8–мавзу: Ўйин психотерапевтик восита сифатида (4с).
Ўйинлар жараёнида бола психик тараққиёт диагностикаси. Ўйин психотерапия воситаси эканлиги. В.Мухина тадқиқотлари ва унинг аҳамияти. Эртактерапия ва ундан фойдаланиш. А.Спиваковская: ўйин бу жиддий. Ўйин муолажа, ўйин-машғулот.
9–мавзу: Амалий психологияда ўйиндан фойдаланиш (4с).
Амалий психология ва фаолият маҳсуллари таҳлили. Психоконсультация ва психокоррекцияда ўйинлардан фойдаланиш. Психологик ўйинлар ва улардан фойдаланиш. Ролли ўйинлар ва тренинглар аҳамияти.
9.1. Амалий психология ва фаолият маҳсуллари таҳлили. Психоконсультация ва психокоррекцияда ўйинлардан фойдаланиш.
10–МАВЗУ: ЎЙИННИНГ ЭТНОПСИХОЛОГИК МАЗМУНИ
Режа:
10.1.Ўйин ижтимоий тажрибалар ва ижтимоий ҳаёт мазмуни.
10.2. Болалар миллий ўйинларининг ривожлантирувчи вазифаларини таҳлилий ўрганиш.
10.3. Миллий ўйинлар бола шахси шаклланиши ижтимоий тажрибаларни эгаллаш воситаси эканлиги.
Таянч сўз ва иборалар: ижтимоий тажриба, ижтимоий ҳаёт, миллий ўйинлар, этнопсихологик хусусиятлар, ривожлантирувчи вазифалар, психологик таҳлил
10.1.Ўйин ижтимоий тажрибалар ва ижтимоий ҳаёт мазмуни.
Ўйиннинг моҳияти шундан иборатки, унда натижа эмас, балки жараённинг ўзи, ўйин ҳаракатлари билан боғлиқ кечинмалар жараёнининг ўзи муҳимдир. Бола ўйнайдиган вазиятлар тасаввур этилган бўлса ҳам, улар бошидан кечирадиган туйғулар реалдир.
Ўйиннинг бу ўзига хос хусусияти ўзида катта тарбиявий имкониятларни мужассамлаштирган, чунки ўйин мазмунини бошқариб, ўйин сюжетига муайян ролларни киритиб, педагог шу тариқа ўйнаётган болаларнинг муайян ижобий туйғуларини программалаштириши мумкин. Биринчидан, одам учун ижобий туйғуларни бошидан кечириш тажрибасининг ўзи муҳимдир, иккинчидан, кечинмалар орқалигина фаолиятга ижобий муносабатни тарбиялаш мумкин. Ўйин ноўйин фаолиятига муносабатни шакллантиришнинг бой имкониятларига эга.
С. Л. Рубинштейннинг таъкидлашича, бола у ёки бу ролни ўйнар экан, у шунчаки сохталик билан бегона шахсга кўчмайди; ролга кирар экан, у ўз шахсини кенгайтиради, бойитади, чуқурлаштиради.
Жумладан, миллий ўйинлар мазмуни шу миллатнинг кундалик турмуш тарзи, авлоддан-авлодга Ўтиб келаётган анъаналар, урф-одатлар ҳамда қадриятларнинг акси сифатида дунёга келган. Миллий ўйинларнинг мазмунида миллат руҳияти билан суғорилган, миллатнинг ўзигагина хос ва мос бЎлган жиҳатлари, миллат маданияти ва санъати намоён бўлиб, бола шу миллат вакили сифатида атрофидаги катталар ҳаётини ўз ўйинларига кўчирадилар. Миллий ўйинлар жуда бой психологияга эгалиги болада миллий онг ва миллий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади. Бола ўйин жараёнида аввало миллатга хос бўлган тушунча ва билимларга эга бўлиб, турли-туман халқ ўйинларини ўйнаётиб ҳаёт учун зарур бўладиган билимлар, малакалар ва кўникмаларни ўзлаштириб боради. Айниқса, инсон психик тараққиёти ривожида муҳим ўрин тутадиган сезги, нутқ, тафаккур, хотира, диққат, ҳаёл, идрок каби билиш жараёнлари ривожланишида миллий ўйинларнинг аҳамияти беқиёсдир
Бошқа халқлардан, миллатлардан ўзбек миллий ўйинларнинг ва ўйин фаолиятини уюштиришнинг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилардан иборат:
Ўйинда ёки ўйин фаолиятида ўзбек халқининг(ҳудудий хусусиятидан қатъи назар) яшаш тарзи, интилиши, хоҳиши, истаги, эзгу нияти, унинг мавсумийлиги, касб-корга тааллуқли жиҳатлари, ҳолатлари акс эттирилган бўлади. Эмоция, ҳиссиёт, характер, миллий қиёфа, таъб, билиш жараёнлари, хулқ-атвор, уларни намоён бўлиш тезлиги (суръати), давомийлиги, кечиши миллий хусусиятга эгадир. Нафақат миллий ўйинлар, балки халқнинг (миллатнинг, элатнинг) рақслари; уларнинг сюжети, тезлиги, осойишталиги; унинг қўшиқлари частотаси, тембри, амплитудаси, бадиий ижодиёти хусусиятлари умумий миллий калорити билан уйғунлашгандир.
Миллий ҳаракатли ва спорт ўйинларининг моҳияти, мазмуни, маъно ифодалаши, манбаи, негизи, уларнинг инъикоси, уларда акс эттирилувчи кечинмалари, сюжетда ўз аксини топган шахслараро муносабат, муомала, характериологик ва шахс хусусиятларидан келиб чиқади.
Ижтимоий ва ижтимоий-психологик омил(сабаб, фактор)лардан ташқари миллий ўйин фаолияти табиий, географик қонуниятларга (иқлим, ёғингарчилик, жойлашиш сатҳи, қулай ва ноқулайлиги, шамол, офатлар эҳтимоллиги), хоссалари, уларга нисбатан хайрихоҳлик, қатъий ёки беаёв кураш ёки сажда, ёлвориш, илтижо қилиш миллий идрок, тасаввур, иродавий кучга асосланади.
Ижтимоий тажриба ва уни эгаллаш, шаклланган этник стереотипларга асосланиш натижасидан келиб чиқувчи миллийлик, умумийлик, хусусийлик, алоҳидалик, яккаҳоллик, гуруҳийлик, жамоавийлик, табиатга ва жамиятга муносабатни акс эттириш тарзида ўйин вужудга келиши мумкин.
Табиат мўъжизалари, илоҳий кучларга эътиқод, ақл-заковатдан ҳайратланишни ифодаловчи сюжет ва мазмундан иборат бўлган миллий ўйинлар.
Касбни тасвирловчи, унга барол тиловчи, уни такомиллаштиришга олиб борувчи имконият, интилишни ҳаракат ва ҳис-туйғу ёрдамида намоён этувчи, қадрият, маънавият, руҳиятга асосланувчи миллий ўйинлар.
Миллатлараро таъсир натижасида яралувчи, лекин миллийликнинг у ёки бу қирраларини сақлаб қолувчи байналмилал хусусиятли ўйинлар.
Ижтимоий гармония таъсири, ижтимоий онг ривожи, маданият, фан ва техника маҳсуласи сифатида туғилувчи янги тоифага хос миллий ўйинлар.
Миллий ўйинлар ҳудудий кўринишлари, такомиллашиш имконияти, ёш даврлари хусусияти, жинсий тафовути, мавсумийлиги, мавсумбоплиги, расм-русумга йўналтирилганлиги билан ажралиб туради.
Миллий ўйинлар муайян сюжет, мазмун, қоида, муддатга асосланади. Улар унутилиш, янгиланиш, такомиллашиш хусусиятига эга бўлиб, кўникма, малака ва одатларни машқлантиришни тақозо қилади. Бу нарса ижтимоий тажрибани авлодлар томонидан ўзлаштириш тариқасида юзага келиб туради. Оқибат натижада мангулик хусусиятни касб этади, шахсни у ёки бу йўсинда камол топишига ўз таъсирини ўтказувчи ўйинлар туғилади.
Жаҳон психологияси фанида ўйинлар юзасидан мулоҳаза юритилганда аксарият ҳолларда уларни оилавий турмушга, деҳқончиликка, қурилишга, саноат соҳасига, сиёсатга, ҳарбийга, касбга тааллуқли эканлигига қараб гуруҳларга ажратилади. Энг қадимий миллий ўйинлар қаторига ҳаракатли ва спорт ўйинлари киритилади ҳамда халқнинг кенг тарқалган, севимли ўйинлари бўлиб ҳисобланади. Улар ўзининг сюжети, мазмуни, роли билан бир-бирларидан кескин тафовутланиб туради. Баъзи ҳолларда ҳаракатли ўйинлар бир даврнинг ўзида ҳам спорт ўйинлари бўлиб ҳисобланади. Ёинки спорт ўйинлари ҳаракатли ўйинлар қаторига киритилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |