3.3. Тўловга қобилиятсизлик белгиларини исботлашнинг ўзига хослиги
Бажариш муддатларнинг кечикиши тўловга қобилиятсизликнинг динамик кўрсаткичи ҳисобланади ва муддатларнинг кечикишидан келиб чиқиб тўловга қобилиятсизликни қисман тўловга қобилиятсизлик (Банкротлик тўғрисидаги қонунда белгиланган банкротлик аломатлари ҳисобланувчи муддатларнинг тўлиқ ўтиб бўлмаслиги) ва мутлақ тўловга қобилиятсизликка (белгиланган муддатларнинг тўлиқ ўтиб бўлиши) ажратиш мумкин8. Қисман тўловга қобилиятсизлик шахснинг вақтинчалик тўлов қобилияти йўқолиши, аванс капиталдан фойдаланишни ва юридик нуқтаи назардан вақтинчалик пул мажбуриятларини бажаришнинг имкони йўқлигини англатади. Мутлақ тўловга қобилиятсизлик унга қарама-қарши ҳодиса сифатида вақтинчалик аҳамият касб этмайди. Қисман ва мутлақ тўловга қобилиятсизлик ўртасида аниқ чегарани белгилашнинг турли омиллари мавжуд. Е.А.Махнева тўғри таъкидлаганидек, давлат иқтисодиёти қанчалик яхши ривожланган бўлса, тўловга қобилиятсизлик учун белгиланган муддат шунчалик қисқа бўлади. Аксинча, давлат иқтисодиётининг ривожланиш даражаси паст бўлса, иқтисодий инқироз чуқурроқ бўлади, қарздорни банкротлигини белгиловчи муддат шунча узоқ давом этади»9.
Қисман ва мутлақ тўловга қобилиятсизлик ўртасида муҳим ҳуқуқий тафовут мавжуд. Қисман тўловга қобилиятсизлик даврида банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш имконияти истисно қилинади, «қарздор ва унинг кредиторлари ўртасидаги низо оддий фуқаролик-ҳуқуқий воситалар билан, масалан, пул мажбуриятларини бажариш муддатини кечиктирганлик учун қарздорни жавобгарликка тортиш билан ҳал қилиниши мумкин»10. Мутлақ тўловга қобилиятсизлик пайтида банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш мумкин бўлиб, қарздор суд томонидан банкрот деб топилади. Бу шуни англатадики, мутлақ тўловга қобилиятсизликнинг суд томонидан белгиланиш ҳолатига боғлиқ равишда икки хил таснифлаш мумкин: суд томонидан белгиланмаган, яъни судгача тўловга қобилиятсизлик ва суд томонидан белгиланган, яъни қарздор банкрот деб топилиши. Ушбу ҳолатда тўловга қобилиятсизлик ва банкротлик тушунчалари бутун ва қисм сифатида намоён бўлади. Барча банкрот деб топилган қарздорлар тўловга қобилиятсиз ҳисобланади, бироқ барча тўловга қобилиятсиз қарздорлар банкрот деб топилмайди. Банкротлик тўловга қобилиятсизлик динамикасининг бир қисмини ўзида намоён қилади.
Банкротлик тўғрисидаги қонуннинг 4-моддасида тўловга қобилиятсизлик белгилари банкротлик аломатлари деб баён қилинган. Банкрот деб топилмаган қарздорда банкротлик аломатлари мавжуд бўлиши мантиқсиз. Германия Тўловга қобилиятсизлик статутининг 17-моддаси11, Финляндия Банкротлик актининг 2-боби 3-моддаси12 ва Корхоналар реструктуризацияси актининг 1-боби 6-моддаси13, Беларусь Республикасининг «Иқтисодий ночорлик (банкротлик) тўғрисида»ги Қонуни 9-10-моддалари14, Қозоғистон Республикасининг «Реабилитация ва банкротлик тўғрисида»ги Қонуни 5-моддасида15 ҳам банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш асоси тўловга қобилиятсизлик белгилари ёки тўловга қобилиятсизлик деб келтирилади. Шунинг учун, уни ўз маъносида тўловга қобилиятсизлик белгилари деб баён қилиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, Банкротлик тўғрисидаги қонуннинг бир нечта, яъни 4, 5, 156-моддаларида тўловга қобилиятсизликнинг белгиларини англатувчи қоидалар мавжуд. Банкротлик тўғрисидаги қонуннинг 4-моддасида келтирилган қарздорнинг кредиторлар талабларини бажара олмаслиги, 5-моддасидаги қарздорлик миқдори, 156-моддасидаги шаҳарни ташкил этувчи корхона қарздорлиги тўловга қобилиятсизликнинг объектив томонини англатади ва ушбу нормаларни бирлаштириш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги
ПҚ–4146-сон қарорида агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси энг кам иш ҳақи миқдорининг камида уч юз каррасини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса энг кам иш ҳақи миқдорининг камида йигирма каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши таклиф этилди. Амалдаги қонунчилик кўра, қарздорлик миқдори қарздор юридик шахслар учун беш карраси, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахслар учун ўттиз каррасини ташкил этиши лозим. Шуларга асосан, тўловга қобилиятсизлик белгилари ҳисобланган қарздорлик миқдорларига ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ.
Қарздорнинг ишни қўзғатиш ҳақидаги аризаси зудлик билан ёки ўз вақтида тақдим қилинмаслиги оқибатида суд санацияси таомилини қўллаш имконияти пасайиб кетмоқда. Амалиётда одатда ариза кечиктирилган қарздорликни ундириш бўйича ҳеч қандай чора қолмаганда ва ижро ишини юритиш давомида қарздор мол-мулки қарзни узиш учун йўналтирилгандан кейин тақдим этилмоқда. Хорижий давлатлар қонунчилигида қарздорнинг банкротлигини олдини олиш, уни кредиторлардан ҳимоя қилиш ва ўз вақтида чора кўриш мақсадида тўловга қобилиятсизлик хавфи асосида ҳам ишни қўзғатиш мумкинлиги белгиланган. Масалан, Финляндия Корхоналар реструктуризацияси актининг 1-боби 5-моддасига асосан, реструктуризация иши қуйидаги ҳолларда очилиши мумкин:
1) камида иккита кредитор мавжуд бўлса;
2) қарздорда тўловга қобилиятсизлик хавфи мавжуд бўлса;
3) қарздор тўловга қобилиятсиз бўлса.
Германия Тўловга қобилиятсизлик статутининг 18-моддасида тўловга қобилиятсизлик пайдо бўлиш хавфи ҳам тўловга қобилиятсизлик суд ишлов юритувини очиш учун асос бўлиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ Финляндия ва Германия қонунчилигида тўловга қобилиятсизлик хавфининг белгилари ва уни аниқлаш тартиби бевосита кўрсатилмаган. Қозоғистон Республикасининг «Реабилитация ва банкротлик тўғрисида»ги Қонуни
5-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик мавжуд бўлса ёки тўловга қобилиятсизлик хавфи, яъни қарздор пул мажбуриятларини кейинги ўн икки ой ичида бажаришга қодир бўлмаса, унинг тўлов қобилиятини тиклаш имкони бўлса, қарздор реабилитация таомилини қўллаш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Ушбу норманинг мазмунидан шуни англаш мумкинки, тўловга қобилиятсизлик хавфи фақат қарздор тўлов қобилиятини тиклашни сўраб судга мурожаат қилингандагина ишни қўзғатишга асос бўлади ва кейинги ўн икки ой ичида қарздорнинг мажбуриятларни бажара олмаслиги билан изоҳланади. Тўловга қобилиятсизлик белгилари кейинги ўн икки ой ичида вужудга келиши мумкинлигини қарздор тегишли ҳужжатлар билан исботлаши талаб этилади. Тўловга қобилиятсизлик хавфи бевосита суд санацияси билан чамбарчас боғлиқ ва банкротликни олдини олишнинг муҳим шартларидан биридир.
С.Актан ёзадики, агар фирмада ўзининг иқтисодий фаолиятини давом эттириш имконияти бўлса, тугатиш жараёни бошланмасдан олдин санация жараёнига кириш лозим. Санациянинг асосий мақсади қўшимча маблағлар жалб этиш орқали фирма фаолиятини давом эттиришдир16.
Do'stlaringiz bilan baham: |