Назарий маълумот: 3. Интернетда чат тизими. Чат тушунчаси. Чат деганда реал вақт тизимида Интернет тармоғи орқали хабарларни тезкор алмашиш воситалари ва ушбу мулоқотни таъминлаб берувчи дастурий таъминот тушунилади. Форумларга нисбатан чат тизимида мулоқот қилиш ва хабарлар алмашиш реал вақт тизимида содир бўлади.
Чат - бу бир вақтнинг ўзида бир неча фойдаланувчининг Интернет орқали мулоқотидир. Бунда фойдаланувчилар одатда матн ёзишиш орқали янгиликлар билан алмашишади, ёки бирор мавзуни муҳокама қилишади, ёки гаплашишади. Чат тизимида барча фойдаланувчилар ўзаро ёзув кўринишидаги хабарларни алмашиш орқали мулоқот қилади.
IRC: Internet Relay Chat – Интернетда узатиладиган суҳбат фойдаланувчиларнинг клавиатура ёрдамида суҳбат қуришлари имкониятидир. Клавиатурада терилган барча сўзлар Интернет орқали бошқа компьютерларга узатилади ва уни бу компьютерларда ўқиш мумкин. Жараён реал вақт тизимида рўй беради ва сўзлар худди шу компьютерда терилгандек туюлади.
IRC клиент-сервер модели асосида ишлайди. Шу сабабли, ундан фойдаланиш учун компьютерга унинг клиент дастурий таъминотини ўрнатиш керак бўлади. Бундай дастурларнинг турли компьютерларга мўлжалланган бир қатор турлари мавжуд.
Суҳбат қуриш керак бўлганда аввал интернетга кириш керак бўлади. Сўнгра чатнинг клиент дастури ишга туширилади. Кейин интернетда жойлашган IRC серверига кирилади. Интернетда IRC серверлар жуда кўп. Улар бир-бири билан тармоқ орқали боғланган бўлади. Уларнинг ҳар бири бошқаси билан бевосита боғланган бўлмайди. Уларнинг боғланиши тақсимланган ва дарахтсимон кўринишда бўлади. Бунда дарахт кўриниши чат тармоқлари бошқа шу кўринишдаги тармоқларнинг бир нечтасига уланади.
Серверга улангач, ундаги суҳбатлардан бирини танлаш ва суҳбатга қўшилганда мурожаат қилиш учун ном ёки тахаллус киритилади. Серверда турли мавзуларга бағишланган кўплаб суҳбатлар бўлиши мумкин.
Суҳбатга қўшилгач, бўлиб ўтаётган мунозарани кўриш мумкин. Унда қатнашиш учун клавиатурада хабарни териш керак.
Сизнинг хабарингиз суҳбатнинг клиент дастури томонидан сиз уланган серверга жўнатилади.
Бу хабар сиз уланган сервердан суҳбатда қатнашаётган бошқа одамлар уланган серверларга жўнатилади.
Серверлар бу хабарни шу суҳбатда қатнашаётган одамларнинг компьютерларига узатади ва бу компьютерлардаги клиент дастурлари уларни экранга чиқаради. Натижада бу хабарни ўқиш мумкин бўлади.