Н.Саидаҳмедов.
Педагогик технология – баркамол инсонни шакллантириш фаолияти ёки педагогик технология, маълумотларни ўзлаштириш учун қулай шакл ва усулда узатиш ва ўзлаштириш жараёнидан иборат.
Ж.Ғ.Йўлдошев.
Педагогик технология инсонга олдиндан белгиланган мақсад бўйича таъсир ўтказиш фаолиятидан иборат.
С.А.Усмонов.
Педагогик технология – вақт тақсимотига мувофиқ дастурланиб, илмий жиҳатдан асосланган ҳамда кутилган натижага эришишни таъминловчи педагогик жараённинг барча босқич ва қисмларининг вазифалари аниқ белгиланган тизим.
Ў.Қ.Толипов
Педагогик технология – таълим олувчи шахсга йўналтирилган, демократик ҳамда такрорланувчан ўқиш натижаларини кафолатлайдиган таълим жараёнини лойиҳалаш, амалга ошириш ва баҳолашнинг тизимий методи”.
Ўзбек олимлари ижодий гуруҳи
Педагогик технология – бу жамият эҳтиёжидан келиб чиқувчи олдиндан белгиланган киши ижтимоий сифатларини самарали шакллантирадиган ва аниқ мақсадга йўналтирилган ўқув жараёнини мажму сифатида кўриб, уни ташкил қилувчи қисмлари бўлган ўқитувчининг ўқитиш воситалари ёрдамида таълим олувчиларга маълум бир шароитда муайян кетма-кетликда ва маълум бир педагогик усуллардан фойдаланиб, кўрсатган таъсирини назоратда тутувчи ва таълим натижасини баҳолаб берувчи технологиялашган таълимий тадбирдир.
Б.Зиёмуҳаммадов
Педагогик технология – бу муайян лойиҳа асосида ташкил этиладиган, аниқ мақсадга йўналтирилган ўқув жараёнини система (мажму) сифатида қараб, ушбу мақсаднинг натижаларини кафолатловчи таълим жараёнига технологик ёндашадиган таълимий тадбирдир.
М.Тожиев
Юқоридагилардан қуйидагича хулоса ясаш мумкин: Инновацион педагогик технология – таълим-тарбия беришнинг янги усул ва йўлларини ўргатувчи, дарсни самараси юқори бўлишини кафолатловчи педагогик тизимнинг лойиҳасидир. У таълим олувчини билим олишга қизиқишини орттирадиган, мустақил фикрлашга ўргатишни кафолатлайдиган жараёндир. Педагогик тизим бу – ўқитувчи, таълим олувчи ва ўқитишнинг техник воситалари, таълим-тарбия мақсади ва мазмуни, дидактик жараён ва ўқитишнинг ташкилий шаклларидан таркиб топади (айрим методик адабиётларда “Педагогик тизим” ва “Педагогик система(мажмуи)” бир маънода ишлатилмоқда).
Педагогик технологиянинг моҳияти – таълим самарадорлигини яхшилаш, таълим олувчиларнинг билим олишдаги фаоллигини ошириш асосида уларнинг мустақил фикрлашларини ривожлантириш, дарсга қўйилган мақсадга эришишни кафолатлайдиган педагогик жараённи англатади.
Инновацион педагогик технологиянинг асосий талаблари таълимни юқори даражада ташкил этиш учун мақсад, вазифаларни аниқ белгилаш, таълим натижасини олдиндан белгилаб олиш, дарсни тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш учун дарс усулларини тўғри танлаш ҳамда зарурий таълим воситалари – ўқув қуроллари, кўрсатмали материаллар, техника воситалари ва бошқа керакли шарт-шароитларни тайёрлаш ва дарс мақсадига тўлиқ эришишдан иборатдир.
Педагогик технология қуйидаги ўқитиш технологияларидан таркиб топади: муаммоли ўқитиш технологияси; дидактик ўйин технологияси; ҳамкорликда ўқитиш технологияси; дастурлаштирилган ўқитиш технологияси; жадаллаштириб ўқитиш технологияси; табақалаштириб ўқитиш технологияси; индивидуллаштириб ўқитиш технологияси; мустақил ўқитиш технологияси; модулли ўқитиш технологияси ва бошқалар.
Муаммоли ўқитиш – бу энг самарадор ўқитиш технологиядир. Муаммоли ўқитишнинг моҳияти шундаки, ўқитувчи томонидан таълим олувчиларнинг билим олишларида муаммоли вазиятни вужудга келтириш, муаммоларни ва саволларни ҳал қилиш орқали янги билимларни ўзлаштириш бўйича уларнинг билиш фаолиятини бошқариш ташкил этади. Бу эса билимларни ўзлаштиришда илмий ва ижодий муносабатни вужудга келтиради. Муаммоли вазиятни вужудга келтириш ўқитувчидан катта педагогик маҳоратни талаб қилади. Муаммоли вазият таълим олувчилардаги мавжуд билим, кўникма ва малакаларига таянган ҳолда ташкил этилиши керак. Акс ҳолда, бу вазият салбий натижа бериши мумкин. Муаммоли ўқитиш усулларидан бири ақлий ҳужум усулидир. Бу усулни биринчи марта А.Ф.Осборн қўллаган. У муаммоларни қуйидагича ечишга асосланади: муаммоли вазият яратиш; ғояларни шакллантириш; энг яхши ғояларни текшириш, баҳолаш ва танлаш.
Дидактик ўйинлар орқали ўқитиш таълим олувчиларнинг жисмоний, руҳий ҳолатини меъёрлаштириш билан биргаликда уларни янги мавзуни ўрганишга бўлган диққатини ва хотирасини ҳам жамлайди. Дидактик ўйин орқали дарсни ташкил этишда ҳам болаларнинг олган билимлари ҳисобга олиниши керак. Ўйинларнинг мазмуни олдин ўтилган мавзулар билан уйғунлашган бўлиши талаб этилади. Дидактик ўйинлар ўсмир ёшдаги синфларда, биринчи соат ва охирги соат дарсларда, шунингдек жисмоний тарбиядан кейинги соат дарсларда ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўйин ижодийлиги билан ажралиб туради.У мумкин қадар бой, фаол характерга эга бўлади. Ўйин учун ҳиссий кўтаринкилик хосдир. У ўзаро кураш, мусобақалашиш, рақобат шаклида намоён бўлади. Ўқитувчи ўз дарсига алоқадор ўйин усулларини тўғри танлаши муҳим аҳамиятга эга.
Ҳамкорликда ўқитиш таълим олувчи шахсига ўта эътиборли бўлиб муносабатда бўлиш билан биргаликда боладаги билишга бўлган иштиёқни ривожлантириш ва чуқур билим олишга шароит яратишни кўзда тутади. 1980 йилларда ҳамкорликда ўқитиш технологияси бўйича Ш.А.Амонашвили методи кенг тарқалган эди. Амонашвилининг асосий мақсади қуйидагилардан иборат эди:
боланинг шахсий хислатларини намоён қилиш орқали унда олижаноб инсоннинг шаклланиши, ривожланиши ва тарбияланишига имкон туғдирмоқ;
боланинг қалби ва юрагини улуғламоқ;
боладаги билишга бўлган кучларни ривожлантириш ва шакллантириш;
кенг ва чуқур билим ҳамда малака олиш учун шароит туғдирмоқ;
идеал тарбия – бу ўз-ўзини тарбияламоқ.
Дастурлаштириб ўқитиш – бу бугунги замонавий дарс тури бўлиб, болаларда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш малакаларини ошириш билан биргаликда таълим олишга бўлган қизиқишларини ҳам орттиради. Бу технологияни 1950 йилларда америкалик психолог Б.Скиннер ишлаб чиққан. У ўқув материалларининг ўзлаштирилишини бошқаришда ахборотларни бўлаклаб узатишнинг мунтазам дастури асосида қуриш ва уни назорат қилишни тавсия этади. Дастурлаштирилган ўқув материали муайян мантиқий изчилликда бериладиган нисбатан катта бўлмаган ўқув ахборотлари (кадрлар, одимлар, файллар, слайдлар, мультимедиялар, видеолавҳалар) сериясидан иборат бўлади. Бунинг учун ўқитувчининг ўзи дарсни компьютер дастурларига киритишни билиши лозим.
Жадаллаштириб ўқитиш технологиясини 1980 йилларда В.Ф.Шаталов ишлаб чиқди ва ҳаётга жорий қилди. Унинг мақсади ҳар қандай индивидул хусусиятга эга бўлган болаларни ўқитиш, уларда билим, малака ва кўникмаларни шакллантириш, ўқитишни тезлаштиришдан иборат бўлган. В.Шаталов методининг ўзига хослиги шундаки, материаллар катта ҳажмда киритилади, материаллар блоклар бўйича жойлаштирилади, ўқув материали таянч сигналлар конспекти кўринишида расмийлаштирилади. Таянч конспект – ўқув материаллари ўзаро боғланган усулларнинг бутун қисмлари сифатида фактлар, тушунчалар, ғоялар тизими ўрнида қўллана оладиган кўрсатмали конструкциялардан иборат қисқача шартли конспект кўринишидаги таянч сигналлар системасидир. Таянч сигналлар таълим олувчиларга мавзуни ўрганишга ёрдам берувчи асосий тушунчалардир. Бугун ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган бир даврда таянч сигналлардан иборат бўлган дарс ишланмасини видеопроекторлар орқали намойиш этиш орқали ўрганиш яхши самара беради.
Жадаллаштириб ўқитиш технологияси бўйича яна бир педагог С.Н.Лисенкова самарали усулларни яратган. У таянч сигналлар ва схемалар изоҳидан фойдаланиб, дарс беришни тавсия этади. Бу технологиянинг хусусияти шундаки, қийин мавзулар дастурда белгиланган соатларда эмас, балки ундан олдин йўл-йўлакай ўрганила бошланади. Бу истиқболли тайёргарликдир.
Табақалаштириб ўқитиш технологиясини Г.К.Селевко ва Н.П.Гузак тадқиқотларида учратиш мумкин. Табақалаштириб ўқитиш деганда, иккита маъно тушунилади. Биринчиси, таълим мазмунини табақалаштириш, иккинчиси, таълим олувчилар гуруҳини табақалаштириш. Таълим мазмуни табақалаштирилганда, таълим олувчиларга билим бериш қийинлик даражасига қараб уч босқичда амалга оширилади: осон тушунчаларни бериш, ўрта қийинликдаги тушунчаларни бериш ва қийин тушунчаларни бериш. Таълим олувчилар табақалаштирилганда, иқтидорли таълим олувчиларни ажратиб ихтисослашган синфлар ёки чуқурлаштириб ўқитишга асосланган синфлар ташкил этилади. Бу синфларда ўтиладиган дарслар нисбатан қийинроқ тушунчаларни интенсив ўргатишга қаратилади.
Индивидуллаштириб ўқитиш, А.С.Границкая ва В.Д.Шадриков тадқиқотларида, ўқув жараёнини ташкил этиш шакли, модели сифатида белгиланади. Унда: педагог фақат биргина таълим олувчи билан ўзаро муносабатда бўлади; бир таълим олувчи фақат ўқитиш воситалари (китоб, компьютер ва б.) билан ўзаро алоқада бўлади. Индивидуал ўқитишда дарснинг мазмуни, методлари ва суръати таълим олувчининг билим даражаси ва шахсий хусусиятларига мослаштирилади.
Мустақил ўқитиш замонавий таълим технологияси ҳисобланади. Билимга интиқ бўлган киши ўз интилишлари билан мустақил ўрганишга ҳаракат қилади. Бунинг учун ўқитувчи таълим олувчиларга етарлича ўқув шароитларини яратиб бериши керак, яъни, таълим олувчининг қизиқишларини ҳисобга олиб, етарлича ўқув адабиётлари, қўшимча манбаларни тавсия этиши, ҳар бир мавзуни ўрганишда билиб олиши керак бўлган тушунчалар руйхатини, шунингдек тест саволларини тақдим қилиши керак. Таълим олувчи билан ҳар вақт − ҳар вақт мулоқотда бўлиб, унинг саволларига жавоб бериб бориши лозим. Боланинг ўзи билим олишга қизиқмас экан, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Айниқса, олий таълимда буни яққол кўриш мумкин. Таълим олувчини мажбурлаб ўқитиб бўлмайди. Европанинг кўпгина мамлакатларида мустақил ўқитиш технологияси йўлга қўйилган. Таълим олувчилар (таълим олувчилар) мустақил билим олиб, имтиҳон топширадилар ва тегишли шаҳодатномага эга бўладилар.
Модулли таълим технологияси бугунги кунда Ўзбекистонимизда энг замонавий таълим турларидан бири саналади. Модулли ўқитиш деганда ўқув дастури, ўқув режаси ва ишчи ўқув дастури асосида дарс машғулотларини модуллар (блоклар ёки бўлаклар) га бўлиб ўрганишни режалаштириш, ўқув йилига мўлжалланган силлабуслар ва шунга кўра ўқув методик мажмуалар, ҳар бир модул (бўлак) ни ўрганиш учун таянч тушунча ва топшириқларни ўз ичига олган кейс-стадилар яратиш ҳамда уларни интернет тармоғига киритиш назарда тутилади. Таълим олувчи (таълим олувчи) машғулот давомида ўзи ўргана олмай қолган тушунчаларни интернет тармоғи орқали ўқитувчисининг ўқув методик мажмуасига кириб ўрганади ва билмаганларини электрон алоқа почтаси орқали ўқитувчисидан сўраб олади. Бунинг учун ўқитувчи ўз силлабусида таълим олувчилар билан мулоқот учун белгиланган вақтни алоҳида қайд қилади. Таълим олувчи шу белгиланган вақтда ўқитувчиси билан мулоқотда бўлиши мумкин, қолган пайтда ўқитувчининг электрон почтаси ёпиқ бўлади.
Шу билан биргаликда, олий таълим муассасалари таълим олувчилари билимини баҳолашнинг модулли тизими ҳам йўлга қўйилган. Бунда баҳолаш ҳам онлайн тизимида амалга оширилади. Таълим олувчининг ҳар бир фан бўйича баҳолари йил давомида ўрганилган модуллар (фан блоклари) га қўйилган баллар йиғиндисидан иборат бўлади.
Силлабус − ўқув курси (фан) нинг режа-дастури.
Кейс-стади – муаммоли вазиятни ўрганиш, ечиш.
Модул – бу ўқув материали ёки таълим мазмунини ўзаро уйғунлаштирилган намунаси; ўқув ахборотининг мантиқий бўлакка бўлинган қисми, ушбу қисм мантиқан яхлит ва тугалланган бўлиб, унинг ўзлаштирилишини назорат қилиш мумкин бўлади; фаннинг фундаментал тушунчасини тақдим этувчи муайян жараён ёки қонун бўлими, муайян мавзу доирасида ўзаро боғлиқ тушунчалар гуруҳи.
Do'stlaringiz bilan baham: |