III. Магистрлик диссертациясининг тузилиши ва унинг мазмунига қўйиладиган талаблар
Магистрлик диссертацияси қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши керак:
титул варақ;
титул варақнинг орқа томонида тегишли шахслар имзоси учун шакл ҳамда тингловчи декларацияси;
талаба ўқиган тил ва инглиз тилидаги диссертациянинг қисқача аннотацияси;
талаба ўқиган тил ва инглиз тилидаги калит сўзлар;
мундарижа;
келтирилган жадваллар рўйхати;
келтирилган расмлар рўйхати;
келтирилган қисқартмалар (агар мавжуд бўлса);
асосий қисм;
фойдаланилган адабиётлар рўйхати;
иловалар (агар мавжуд бўлса).
Диссертациянинг кириш қисми диссертациянинг биринчи боби ҳисобланади ва диссертация умумий ҳажмининг 10% гача миқдорини ташкил этади ва у қуйидагиларни ўз ичига олади:
Диссертация мавзусининг асосланиши ва унинг долзарблиги;
Тадқиқот натижаларининг илмий-назарий ва амалий аҳамияти;
Диссертация таркибининг қисқача тавсифи.
Диссертациянинг навбатдаги боблари қуйидагича кўринишда бўлиши тавсия этилади:
2-боб. Мазкур боб адабиётлар шарҳига бағишланган бўлиб унда тадқиқот мавзуси бўйича бошқа манбаларда келтирилган назарий, амалий ва эмпирик тадқиқотлар натижаларининг танқидий таҳлили ёритилади, тадқиқотда гипотезалар келтириш назарда тутилган бўлса улар асосланади, диссертация умумий ҳажмининг 30% гача миқдорини ташкил этади;
3-боб. Бу боб тадқиқот методологиясига бағишланган бўлиб тўпланган маълумотлар манбалари, тадқиқот дизайни, тадқиқотда қўлланилган услублар, тадқиқот парадигмаси, тадқиқот дизайнининг чекловлари ҳамда фойдаланилган воситалар баёни келтирилади, диссертация умумий ҳажмининг 20% гача миқдорини ташкил этади;
4-боб. Ушбу бобда тадқиқот таҳлили ва натижалари келтирилади ҳамда улар муҳокама қилинади, улардан келиб чиққан ҳолда тавсия ва таклифлар келтирилади, тавсияларга таъриф ва асослар баён қилинади. Ушбу бобни кенгайтириш ёки тадқиқот дизайни тақозо этса қўшимча боблар қўшиш мумкин. Ушбу боб диссертация умумий ҳажмининг 30% гача миқдорини ташкил этади.
Диссертациянинг хулоса қисми диссертациянинг охирги боби ҳисобланади ва диссертация умумий ҳажмининг 10% гача миқдорини ташкил этади ва у қуйидагиларни ўз ичига олади:
Тадқиқотнинг асосий илмий ва амалий янгилиги ва натижалари;
Тадқиқот натижасида келтирилган асосий тавсия ва таклифлар;
Тадқиқот қамрови чегаралари;
Келажакдаги тадқиқотлар учун тавсиялар.
Фойдаланган адабиётлар рўйхатига фақатгина матнда иқтибос ёки ҳавола қилинган адабиётлар манбалари ва бошқа манбалар деталлаштирилган, алфавитли (рақамлашган) рўйхат кўринишида келтирилади ёки Гарвард тизимидан фойдаланган ҳолда расмийлаштирилади.
Диссертациянинг илова қисмига матнда акс этмаган, диссертация мазмун-моҳиятини янада чуқур тушунишга қаратилган, қўшимча сифатида қаралувчи маълумотлар киритилади. Бунда илованинг ҳажми диссертация умумий ҳажмининг 1/3 қисмидан ошмаслиги лозим.
Диссертация боблари номларини магистр илмий раҳбар билан келишган ҳолда эркин шакллантириш ҳуқуқига эга.
Диссертацияда магистрлар профессионал этика қоидаларининг бузилиши (плагиат, маълумотларни сохталаштириш ҳамда ёлғон цитата келтириш)га йўл қўйилмайди.
Диссертацияни расмийлаштириш тартиби ва намуналари Университетнинг ўқув, илмий-услубий Кенгаш томонидан тасдиқланган “Магистрлик диссертацияларини расмийлаштириш бўйича услубий кўрсатма”да батафсил келтирилади ва унга кўра қатъий расмийлаштирилади.
Диссертациянинг ҳажми титул варақ, мундарижа, адабиётлар рўйхати ва иловалардан ташқари 50-70 бетдан ошмаслиги лозим.
Диссертация магистр таълим олган тилда (кафедра тавсиясига мувофиқ инглиз тилида ёки рус тилида ҳам) ёзилиши мумкин.
Магистратура мутахассислиги хусусияти ҳисобга олинган ҳолда магистрлик диссертацияси таркибий қисмларининг мазмуни ва ҳажми Университет ўқув, илмий-услубий кенгашининг қарори билан ўзгартирилиши мумкин.
Магистрлик диссертациясини расмийлаштириш бўйича услубий кўрсатмалар ва намуналар Университетнинг Кенгаши томонидан тасдиқланади.