Веноз тўлақонлик кўпроқ умумий, тарқоқ ҳолда учрайди. Умумий веноз тўлақонликнинг сабаблари юрак касалликларидир. Юрак касалликлари: юракнинг ишемик касаллиги, ревмокардит, ревматик пороклар, гипертония касаллиги пайтида юракнинг гипертрофияси, кардиомиопатиялар ва ўпка юраги (ўпканинг сурункали касалликларида ўпка тўқимаси орқали томирлар ҳажми торайиши, чандиқланиш натижасида қон оқиб ўта олмасдан, босим ўнг қоринчага тушади. Қоринча юпқалашиб, чўзилади), юракнинг чап қоринча етишмовчилиги-қон чап бўлмача ва ўпкада димланади. Томирлари кенгайиб, деворининг ўтказувчанлиги ошади. Агар чап қоринча ўткир етишмаслиги ривожланган бўлса, қон таркибидаги плазма суюқлиги альвеолалар бўшлиғига қуйилади. Нафас йўллари орқали оғиз бурундан қонли кўпик келади. Бу ҳолатни “ўпка шиши” дейилади. Агар чап қоринча сурункали етишмовчиликка учраса ўпка томирлари кенгайиб, уларнинг деворлари орқали диапедез йўли билан еритроцитлар чиқади. Тўқимадаги еритроцитлар яшай олмайди. Ўпка тўқимасига чиққан еритроцитлар парчаланиб, уларнинг парчаларини макрофаглар фагоцитозлаб, цитоплазмасида гемосидерин пигментига айлантиради ва сидерофаглар пайдо бўлади. Ўпканинг бу ҳолати “ўпка гемосидерози” дейилади. Бу ҳолат узоқ давом етса ўпка тўқимасига бириктирувчи тўқима ўсиб, склерозланади, қаттиқлашади. Бу ҳолат ўпканинг қўнғир индурацияси дейилади. Сидерофаглар альвеолалар бўшлиғига тушиши мумкин, бунда балғам билан ташқарига чиқади. Бу ҳолатни “юрак пороги ҳужайралари” дейилади.
Юрак ўнг қоринчасининг етишмовчилиги сурункали юрак ишемик касаллигида, кардиомиопатияда, юракни ёғ босганда ҳамда cor pulmonare да кузатилади. Бунда вена қони пастки ва юқориги ковак веналар ва барча орган тўқималарда тўпланиб, вена томирлар деворининг ўтказувчанлиги ошади, тўқимадан плазма суюқлиги чиқади (шиш), плазма оқсиллари қуйилади (плазморрагия), еритродиапедез рўй беради (геморрагия), тўқималар совийди, тургори (эластиклиги) йўқолади, кўкаради (цианоз). Агар бу ўзгаришлар терида ривожланса, анасарка дейилади. Агар сероз бўшлиқларда транссудат тўпланса, водянка дейилади, агар бу ўзгаришлар жигарда ривожланса, мускат жигари дейилади, бунда жигар бўлакчаларининг марказий венаси ва синусоидлари кенгайиб, қон билан тўлади, улар атрофидаги жигар паренхимасида диапедез йўли билан қон қуйилади, бўлакчаларнинг перифериясида эса кислород етишмаслигидан, гипоксия оқибатида жигар ҳужайралари цитоплазмасида паренхиматоз ёғли дистрофия ривожланади. Натижада макроскопик жиҳатдан жигар бўлакчаларининг маркази тўқ қизил рангли, жигар периферияси еса сариқ ранг бўлиб кўринади. Бундай ола-була ранг мускат ёнғоғининг рангига ўхшайди. Агар мускат жигари узоқ вақт давом этса, мускат циррози дейилади.
ЦИРРОЗ = СКЛЕРОЗ + ҚАЙТА ТУЗИЛИШ
Буйраклар ва талоқда вена қонининг димланиши натижасида тўқимаси шишади, кўкаради, ташқи пардаси таранглашиб, орган қаттиқлашади. Бу ҳолат буйрак, талоқнинг цианотик индурацияси дейилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |