Биологиянинг ўрганиш усуллари
Биологик фанлар тарихи шуни кўрсатадики, биологиянинг ривожланиши уни ўрганиш усуллари билан бевосита боғлиқ. Узоқ йиллардан буён биологияни ўрганишда бешта усулдан фойдаланилади: кузатиш, таққослаш, тарихий, экспериментал ва моделлаштириш усуллари.
Кузатиш усули – энг қадимги усул бўлиб, организмларни илк ўрганишдан бошлаб бу усулдан фойдаланилган. Кузатиш ҳисобига организмларнинг белгилари, уларнинг гуруҳи ва турлари кўрсатилади. К.Линней бу усулдан фойдаланиб, турни тушунтириб беришда жуда катта ютуқларга эришди. Бу усул узоқ вақтгача тирик табиатни ўрганишда асосий бўлиб ҳизмат қилди, аммо у ҳолатларни чуқур ўрганиш имкониятларини бермайди. Кузатиш усули бугунги кунда ҳам ўз аҳамятини йўқотмади ундан янги турларни ўрганишда, замонавий усуллардан – электрон микроскопдан фойдаланиб ҳужайранинг нозик тузилиши ва ўлчамлари ҳақида маълумотлар олишда кенг фойдаланилади.
Таққослаш усули – XVII – XVIII асрдан қўлланилиб унинг ёрдамида организм ва унинг қисмларини ўхшашлиги ва фарқли томонлари ҳақида маълумотлар олинади. Биологиянинг бу усули жуда маҳсулдор ҳисобланади, чунки бу усул ёрдамида ўсимликлар ва ҳайвонлар систематикасини асослашда (К.Линней), ҳужайра назариясини (Шлейден, Шван) шаклланишида, ривожланиш типлари (К.Бэр) ва эволюцион таълимотни (Ч.Дарвин) асослашда кўп маълумотлар тўпланган. Бугунги кунда бу усул биологиянинг ҳар хил йўналишларида кенг қўлланилади. Биологияда кузатиш ва таққослаш усулининг қўлланилиши фақат олинган маълумотларни кўрсатиш билангина чегараланади.
Тарихий усул – XIX асрнинг иккинчи ярмида Ч.Дарвин томонидан фанга киритилди, бу усул олинган маълумотларни олдинги натижалар билан солиштириш имкониятини беради. Унинг ёрдамида организмларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши қонуниятлари, уларнинг структуралари ва функциялари шаклланиши тушунтирилди. Тарихий усул биологияни тушунтиришда хилма – хил тирик мавжудотлар қандай пайдо бўлган ва фаолият кўрсатаётганини очиб беришга имкон яратди. Бу усулнинг фундаментал ёндашуви ва принципи ҳисобига биологияда қайта қурилиш пайдо бўла бошлади.
Экспериментал(тажриба) усули – бу усулдан биологияда фойдаланиш керак эканлигини инглиз файласуфи Ф.Бекон томонидан XVII асрда кўрсатилган бўлиб у “эксперемент – табиатни тушунтиришнинг асосларидан бири” деган. Эксперимент кузатиш ва таққослаш усулидан фарқли равишда тажрибакорнинг кўзига кўринган нарсанигина урганмасдан балки предметда чукур яшириниб ётган ҳолатларни ҳам ўрганиш имкониятини беради. Шу билан бирга тажриба – табиатга савол бериш имкониятини беради, тирик системаларни мақсадга мувофиқ ўрганади, бу ҳолатларни қайта ярата олади.
Экспериментал усул биологияга У.Гарвей томонидан қон айланишни тажрибада ўрганганидан кейин кириб келди. Аммо экспериментал усулнинг биологияда кенг қўлланиши XIX асрда физиология орқали Г.Гельмголц, И.М.Сеченов, И.П.Павловнинг ишлари орқали кириб келди, чунки физиология барча фанлар ичида биринчи бўлиб экспериментал фан бўлди. Г.Мендел экспериментал усулдан ирсият ва ўзгарувчанликни ўрганишда фойдаланди. Бу усул ҳисобига биологияда Р.Кох ва Л.Пастерлар томонидан оламшумул янгиликлар қилиниб янги фан – микробиология пайдо бўлди.
ХХ асрнинг ўрталарига келиб экспериментал усул биологияда етакчи ўринни эгаллади, унинг етакчи ўринни эгаллишига биологик текширувларида янги замонавий илмий ускуналар(электрон микроскоп, томограф ва б.қ.) ва физика, кимё, биологянинг янги усулларининг қўлланиши сабаб бўлди. Бугунги кунда биологик тажрибаларда микроскопиянинг ҳар хил турлари, ультраюбқа кесмали электрон микроскопия, биокимёвий усуллар, тирик ҳужайра, тўқима ва органларни ўстириш ва кузатиш усуллари, нишонланган атомлар усули, рентгенструктуравий таҳлил, ультрацентрифугалаш, хроматогграфия ва бошқа усуллар кенг қўлланилмоқда. Экспериментал ёндошиш ва генетик таҳлилнинг такомиллашуви ҳисобига, физика ва кимё усулларини қўллаш билан ДНКнинг структураси ва генетик ўрини аниқланди.
Биологик кузатувларда экспериментнинг олий шакли бўлган – моделлаштириш кенг қўлланилмоқда. Шу йўналишда муҳим биологик жараёнлар, эволюциянинг асосий йўналишлари, экосистемаларнинг ҳатто бутун биосферанинг масалан: глобал иқлимий ва техноген ўзгаришларни компьютерли моделлаштириш бўйича фаол ишлар қилинмоқда. Экспериментал усул биологик билимларни инсон фаолиятининг барча йўналишларига қўллаш имкониятини берди.
Биологиянинг муҳим услубий принципи системали – структуравий ёндашишдир. Бу ёндашишнинг маъноси тирик системаларни ривожланиш даражаларига бўлиш, уларни ўрганиш(анализ), кейин олинган маълумотларни умулаштириш(синтез)дан иборатбир.
Do'stlaringiz bilan baham: |