Тадқиқотнинг объекти Ўзбекистон Республикаси валюта сиёсати, унинг воситалари ва механизмларининг макроиқтисодиётга таъсири ҳисобланади.
Тадқиқотнинг предмети Ўзбекистон Республикаси валюта сиёсатини шакллантириш, амалга ошириш ва такомиллаштириш жараёнидаги иқтисодий муносабатлар ҳисобланади.
Тадқиқот усуллари. Диссертацияда илмий абстракция, мантиқий фикрлаш, индукция ва дедукция каби умумилмий ёндашувлардан фойдаланилди. Шунингдек, тадқиқот натижаларини эмпирик баҳолаш мақсадида статистик маълумотларни даврлаш, гуруҳлаш, қиёслаш, танлама кузатув, иқтисодий-математик моделлаштириш ва прогнозлаштириш усулларидан кенг фойдаланилган.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
валюта сиёсати, валюта курси канали ҳамда пул-кредит режими трансмиссия механизмларини эркин валюта курси режими шароитига ўтказиш бўйича методологик ёндашувлар такомиллаштирилган;
валюта курсини шакллантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли прогноз кўрсаткичларини аниқлашда ташқи савдо балансининг реал самарали айирбошлаш курсига нисбатан эластиклик кўрсаткичларидан фойдаланиш методологияси ишлаб чиқилган;
ARCH оиласи модели орқали валюта курси тебранишини қисқа муддатли 2018-2019 йиллар учун прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган;
пул-кредит ва валюта сиёсатининг молия ва фонд бозори фаолиятига, тижорат банклари ликвидлигига ҳамда иқтисодиёт реал секторига таъсири самарадорлигини янада ошириш мақсадида Марказий банкнинг фоиз
сиёсати инструментлари турини, хусусан, дисконт, ҳисоб, самарали фонд бозори, овернайт, репо каби ставкаларини жорий қилиш йўллари асосланган;
инфляцион таргетлаш режимига ўтиш учун зарурий шарт- шароитларни, хусусан, регуляторнинг институционал мустақиллигини таъминлаш, иқтисодий, молиявий ва техник инфратузилмаларни яратиш бўйича тизимли ёндошув ишлаб чиқилган.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:
валюта сиёсати методологиясини такомиллаштиришга оид илмий- амалий таклифлар ишлаб чиқиш натижасида иқтисодий самарага эришилган;
амалдаги валюта курси режимини асосий савдо ҳамкор мамлакатлар валюта курси режимларига мос равишда такомиллаштириш ҳамда мавжуд валюта курси моделларининг асосий қоидаларидан республикамиз амалиётида ижодий фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган;
валюта курсининг иқтисодий фаолликка бўлган таъсирини моделлар самарадорлиги нуқтаи назаридан ошириш бўйича билдирилган таклифлардан пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштиришда фойдаланилган;
валюта курсини шакллантиришнинг ўрта муддатли (2019-2021 йй.) прогноз кўрсаткичлари ишлаб чиқилган;
эркин валюта курси режими шароитида интервенция сиёсатидан фойдаланиш ва инфляцион таргетлаш режимига ўтишнинг методологик асослари бўйича илмий-амалий таклифлар келтирилган;
валюта курсининг эркинлаштирилиши ва инфляцияни таргетлаш режимига ўтиш шароитида иқтисодиётга пул таклиф қилишнинг М.Фридман назариясидан, яъни реал ЯИМнинг ўсиш суръати ва инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда фойдаланиш зарурлиги асосланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |