Божхона чегарасидан олиб ўтилаётган товарлардан намуна ва синамаларни олиш тартибининг ҳуқуқий асоси Товарлардан намуна ва (ёки) синамалар олиш Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказилаётган товарларнинг намуналарини ва нусхаларини божхона органлари тизимида тасарруф этиш тартиби тўғрисидагийўриқномага (рўйхат рақами 1269, 2003 йил 29 август) мувофиқ амалга оширилади. Мазкур йўриқнома Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар намуна ва синамаларини танлаб олиш, уларни Давлат божхона қўмитасининг божхона лабораторияларида рўйхатга олиш, қайтариш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибини белгилайди.
Ҳозирги кунда божхона нозирлари ушбу йўриқнома асосида фаолият олиб бормоқдалар.
Барча ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланадиган божхона постларида божхона экспертизасини амалга ошириш учун масъул нозирлар бириктирилган. Божхона экспертизаси бўйича масъул ходимлар вилоят божхона бошқармаси бошлиқларининг буйруғи билан масъул этиб тайинланади
Намуна ва синамаларини олиш тартиби Тадқиқот (экспертиза) мақсадларида синамаларни (намуналар) олиш божхона органининг мансабдор шахси томонидан товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахс, зарурат юзасидан эса - мутахассис иштирокида амалга оширилади.
Товарга нисбатан (ваколатга эга бўлган шахс синамаларни (намуналарни) олаётганда божхона органига кўмаклашиши шарт.
Синамалар (намуналар) 3 нусхада олинади. Бунда, йўриқноманинг 1-иловасига биноан 3 нусхада тузиладиган "Синамаларни (намуналарни) олиш далолатномаси" расмийлаштирилади.
Далолатноманинг биринчи нусхаси материаллар билан, яъни синамалар (намуналар) ва мавжуд ҳужжатлар билан (БЮД) контракт, товарнинг келиб чиқиш сертификати, мувофиқлик сертификати) божхона лабораториясига юборилади.
Иккинчи нусха товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахсга берилади.
Далолатноманинг учинчи нусхаси назорат учун тадқиқотни (экспертиза) тайинлаган божхона органида қолдирилади.
Синамаларнинг (намуналарнинг) ҳар бир нусхаси йўриқноманинг 2-иловасига мувофиқ ўралади ва 3-иловага биноан "Ўрамнинг сақланишини таъминлаш ёрлиғи" билан таъминланади ва инспекторнинг рақамланган шахсий муҳри ёки божхона органининг "Пакетлар учун" муҳри билан муҳрланади. Бунда, муҳрнинг бир қисми ёрлиқнинг, бир қисми эса ўрамнинг устига кўйилган бўлиши керак.
Тадқиқотни (экспертизани) тайинлаган божхона органи олинган синамаларни (намуналарни) 4-иловага мувофиқ "Синамалар ва намуналарни рўйхатга олиш журнали"да рўйхатга олади.