Фаннинг предметини ташкил қилувчи энг асосий муаммо ва масалалар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
бозор муносабатларида корхонанинг роли, ўрни ва хатти-ҳаракатлари ҳамда давлат идоралари билан ўзаро алоқалари;
корхонанинг ташкилий структураси ва бошқарув механизми;
ишлаб чиқаришни режалаштириш ва прогнозлаштириш;
корхонанинг инновацион ва инвестицион фаолияти;
ресурс корхонанинг салоҳияти ва ресурслардан фойдаланиш;
ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини баҳолаш ва таҳлил қилиш;
корхонанинг тижорат сирлари ва иқтисодий хавфсизлиги.
Юқоридаги ва бошқа саволлар ўзгарувчанлик динамика асосида ўрганилиб, замонавий корхоналарни бошқаришнинг турли шакл ва усуллари вужудга келиши ва йўқолиб кетишининг тарихий сабаблари аниқланади. Бундай муайян тарихий ёндашув ушбу фанни ўрганишнинг муҳим методологик ҳолатларидан бири ҳисобланади.
Ҳар қандай илмий фан ўрганадиган предметидан келиб чиқиб ўз усулларини (методларини) яратган. Метод грек тилидан «methodos» сўзидан олиниб, «бирон нарсага йўл топиш» деган маънони билдиради. Ўзбек тилида метод сўзи усул маъносига тўғри келади9.
Фан усули (методи) деганда табиат ва жамиятда содир бўлаётган ҳодисалар ва жараёнларни билиш, ўрганиш ва тадқиқ қилиш учун фанда қўлланиладиган математик ва статистик услублар мажмуасига тушинилади.
Усул – бизнинг фикримизча, жамият сирларини объектив фикрлаш, назарий мушохада қилиш ва амалиётга жорий этиш воситалари сифатида қаралиши мумкин.
Усул, фалсафий маънода қаралса илмий фан ўрганадиган предметни инсон фикрида нусхаланиши ёки шаклланишини билдириб, уларни ўрганиш қуроли сифатида қаралади.
Онгли равишда, илмий асосланган фан усулларини қўллаш, ҳар бир фан учун янгиликлар яратиш учун асос бўлиб ҳисобланади.
Қадимги ислом дунёсида олимлар табиат ва жамиятни ривожланишини, тафаккурни такомиллаштиришни ўрганишда «Ривожланиш-шаклланиш» назарясини ишлатишган. Ушбу назария асосида фикр юритишни «Аллоҳ-инсон-модда-вақт-иқтисодий равнақ» усули ишлатилган. Шу билан бирга, билиш жараёнининг ривожланиши асосида илмий фикр юритишнинг умумий усуллари ҳам яратилган. Улар қаторига деалектика, индукция, дедукция, анализ ва синтез кабилар киради.
Барча иқтисодий фанларнинг усулларини фалсафий асоси ва умумий билиш қуроли сифатида диалектика усули ишлатилади. Шу билан бирга билиш жараёнининг ривожланиши асосида илмий фикр юритишнинг умумий усуллари ҳам топилган. Улар қаторига индукция, дедукция, анализ ва синтез кабилар киради.
Келтирилган усулларни қисқача мазмунини ёритиб ўтамиз.
Боболаримиз ишлатган «Ривожланиш - шаклланиш» назарияси, Аллоҳнинг яратувчанлиги, унинг бирламчилигини асослаб, кейин инсон – модда – вақт – иқтисодий равнаққа қараб ривожланишни амалга оширишни асослайдиган фикр юритиш усулидир.
Аслида, тарихда диалектика диалог ва тортишув маҳорати, яъни савол-жавоб орқали тортишув ўтказиш қобилияти ҳамда нарсалар, тушунчаларни шакллар ва турларга таснифлаш маҳорати деб тушунилган.
Диалектика грекча «dialektike» сўзидан келиб чиқиб табиат, жамият ва тафаккурнинг умумий қонунларини ўрганиш усули сифатида вужудга келган.
Қадимий фалсафа табиатда ва жамиятда бутун борлиқ ўзгарувчанлигини асослаган ва ҳодисалар, жараёнларни бир ҳолатдан иккинчи қарама-қарши ҳолатга ўтишини исботлаган. Аристотель диалектикани эҳтимол фикрларини исботлаш тўғрисидаги фан деб қараган.
Бутун борлиқ, мавжудотни ҳар бири ҳам бор ҳам йўқ; ўз ўзига тенг ва тенг эмас; ўзига ўхшайди ва ўзидан қарама-қарши ҳолатга ўтади. Шунинг учун ҳам борлиқ тўла қарама-қаршиликдан иборат, ягона ва кўп, мангу ва ўтувчан; ўзгармас ва ўзгарувчан; тинч ҳолатда ва ҳаракатда. Бундай жараёнларни ўрганиш усули сифатида диалектика вужудга келган.
Шундай қилиб, фалсафанинг табиат, жамият ва тафаккурни ўрганиш усулига диалектика деб тушунилади.
Иқтисодий реаллик ҳам бутун жамиятдаги борлиқни бир қисмидир. Шунинг учун иқтисодий реалликда содир бўлаётган ҳодисалар ва жараёнларни ўрганишда барча иқтисодий фанлар, шу жумладан корхона иқтисодиёти диалектика усулидан кенг фойдаланади.
Индукция лотинча «inductio» сўзидан олинган бўлиб хабар олиш мазмунини билдиради. У фикр юритишнинг бир типи ва тадқиқ қилиш усулидир. Умуман индукция тадқиқот қилишда, хулосаларни асослашда хусусийликдан айрим воқеликдан умумийликка ўтиш усулидир. Иқтисодий жараёнларни таҳлил қилишда умумий назарий билимга эга бўлиш учун унинг алоҳида томонлари, эмприк асослари ўрганилиб хулоса қилинади.
Дедукция лотинча «deductio» сўзидан олиниб сўзма-сўз «чиқариш» маъносини билдиради. Дедукция ҳам индукция каби фикр юритишни бир типи ва тадқиқ қилиш усули бўлиб, индукция усулини тескарисини ишлатади. Дедукция усули ишлатилганда умумийликдан хусусийликка қараб фикр юритилади ва тадқиқот олиб борилади.
Индукция ва дедукция логик фикр юритишга асосланган. Иқтисодий тадқиқотлар ўтказишида айрим белгиларни таҳлил қилиб унинг асосида умумий жараёнга баҳо бериш ёки унинг тескари ҳоллари юз беришга кўп тўқнашамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |