Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона. Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона мулкдорнинг ёки у вакил қилган органнинг қарорига мувофиқ ташкил этилади.
Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган корхонанинг таъсис ҳужжати унинг белгиланган тартибда тасдиқланган уставидан иборатдир.
Хўжалик юритиш ҳуқуқига асосланган унитар корхона ўз мол-мулкининг бир қисмини хўжалик юритиш учун белгиланган тартибда топшириш йўли билан юридик шахс бўлган бошқа унитар корхона (шўъба корхона) ташкил этиши мумкин. Муассис шўъба корхонанинг уставини тасдиқлайди ва унинг раҳбарини тайинлайди.
Оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, давлат органининг қарорига мувофиқ давлат мулки бўлган мол-мулк негизида оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат унитар корхонаси (давлат корхонаси) ташкил этилиши мумкин.
Давлат корхонасининг таъсис ҳужжати унинг уставидир. Оператив бошқарув ҳуқуқига асосланган давлат корхонасининг фирма номи унинг давлат корхонаси эканлигини кўрсатиши керак. Давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганида давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади. Давлат корхонаси уни тузган давлат органининг қарорига мувофиқ қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши мумкин.
Ҳар бир корхона бошқа корхоналардан аввало ишлаб чиқараётган маҳсулоти, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг тавсифи ва миқёси, жойлашиши, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари билан алоқалари ва бошқа кўрсаткичлари билан фарқ қилади. Бироқ буларнинг барчаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш, режалаштириш ва бошқариш масалаларини ҳар бир корхона учун индивидуал тарзда алоҳида ишлаб чиқиш керак, дегани эмас, албатта. Алоҳида корхоналар гуруҳига нисбатан қўллаш мумкин бўлган умумий қарорларни тайёрлаш мумкинлиги назарий ва амалий жиҳатдан исботлаб берилган.
Бу билан корхоналарнинг ишлаб чиқариш, меҳнат ва бошқарувни ташкиллаштириш масалаларини бир хил типда ҳал қилиш мумкин бўлган гуруҳларини аниқлаш мақсадида уларни таснифлашнинг мақбуллигини изоҳлаш мумкин.
Корхоналарнинг энг муҳим хусусиятлари уларнинг қайси тармоққа қарашлилиги; ҳажми; ишлаб чиқаришнинг турли жабҳаларини қамраб олганлиги; ихтисослаштириш даражаси ва бир типдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш миқёси;ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш усули ҳамда уни механизациялаш ва автоматлаштириш; ташкилий-ҳуқуқий шаклларини прогнозлаштиришга боғлиқ бўлади.