳолининг радиацион хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим элементи санитария-дозиметрик назорати бўлиб, унинг асосий вазифаси радиацион гигиена соҳасидаги қонунчилик талаблари ва йўлланма берувчи-услубий ҳужжатлар талаблари бажарилишини назорат қилишдир.
Санитар-дозиметрик назорати ўтказилиши ДСЭНМ (Республика, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳри)даги радиология бўлимларига юклатилади.
Радиологик бўлим ДСЭНМ нинг тузилмавий бўлинмаси бўлиб, радиологик бўлим раҳбари — радиацион гигиена бўйича мутахассис томонидан бошқарилади ва ДСЭНМ бош шифокорига бўйсунади.
Санитария ва техника талабларига мувофиқ, радиологик бўлим биноси санитария, физика ва лаборатория бўлинмаларининг жойлаштирилишини таъминлаши лозим. Бўлим раҳбарининг хонаси алоҳида бўлиши шарт.
Радиология бўлими асбоб-ускуналарининг сони ва ҳолати ҳамда ташқи муҳит объектлари намуналарининг лаборатория назоратида қўлланиладиган усуллар тўплами назорат қилинувчи ҳудуддаги радиацион омилнинг оператив, услубий тўғри ва ишончли объектив текширилишини таъминлаши зарур.
ДСЭНМ радиацион гигиена бўлимининг иши таркиби “Ўзбекистон Республикаси ДСЭНМ радиология бўлими тўғрисидаги Низом” билан белгиланади.
Радиацион гигиена бўйича ишлар қуйидаги асосий йўналишлар бўйича олиб борилади:
1. Табиий ва сунъий радиоактив моддалар ва бошқа ионлантирувчи нурланиш манбаларини ишлаб чиқариш, ишлов бериш, қўллаш, сақлаш ва ташишдаги радиацион хавфсизликнинг амалдаги санитария қоидалари ва меъёрларига риоя этилиши юзасидан давлат санитария назорати ва ходимлар ва аҳоли оладиган нурланиш дозаларини гигиеник баҳолаш.
2. Назорат қилинувчи ҳудуддаги ташқи муҳит объектларининг табиий радиоактивлиги ва глобал ядровий ёғилишлар ҳолати устидан назорат қилиш, инсонни нурлантирувчи ушбу манбалардан аҳолига тушадиган дозали юкламаларни гигиеник баҳолаш.
3. Радиацион гигиена бўйича санитар-оқартув ишларни олиб бориш.
4. ФМТХ тизими бўйича ишларда иштирок этиш.
Кўрсатилган йўналишлар бўйича ишлар огоҳлантирувчи ва жорий санитария назоратидан ташкил топиб, уларнинг мазмуни қуйидаги махсус қисмларда кўриб ўтилади. Бундан ташқари, баъзи масалалар бўлимнинг ташкилий-услубий қисмига киради, чунки режалаштириш, қайд этиш ва ҳисобот беришнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |