1.1. Машғулот ўтказиш жойи
Атроф муҳит гигиенаси кафедраси
Мутахассисликка кириш фани тиббий-профилактика факультети талабалари учун гигиенага доир билимларни олишдаги пропедевтика-бошланғич фан ҳисобланиб, унда талабалар атроф муҳит тушунчаси, атроф муҳитнинг физикавий, кимёвий, биологик, ижтимоий омиллари ва бу омилларнинг инсон организми учун аҳамияти, ҳамда уларни текшириш ва баҳолашга доир илк билимларни беради. Атроф муҳит гигиенаси кафедрасида олинган билимлар бўлажак санитария соҳасидаги врачларнинг амалий иш фаолиятининг асосидир.
1.3. Фанлараро ва фан ичидаги боғлиқлик
Мутахассисликка кириш фанини ўқитиш талабаларнинг физика, кимё, биология, анатомия ва одам физиологиясининг асосларини ўрганишда олган билимларига асосланади. Олинган билимлар талабалар томонидан кейинчалик мутахассислик фанларга доир кафедраларда фойдаланилади.
2. НАЗАРИЙ ҚИСМИ
2.1. МАШҒУЛОТ МАЗМУНИ
Ҳар бир давлатнинг соғлиқни сақлаш тизими олдига қўйиладиган асосий вазифаларидан бири бу - аҳолининг соғлигини сақлаш ва уни ҳартомонлама мустаҳкамлаш ҳисобланади. Иккинчи навбатда аҳоли ўртасида қайд қилинадиган касалликларнинг келиб чиқишини олдини олиш, инсонларнинг фаоллик йилларини узайтириш вазифасини бажаради. Бундай улкан вазифаларни ҳал этиш фақат даволаш соҳасидаги шифокорларнинг иши бўлмай, балки унинг профилактик йўналишига ҳам таалуқлидир. Шунинг учун соғлиқни сақлаш тизимидаги профилактик йўналиш унинг асосий принципи бўлиши керак.
Инсонларнинг саломатлиги кўп жиҳатдан унинг ўзига боғлиқдир, аммо айрим жиҳатлари бўйича шу давлатдаги ижтимоий-иқтисодий шароитлар, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси, миллий даромаддан соғлиқни сақлашга ажратиладиган маблағ миқдори кабилар билан белгиланади.
Ўз ўрнида аҳолининг саломатлиги ҳам шу давлатнинг ижтимоий-иқтисодий муваффақиятига ўзининг таъсирини кўрсатмай қолмайди. Аҳоли саломатлигининг юқори даражада бўлиши соғлиқни сақлаш тизимининг оқилона ташкил этилиши, шу давлатдаги тиббиёт фанининг янада гуркираб ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади.
Соғликнинг ўзини эса, бутун аҳоли ёки айрим шахслар организмида касаллик белгиларининг йўқлиги деб тушунмаслик керак, балки жамият аъзоларининг жисмонан бардам, аҳлоқий баркамол ривожланганлигини назарда тутади.
Аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари қаторига, туғилиш ва ўлим даражаси, жисмоний ривожланиш кўрсаткичлари, касалланиш даражаси, аҳолининг узоқ умр кўриш муддати ва бошқалар киради. Бу кўрсаткичларнинг миқдори ва табиати биринчи навбатда яшаш шароитлари меҳнат қилиш шароити атроф муҳитнинг ҳолати кабилар билан белгиланади. Инсон учун атроф муҳит параметрларининг энг мувофиқ даражаларини яратиш масалалари билан гигиена фани шуғулланади.Гигиена фани - мустақил фан бўлиб, одам организмига атроф муҳитдаги омилларнинг таъсирини ўрганиб, олинган натижалар асосида аҳоли учун энг мувофиқ яшаш, меҳнат қилиш шароитларини, овқатланиш тартибларини, сув таъминоти, турар-жойлар билан таъминлаш масалаларини ишлаб чиқади. Бу мақсадларга эришиш учун гигиена ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:
- Атроф муҳит омилларини ўрганиш ва уларни одам организмига таъсир этиш хусусиятларни аниқлаш;
- Олинган натижаларга асосланиб одам организми учун бефарқ бўлган ва узоқ муддат давомида таъсир этганда ҳам зарарли таъсир кўрсатмайдиган гигиеник меъёрлар ва регламентларни ишлаб чиқиш;
- Ишлаб чиқилган меъёрлар ва регламентларни ҳаётга тадбик қилиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
Гигиенанинг замонавий муаммолари қуйидагилар ҳисобланади:
- атроф муҳитнинг ўзгариб турувчи омилларини баҳолаш ва уларни меъёрлаштириш;
- аҳолининг овқатланишини оптимизациялаш;
- урбанизацияга таалуқли бўлган муаммоларни ҳал этиш;
- саноат корхоналаридаги меҳнат шароитларини соғломлаштириш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш (шу жумладан кичик ва ўрта корхоналарда), қишлоқ хўжалигида хизмат қиладиган ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат шароитларини (шу жумладан фермер хўжаликлари) соғломлаштиришга доир тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш;
- қишлоқ гигиенаси муаммолари (шу жумладан хусусийлаштириш);
- болалар ва ўсмирларнинг акселерациясига доир бўлган муаммолари;
- гигиенанинг махсус саволлари бўлган, аҳоли ўртасидаги хавфли ўсма касалликлари, юрак-томир системаси касалликларининг даражасини камайтириш тадбирлари.
Хозирги кунгача Ўзбекистонда мавжуд бўлган санитария назоратининг таркиби сақланиб қолмоқда, аммо бугунги кундаги тез ўзгариб турувчи турмуш шароитларида республикамиздаги ҳамма санитария-эпидемиология хизматини қайта қуриш мумкинлиги эҳтимолдан ҳоли эмас ва бундай қайта қуриш концепцияси юзага келди деб айтиш мумкин. Масалан, ЎзР ССВ-ги қошидаги Бош Давлат санитария-эпидемиология бошқармаси, Республика Давлат санитария-эпидемиология назорати Маркази, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг Давлат санитария-эпидемиология назоратлари марказлари шулар қаторига киради.
Шунга қарамасдан, ҳарқандай ҳолатда ҳам санитария-эпидемиология хизматининг асосида соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш ва профилактик йўналишларнинг бирлиги қолиши муқаррар. Бу дегани, ҳарқандай соҳадаги шифокор врач учун гигиеник билимлар касалликни олдини олишнинг асоси эканлиги ва унинг касбга доир тайёргарлигидаги фаолиятининг муҳим бир асосий қисми бўлиб қолмоғи керак.
Тиббий-профилактика йўналишидаги врачлар учун гигиеник билимлар унинг меҳнат фаолиятини асосини ташкил қилади. Гигиеник билимларга эга бўлмаган врач, касбга оид касалликларга умуман тўғри ташхис қўя олмайди, бемор учун зарурий бўлган даволовчи-ҳимояловчи тартибни ярата олмайди, касалхона ичи инфекциясини олдини олиш тадбирларини таъминлай олмайди, болалар ва ўсмирларнинг ўқитиш ва тарбиялаш шароитларини ташкил этилганлигини баҳолай олмайди ва ҳ.к.
Профилактик йўналишни схематик равишда санитария қонунчилигига амал қилиш, ташқи муҳитни соғломлаштириш, эмлаш, айрим гигиеник тадбирлар билангина белгилаш нотўғри бўлар эди. Профилактик йўналишни амалга ошириш инсонни ўраб турган ташқи муҳитни, аҳолининг турмуш шароитини, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш ва фаол узоқ умр кўришни таъминлаш мақсадида соғломлаштириш ётади. Бу эса ўз навбатида юксак умуминсоний қадриятларга асосланган ҳаётий ўрнига эга бўлган маънавий бой, аҳлоқан етук, интеллектуал ривожланган, ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантиришга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.
Гигиенага доир билимларсиз ҳечбир шифокор аҳоли ўртасида санитар билимдонликни оширишга доир ҳал қилинадиган тадбирларни бажараолмайди, аҳоли ўртасида атроф муҳитда бор бўлган барча омилларни инобатга олиб соғлом турмуш тарзига доир тушунчаларни шакллантира олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |