Математика фанини ўқитишнинг умумий методикаси. Бу бўлимда математика фанининг мақсади, мазмуни, шакли, воситалари ва методлари ҳамда технологияларига асосланган ўқув фанининг методик системаси педагогик, психологик қонуниятлар ҳамда дидактик тамойиллар асосида очиб берилади.
Масалан: Математика фанини ўқитишда қўлланиладиган замонавий таълим усуллари ва технологиялари ҳамда улардан фойдаланиш имкониятлари, математика фанининг илмий изланиш методлари, математик тушунчалар ва уларни киритиш методикаси каби назарий ва амалий материаллар ўрганилади.
Ҳозирги кунда мазкур бўлим педагогика олий таълим муассасаларида («Математика ўқитиш методикаси» таълим йўналишида) бир семестр давомида ўрганилади.
Математика фанини ўқитишнинг хусусий методикаси. Бу бўлимда математика ўқитиш умумий методикаси қонун ва қоидаларининг аниқ мавзу материалларига татбиқ қилиш йўллари ўрганилади.
Масалан:
Натурал сонларни киритиш методикаси;
Тенгламалар ва тенгсизликлар мавзусини ўрганиш методикаси;
геометрик материалларни ўрганиш методикаси;
функция ва унинг графигини ўрганиш методикаси;
кўпбурчаклар ва кўпёқлилар мавзусини ўқитиш методикаси;
каср сонлар мавзусини ўрганиш методикаси ва ҳ.к.
Математика фанини ўқитишнинг аниқ методикаси. Бу бўлим икки қисмдан иборат:
1. Умумий методиканинг хусусий масалалари.
2. Хусусий методиканинг аниқ масалалари.
Масалан:
1) VII синфда математика дарсларини режалаштириш ва уни ўтказиш методикаси дейилса, бу умумий методиканинг хусусий масаласи бўлиб ҳисобланади.
2) VII синфда ўрганиладиган математикадан бир соатлик дарсни режалаштириш ва уни ўтказиш методикаси дейилса, хусусий методиканинг аниқ методикаси ҳисобланади[53].
3. Математика ўқитишнинг умумтаълимий, тарбиявий ва амалий мақсадлари Таълим муассасаларда математика ўқитишнинг мақсади қуйидаги учта омил билан белгиланади:
1. Математика ўқитишнинг умумтаълимий мақсади.
2. Математика ўқитишнинг тарбиявий мақсади.
3. Математика ўқитишнинг амалий мақсади.
Математика ўқитишнинг умумтаълимий мақсади ўз олдига қуйидаги вазифаларни қўяди:
a) Ўқувчиларга маълум бир дастур асосида математик билимлар тизимини бериш.
Бу билимлар тизими математика фани тўғрисида ДТСда белгилаб қўйилган минимал даражадаги билимларни бериш талабига мос келиши ва шунга эришиш орқали уларни математика фанининг юқори бўлимларини ўрганишга тайёрлашни назарда тутади. Шунингдек, математик таълим жараёнида белгиланган дастур асосида ўқувчиларда эгаллаган билимларининг ишончли эканлигини текшириш ва назорат қилиш усулларини қўллай олиш малакалари шакллантирилади.
b) Ўқувчиларнинг оғзаки ва ёзма математик билимларини таркиб топтириш.
Математика фанини ўрганиш орқали ўқувчиларда ўз она тилларида хатосиз сўзлаш, ўз фикрини аниқ, равшан ва лўнда қилиб баён эта билиш малакалари шакллантирилиши талаб этилади.
c) Ўқувчиларни математик қонуниятлар асосида реал ҳақиқатларни билишга ўргатиш.
Бунда ўқувчиларга реал оламда юз берадиган энг содда ҳодисалардан тортиб мураккаб ҳодисаларгача барчасининг фазовий формалари ва улар орасидаги миқдорий муносабатларни тушунишга имкон берадиган ҳажмда билимлар бериш кўзда тутилади.
Бундай билимлар бериш орқали эса ўқувчиларда фазовий тасаввур қилиш малакалари шаклланади ва шу орқали уларда мантиқий тафаккур қилиш кўникмалари ривожлантирилади.