2.ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛИШ
Мазкур жиноятнинг бевосита объекти Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳаёти, хавфсизлиги, соғлиги, шаъни ва қадр-қимматини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади.
ЖК 158-моддаси 1-қисми объектив томондан айбдорнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳаётига бевосита содир этган тажовузини ифодалайди.
Ҳаётга тажовуз қилиш деганда, жабрланувчининг ўлдирилишини ёки унинг ҳаётига қасд қилинишини англатадиган, яъни айбдор томонидан жабрланувчини ҳаётидан маҳрум қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракати тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўлими ҳамда унинг ҳаётига тажовуз қилишнинг ўзи ҳам кўрилаётган жиноят таркиби белгиларини ташкил қилади ва ЖК 97-моддаси бўйича қўшимча квалификацияни талаб қилмайди.
ЖК 158-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятнинг обектив томони Ўзбекистон Республикаси Президентига тан жароҳатини етказишда намоён бўлади.
Айбдорнинг ҳаракатларини, Ўзбекистон Республикаси Президентига қандай турдаги тан жароҳати етказилганидан қатъи назар (оғир, ўртача оғир ёки енгил), ЖК 158-моддаси 2-қисми билан квалификация қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентига қандай турдаги бўлса ҳам тан жароҳати етказилган пайтдан бошлаб ЖК 158-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят тамомланган ҳисобланади.
ЖК 158-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томони Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақорат қилиш ёки унга туҳмат қилишдан иборатдир.
Субъектив томондан қасддан содир этилади.
Жиноятнинг субъекти 16 ёшга тўлган ақли расо жисмоний шахс ҳисобланади.
3.ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ТУЗУМИГА ТАЖОВУЗ ҚИЛИШ
Жиноятнинг бевосита объекти Конституция томонидан оʻрнатилган Оʻзбекистон Республикасининг ҳаётий муҳим манфаатлари – республика-нинг Конституциявий тузуми асослари, давлат ҳокимияти тузилиши ва фаолиятининг тартиби ҳисобланади. Асосий бевосита зарар, бу ерда халқ манфаатларига ҳамда давлатда ҳокимиятни ифодаловчи жисмоний ва юридик шахсларнинг конституциявий манфаатларига етказилади. Қоʻшимча бевосита обект боʻлиб, жабрланувчиларнинг согʻлиги, жисмоний дахлсизлиги, шаъни ва қадр-қимматини таъминловчи ижтимоий муносабатлар хизмат қилади.
ЖК 159-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятнинг обектив томони амалдаги давлат тизимини Конституцияга хилоф тарзда оʻзгартиришга оммавий чақириш, ҳокимиятни қоʻлга олиш ёки қонуний сайланган ёки тайинланган вакилларни ҳокимиятдан четлатиш ёхуд Оʻзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузиш, шунингдек, худди шундай маълумотларни таргʻиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки уларни тарқатишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга оммавий чақириш, Оʻзбекистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний зоʻрлик ишлатиб яхлитлигини бузишни, унинг бирор-бир вилоятини ёки Қорақалпогʻистон Республикасини ажратишга ундаш ҳолатларида намоён боʻлади.
Конституцияга қарши материалларни тайёрлаш деганда, амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда оʻзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қоʻйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд давлатнинг ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш мазмунидаги материалларни тайёрлаш тушунилади.
Шу каби маълумотлардан ташкил топган материалларни сақлаш деганда, тарқатиш мақсадида айбдорда ҳақиқатда уларнинг мавжуд боʻлиши (оʻзи билан бирга, бирор-бир хонада, ертоʻлада ва бошқа жойларда) учун содир этилган ҳар қандай ҳаракатлар тушунилади.
Конституцияга қарши мазмундаги материалларни тарқатиш деганда, уларни ёпиштириш, Интернет тармогʻига жойлаштириш, варақаларни, роʻзномаларни, журналларни ёки бошқа фуқароларни амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда оʻзгартиришга чақирувчи адабиётларни ёхуд материалларни тарқатиш тушунилади.
ЖК 159-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракат субектив томондан тоʻгʻри қасд билан содир этилади.
ЖК 159-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятнинг обектив томони, конституциявий ҳокимият органларининг қонуний фаолиятига қаршилик қилишга ёки Конституцияда назарда тутилмаган ҳокимиятнинг қарама-қарши тузилмаси билан алмаштиришга ёʻналтирилган зоʻравонлик ҳаракатини содир этиш, бундан ташқари, Оʻзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган тартибга қарши ташкил этилган ҳокимият тузилмасини тарқатиш ҳақидаги ваколатга эга давлат ҳокимияти органлари қарорларини оʻз вақтида ижро этмасликдан иборат.
Конституциявий ҳокимият органларининг қонуний фаолиятига қаршилик коʻрсатишга ёʻналтирилган зоʻравонлик ҳаракатлари консти-туциявий ҳокимият органлари вакили боʻлмиш шахсларни озодликдан маҳрум этиш, тан жароҳатлари етказиш ва шу кабиларда намоён боʻлади.
ЖК 159-моддаси биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилган бўлса, ЖК 159-моддаси 3-қисми билан квалификация қилинади.
ЖК 159-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятнинг объектив томони ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштиришдан иборат.
ЖК 159-моддаси 5-қисми рағбатлантирувчи норма бўлиб унга биноан, фитна тўғрисида ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар берган шахс, башарти, кўрилган чоралар натижасида фитнанинг олди олинган бўлса, жазодан озод қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |