Неоклассик синтез. Кейинги ўттиз йил мобайнида кўпгина олимлар бир вақтнинг ўзида бозорни тартибга солишдан ва унинг давлат томонидан тартибга солинишидан ўзаро боғлиқ равишда фойдаланиш зарур, деган хулосага кела бошладилар. Шу тариқа неоклассик синтез мактаби вужудга келди. Унинг асосчиси ва атоқли вакили америкалик олим, Пол Самуэльсондир. Унинг икки жилддан иборат «Иқтисодиёт» дарслиги (унинг кейинги нашри ўзбек тилида 1996 йилда чиққан) жаҳондаги кўпгина мамлакатларнинг талабалари учун узоқ йиллардан буён асосий иқтисодиёт китоби бўлиб хизмат қилмоқда. П.Самуэльсон унда қуйидагича ёзган эди:
«ҳозирги вақтда Ғарбдаги иқтисодчиларнинг кўплари биз бу китобда
неоклассик синтез деб атаётган нарсаларга эришишга интилмоқдалар, яъни улар самарали кредит-пул ва хазина сиёсати йўли билан Смит ва Маршаллнинг классик макроиқтисодиётини даромад даражасини аниқлашнинг замонавий макроиқтисодиёти билан бирлаштиришга, ҳар икки ёндашувдаги барча соғлом нарсаларни бирга қўшиб олиб боришга уринмоқдалар»1. Шу ернинг ўзида у умумий эътирофга кўра иқтисодчилар классикларнинг далилларини ҳаддан ташқари соддалаштирилган ҳамда XIX-XX асрлар ҳаёт фактларига жавоб бермайди, деб ҳисоблашларини таъкидлаб ўтган. Эркин оламда ҳукуматлар ва марказий банклар ўзлари хазина сиёсати (харажатлар ва солиқлар) ва пул-кредит сиёсати қуролига эга эканликларини, улар ёрдамида миллий даромад ва иш билан бандликни белгилаб берувчи омилларга таъсир этишлари мумкин эканлигини кўрсатдилар. Неоклассик синтезнинг йўналиши тадқиқотлар мавзуларининг кенглиги ва амалий хусусиятга эга эканлиги, иқтисодий ўсишга, ишсизликни ва уни тартибга солиш усулларини таҳлил қилишга доир муаммоларни чуқур ўрганиш, умумий иқтисодий мувозанат назариясининг яратилиши билан ажралиб туради. Унинг тарафдорлари иқтисодий-математик алоқалар усулларини ишлаб чиқишга катта эътибор берадилар, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши бозорни тартибга солишга нисбатан катта аҳамиятга эгадир, деб ҳисоблайдилар.
Неоклассик синтезнинг бошқа намоёндаларидан, «Экономикс» дарслигининг муаллифлари Кэмпбелл Р. Макконелл ва Стэнли Л.Брюларни алоҳида кўрсатиш мумкин. Улар бу дарсликда ҳам
1 Самуэльсон П. Экономика. Т.2. –М.: 1992. 343-б.
классик ва неоконсерватив (асосан, монетаристик) назарияни ҳамда Кейнс назариясини батафсил ва аниқ баён қилиб берганлар. Шу билан бирга бу баён қилиш кўпинча у ёки бу масалага оид турли назарияларни қиёслаган ҳолда берилади. «Экономикс» китобининг муаллифлари ёзишича, «иқтисодчиларнинг кўпчилиги ҳам кейнсчиликка, ҳам монетаризмга хос бўлган ишонарлиликни эътироф қилишга тайёрдир. Ҳар икки назария фойдали схемалардан иборат бўлиб, макроиқтисодиётни таҳлил қилиш имконини беради»1. Уларнинг фикрича, кейнсчилар ва монетаристларнинг баҳслари барча йўналишлардаги иқтисодчиларни макроиқтисодий назариянинг айрим энг фундаментал жиҳатларини қайта таҳлил қилишга мажбур этди ва муҳим муроса-мадорага келинди. Олимлар ва амалиётчилар хазина ҳамда кредит-пул сиёсатини мувофиқлаштириш зарурлигини англаб етдилар. Бундан ташқари, барча йўналишлардаги иқтисодчилар эндиликда жами талабни ҳам, жами таклифни ҳам таҳлил қилишга эътибор бермоқдалар.