Дарс тури – дарснинг ташкилий тузилиши ва мазмун-моҳиятига қараб анъанавий (тушунтириш-кўргазмалилик) дарслар, ноанъанавий (муаммоли, интерактив) дарслар ҳамда замонавий (дастурланган ва компьютерлаштирилган) дарсларга бўлинади.
Дарс босқичлари – дарс қайси мавзуни ўрганишга қаратилганлигига боғлиқ бўлиб, ички тузилишига қараб қуйидаги босқичларга бўлинади (айрим методик адабиётларда дарс босқичлари(типи) ни дарс тури деб ҳам атайдилар):
кириш дарси;
бошланғич материаллар билан танишиш дарси;
янги билимларни эгаллаш дарси;
билим, кўникма ва малакаларни мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш дарси (амалий ишлар, лаборатория ишлари, мисоллар ечиш дарслари);
уйғунлаштирилган дарс (аралаш типдаги дарс);
такрорлаш ва умумлаштирувчи дарс;
назорат-текшириш дарси;
олинган билимларни амалиётда қўллаш дарси.
Шу кунгача дарснинг энг кўп фойдаланиладиган тўрт бўлакдан иборат бўлган аралаш босқичлари ҳукм суриб келмоқда. Булар: янги билимларни эгаллаш учун тайёрланиш; янги билимларни эгаллаш; янги билимларни мустаҳкамлаш ва тизимга келтириш; эгалланган билимларни амалиётда қўллаш.
Аралаш дарснинг қулайлиги шундаки, ундаги тўрт бўлак истаган кетма-кетликда қўлланиши мумкин. Шу билан бир қаторда бу босқичдаги дарс жараёнида дидактиканинг деярли барча талабларига эришиш осон. Шунинг учун ҳам, тадқиқотчиларнинг айтишларича, 80% дарслар шу босқичларда олиб борилар экан.
Бу босқичлардаги дарсларнинг афзаллиги яна шундаки, бу дарсларда ўқитувчи ва педагоглар, ўз шароитларидан келиб чиқиб, таълим олувчиларнинг қабул қилиш имкони, тайёргарлик даражаси ва бошқа бир қатор омилларни ҳисобга олган ҳолда, дарсга ажратилган вақтни дарс ичидаги тўрт унсурга ихтиёрий равишда тақсимлай оладилар.
Аралаш дарсларнинг юқорида айтилган ютуқлари билан бир қаторда, камчиликлари ҳам бор. Чунончи, аралаш дарсларда, ундаги тўрт унсурнинг ҳаммасига вақт етишмайди. Дарс олиб борувчиларнинг ихтиёридан ташқари, аввалги дарсни яхши такроролаб чиқаман, деган муаллимга, албатта янги билим бериш учун кам вақт қолади. Янги берилган билимни ва уйга вазифа беришни қоидали қилиб амалга оширишни айтмай қўяқолайлик. Шунинг учун кейинги вақтда, педагогик амалиётда бир турдаги фаолият билан шуғулланувчи дарслар пайдо бўла бошлади. Буларга: янги билимларни эгаллаш дарслари; билим, малака ва кўникмаларни мустаҳкамлаш дарслари; билимларни умумлаштириш ва тизимга келтириш дарслари; билим ва кўникмаларни текшириш ҳамда хатоларни тузатиш дарслари; билим ва кўникмаларни амалиётда синаб кўриш дарслари. Бу дарс босқичлари шундай номлангани билан, дарс ичидаги аралаш дарсларнинг тўрт унсурининг бири узайтирилиб, қолганлари қисқартирилган бўлади. Масалан, янги билимларни эгаллаш дарс босқичида дарсга ажратилган 45 дақиқанинг 2-3 дақиқаси дарсни ташкил қилиш ва ўтган дарсни қайтариш қисмига сарфланади. Бу вақтда ўқитувчи ўтган дарсни қайтармай, қисқача эслатиб ўтади, холос ва ҳоказо. Қуйида бу босқичдаги дарсларнинг ички тузилишини кўриб чиқамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |