Ўзбекистон Республикасининг миллий иқтисодиёти ижтимоий меҳнат тақсимоти натижасида юзага келган ҳамда умумиқтисодий қонун ва қонуниятлар асосида ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда иқтисодиётимиз бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўлидан бормоқда. Президентимизнинг бешта тамойили асос қилиб олинган бу модел ҳозирда жаҳон мамлакатлари томонидан ҳам тан олинди.
Ўзбекистон Республикаси миллий иқтисодиётининг муҳим субъекти корхона - иқтисодиётнинг бирламчи бўғини бўлиб, инсон ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган моддий бойликларни ишлаб чиқаришда бевосита қатнашади.
Ҳар бир корхона ишлаб чиқариш омилларидан фойдаланиш, уларни истеъмол учун тайёр маҳсулот (иш, хизмат) ҳолига келтириш йўли билан мамлакат иқтисодиётига ўз ҳиссасини қўшади.
Бозор иқтисодиётининг ривожланиш шароитларида мулкдорлар синфининг вужудга келиши ва корхоналарнинг янги ташкилий-ҳуқуқий шаклларини ташкил қилиш имконини берувчи ҳуқуқий ҳужжатлар яратилди.
Корхоналарнинг ҳар бири бошқасидан ўзига хос хусусиятларига кўра фарқланади. Шу сабабли ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш, режалаштириш, бошқариш ҳамда ишлаб чиқариш тузилмасини яратиш учун корхоналар таснифини билиш зарур.
Исталган бир саноат корхонаси кўплаб бўғинлардан иборат бўлиб, уларнинг таркиби ва тузилиши ҳамда ўзаро муносабатларини тузилма сифатида кўриб чиқиш мумкин. Корхоналар тузилмасини ўрганиш уларнинг саноат мажмуасида тутган ўрни, роли ва аҳамиятини аниқлаш имконини беради.
Ўз навбатида ишлаб чиқариш тузилмасини лойиҳалаштиришда унинг шакланишига таъсир кўрсатувчи омилларни инобатга олиш муҳимдир. Корхона тузилмасини белгилаб берувчи омиллар таҳлили уларни мукаммаллаштириш бўйича муайян чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини яратади.
Таянч иборалар
Корхонанинг белгилари, низом жамғармаси, низом, корхона, маъмурий-буйруқбозлик тизими, тузилмавий бўлинмалар, ишлаб-чиқариш ва техника муносабатларида корхона, ижтимоий муносабатларда корхона, ташкилий-ҳуқуқий муносабатлар ва молиявий-иқтисодий муносабатларда корхона, корхонанинг ўзига хос бўлган хусусиятлари, корхоналар фаолиятининг асосий йўналишлари, корхоналар фаолияти вазифалари, корхоналар функциялари, микрофирмалар, кичик корхона, ихтисослашув даражаси, ишлаб чиқариш жараёнини ташкил этиш усуллари, хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан чиқариш, коммандит ўртоқлиги, масъулияти чекланган жамият, концерн, консорциум, хўжалик ассоциацияси, корпорациялар, синдикат, трестлар, холдинглар, тузилма.
Do'stlaringiz bilan baham: |