1.4.” Корхона иқтисодиёти” фанининг объекти, предмети ва ўрганиш услублари
Объект лотинча «objectum» cўзидан олинган бўлиб ўзбекча нарса, буюм мазмунини билдиради. Фалсафада эса объект сўзи биздан ташқарида ва бизнинг онгимизга боғлиқ бўлмаган ҳолда мавжуд бўлган борлиқ, воқелик, моддий дунё, мавжудот мазмунида ҳамда киши фаолияти, диққат-эътибори қаратилган ҳодиса, предмет ёки шахс маъносида ҳам ишлатилади7.
Оддий ҳаётда объект корхона, ташкилот, муассаса ёки бирон бир фаолият ўтказиладиган жой маъносида тушунилади.
Ҳар қандай фаннинг ўрганадиган, унинг мақсади қаратилган объекти мавжуд.
Корхона иқтисодиёти фанининг объекти иқтисодчи олимлар томонидан ҳар хил таърифланади ва улар бир-биридан мазмунан фарқ қилади. В.Я.Хрипач, Г.З.Суша, Г.К.Оноприенко ва бошқалар корхона иқтисодиёти фанини объектини «корхона»1 деб ҳисоблайди. К.А.Раицкий корхона иқтисодиёти фанининг объектига қуйидагича тариф беради: «алоҳида хўжалик субъектларида рўй бераётган барча жараёнлар ва улардан келиб чиқадиганлар»2.
Немис олимлари Ф.К.Беа, Э.Дихтла, М.Швайтцералар3 маданият корхона иқтисодиётининг объекти деб ҳисоблайдилар. Уларнинг фикрича доимий ўзгариб турувчи иқтисодий реаллик ҳақиқатда олганда бошқа ҳодисалар (диний, ҳуқуқий, бадиий, техникавий, тиббий характердаги) билан тиғиз боғлиқ бўлиб, улар мажмуаси (йиғиндиси) корхона иқтисодини тажрибавий асосини ташкил қилади. Бу асосини улар миллий маданият деб ҳисоблаш мумкин дейдилар. Немис олимларининг фикрича иқтисодий муаммолар ва иқтисодий хатти-ҳаракатлар маданият соҳаси билан тўла интеграциялашади. «Саноат, корхонаси, ҳунармандлик корхонаси, савдо корхонаси, банк, суғурта ташкилоти, давлат органи, театр, олий мактаб, музей ёки мачитми фарқи йўқ. Буларнинг ҳаммаси корхона иқтисодининг объекти бўлиб ҳисобланади ва улар билан боғлиқ бўлган иқтисодий масалалар тадқиқот предмети бўлиши мумкин» деб таъкидлайдилар.
Профессор Э.Х.Махмудовнинг таъкидлашича «Корхона иқтисодиёти» худди бошқа фанлар каби биринчи ўринда ўрганиш функциясини бажаради. Унинг маҳсулот ишлаб чиқариш моддий-техника ресурсларини сарф қилишни талаб қилиши билан, ходимлар меҳнати уларга ҳақ тўлаш ва рағбатлантиришнинг бошқа шакллари билан, даромад ҳажми эса харажатлар миқдори ва баҳони шакллантириш билан боғлиқ бўлган қўшма корхоналарда содир этилувчи ҳодиса ва жараёнларни ўрганиши ва изоҳлаши мўлжалланган. Бунда гап қандайдир омилларни оддий тарзда констатация қилиш ҳақидагина эмас, балки корхоналар иқтисодий ҳаётининг моҳиятини англаш, уларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш йўлларини танлаш, баҳолаш ва таҳлил қилиш, энг муҳим иқтисодий жараёнларни прогнозлаштириш ва моделлаштириш ҳақида ҳам боради8.
Мазкур фаннинг тадқиқотлари объекти турли мулк шаклидаги микрофирма, кичик ва йирик корхоналар ҳисобланади. Ҳозирги кунда иқтисодий фаолиятнинг, моддий ишлаб чиқаришнинг жорий ва истиқболли ривожланиш стратегияси ҳамда мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашнинг асосий оғирлиги айнан корхоналар “елкаси” га юклатилмоқда.
Корхона иқтисодиётнинг бир бўғини бўлиб, унда энг малакали кадрлар мужассамланган ҳамда самарали бошқарув - менеджмент қўлланиб, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш масалалари ҳал қилинади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифат кўрсаткичларини сақлаган ҳолда харажатларни минималлаштириш ва даромад(фойда)ни максималлаштириш деярли ҳар бир корхонанинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Фаннинг предмети бозор муносабатлари шароитларида корхоналар фаолиятининг назарий ва амалий асосларини, корхоналар фаолиятида иқтисодий қонуниятларнинг намоён бўлишини, шунингдек, уларнинг ишлаб чиқариш ва хўжалик фаолияти самарадорлигини реурслардан оқилона фойдаланиш, рационал бошқарув, инвестицион ва тадбиркорлик фаоллиги асосида ошириш йўлларини аниқлаш билан ифодаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |