12-модда. Ижтимоий тадбиркорлик соҳасида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг вазифалари Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:
ижтимоий тадбиркорлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижро этилишини таъминлайди;
ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;
ўз ваколатлари доирасида ижтимоий корхоналарни маъмурий ҳудудларнинг ижтимоий, демографик ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ижтимоий қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради;
ижтимоий тадбиркорлик соҳасига инвестициялар жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўради;
ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва ваколатли органга киритади.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
17-модда. Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш шакллари Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан
қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
имтиёзлар ва преференциялар тақдим этиш;
ижтимоий лойиҳа харажатларини субсидиялаш;
давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш;
молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
ижтимоий корхона ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш;
маслаҳат бериш, методик ёрдам кўрсатиш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш.
Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тадбиркорлик субъекти ижтимоий корхоналар реестрига киритилган кундан бошлаб татбиқ этилади ва ижтимоий корхоналар реестридан чиқарилган кундан бекор қилинади.
Ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш асосий фаолиятини фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ўзгартирган тадбиркорлик субъектларига нисбатан фақат фавқулодда ҳолатлар даврида қўлланилади ҳамда фавқулодда ҳолатлар бартараф этилган (бекор қилинган) ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бекор қилинади.
Қонун лойиҳасининг мақсади аҳолининг ижтимоий заиф қатлами турмуш даражасини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ижтимоий товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишдан иборат.
Ижтимоий корхонанинг ишига асосан ижтимоий жиҳатдан барқарор бўлмаган ёки ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилади. Ушбу корхона юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан ташкил этилиши лойиҳада кўзда тутилган.
Қонун лойиҳасида аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари тушунчаси берилган бўлиб, унга кўра товарлар(хизматлар)ни харид қилишда ёки меҳнат бозорида иш топишда қийинчиликка дучор бўлаётган ёхуд ўзгаларнинг кўмагига муҳтож шахслар ижтимоий заиф қатлам ҳисобланади.